Тошкент вилояти Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси: вилоятда кўп қаватли уй хонадонлар орасида углерод оксиди (ис гази) билан заҳарланиш ҳолатларини олдини олиш бўйича тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда (Фото)
Бош саҳифа | Русский язык
Қиш мавсумида кўп квартирали уйларни иссиқлик билан таъминлашда айрим муаммолар сақланиб қолаётганлиги аҳоли орасида оғир оқибатли ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг ортишига сабаб бўлмоқда.
Тошкент вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси қиш мавсумида аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ҳамда ҳаво-газ аралашмаси чақнаши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда кўп қаватли уй мулкдорларнинг бу борадаги саводхонлигини ошириш мақсадида, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва Фавқулодда вазиятлар бошқармаси билан биргаликда тегишли тартибда ишлаб чиқилган иш-режасига мувофиқ тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда.
Мутахассислар фикрича, кўп ҳолларда иситиш мавсумида шамоллатиш каналларининг ҳаво тортиш қобилияти йўқолганлиги сабабли, хонада ҳаво алмашинуви меъёр даражасида бўлмаслиги ис газидан заҳарланишга олиб келади.
Ис гази (углерод оксиди) – рангсиз, таъмсиз, ҳидсиз заҳарли газ.
Кимёвий формуласи – CO2. У ер юзида энергиянинг жадал ишлатилишидан юзага келувчи, табиатда энг кўп тарқалган заҳарловчи газлардан биридир.
Қазиб олинадиган ёқилғиларнинг тўлиқ ёнмаслиги ис газининг бош манбаи ҳисобланади. У асосан кўмир, табиий газ ва бошқа ёқилғиларнинг тўлиқ ёнмаслиги сабаб юзага келади. Нафас олинувчи ҳаво таркибида 0,1 фоиз ис газининг бўлиши ўлим ҳолатига олиб келиши мумкин!
Ис гази организмга тушганда у қон таркибидаги гемоглабин ва кислород ташувчи эритроцитларни ўзаро боғлаб, кислороднинг тана бўйлаб ҳаракатланишини чеклайди. Натижада инсон ҳушини йўқотади.
Кўп ҳолларда ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ биргина ҳодисанинг ўзида бир нечта киши, ҳатто, оиланинг барча аъзолари ҳалок бўлиши кузатилмоқда.
Ушбу қуйидаги омиллар сабаб бўлади:
– бошқариш ташкилотлар томонидан газ узатиш вақтинча тўхтатилиши ҳақида уй мулкдорни ўз вақтида хабардор қилмаслиги, мутасадди ташкилотлар узатилаётган газ босимининг бир меъёрда сақланиши таъминланманганлиги;
– мавжуд иситиш печларининг қўлбола усулда тайёрланганлиги ва техник носозлиги, уларнинг белгиланган нормаларга мувофиқ ўрнатилмаганлиги;
– газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари ҳамда газ баллонлари, кўмир ва ўтин чўғларини олиб кириб фойдаланиш;
– кўп қаватли уйлардаги ҳавони алмаштирувчи шахта ёки дудбуронларнинг турли сабаблар билан тўсиб қўйилиши, бу каби воситаларга ўз вақтида техник хизмат кўрсатилмаганлиги натижасида носоз ҳолатга келиб қолганлиги;
– энергия манбалари ёрдамида ишлайдиган иситиш воситаларидан фойдаланиш бўйича етарлича маълумотга эга эмаслиги.
Жойларда ис газидан заҳарланиш ҳолатларини кескин камайтириш ҳамда шу масалага оид Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2023 йил 19 январдаги топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида:
– кўп хонадонли уй-жойлар мавжуд маҳаллаларда, истеъмолчиларнинг газ ускуналарига мажбурий техник ва профилактик хизмат кўрсатувчи “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг туман (шаҳар)лардаги филиаллари ходимлари билан биргаликда бириктирилган ҳудудида жойлашган кўп хонадонли уй-жойлар хонадонларини ўрганиш жараёнида уй эгалари билан ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш борасидаги огоҳлантирув ва тушунтириш ишларини янада жадаллаштириб “Эслатма. Ис газидан эҳтиёт бўлинг!” мавзусидаги тарқатма материалларни аҳолига тарқатиш;
– хонадонларни ўрганиш жараёнида иситиш печлари ва дудбуронларда аниқланган носозликлар юзасидан туман (шаҳар)ларда ташкил этилган таъмирлаш-тиклаш гуруҳларига хабар бериш;
– бошқарув ташкилотлар вакиллари кўп қаватли уй мулкдорларининг ис газидан заҳарланишига олиб келаётган омилларни ўрганиш ва мазкур муаммони ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, бунда уйларда печ қуриш, печ, дудбурон ва вентиляция каналларига техник хизмат кўрсатиш самарали ташкил этишга эътибор қаратиш;
– газ таъминотидаги узилишлар ҳақида аҳолини аввалдан огоҳлантириш механизмини ишлаб чиқиш, шунингдек, ис газидан заҳарланиш ва унинг оқибатлари, дудбуронлар ва вентиляция каналларини ўз вақтида тозалатиш масалалари бўйича ишларини кучайтириш;
– кўп қаватли уйларга газ қурилмалар лойиҳага мувофиқ ўрнатилганлиги, унинг фойдаланиш қоидаларига риоя этилиш ҳолатлари бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Тошкент вилояти Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси матбуот хизмати