Оҳангарон тумани Нуробод қўрғонидаги 25 та кўп квартирали уйлар “Ишчи гуруҳ” томонидан ўрганилди
Бош саҳифа Русча
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июндаги ПҚ-5152-сонли қарори ҳамда Бошқарув сервис компанияси (БСК) томонидан амалга оширилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, Тошкент вилояти “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш” бошқармаси бошлиғи ўринбосари в.в.б. Мансур Ҳудайқулов бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” Оҳангарон тумани Нуробод қўрғонида бўлди.
Бошқарма бошлиғи ўринбосари в.в.б. Мансур Ҳудайқулов Оҳангарон тумани Нуробод қўрғонига ташриф буюриб, мутахассислар ва кўп “квартирали” уйларнинг мулкдорлари билан учрашиб, кўп қаватли уйларнинг техник ҳолатини ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ўрганди.
“Ишчи гуруҳ” ўрганиш жараёнида 10 та уйлар бошқарув ташкилотларига бириктириб берилмаганлиги натижасида кириш йўлакларига темир эшиклар ўрнатилмаганлиги, 2 та уйларнинг ертўла қисмлари мулкдорлар томонидан чиқиндиларга тўлганлиги аниқланди.
Бошқарма бошлиғи ўринбосари в.в.б. Мансур Ҳудайқулов томонидан Оҳангарон туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июндаги ПҚ–5152-сонли қарори 2-иловасига мувофиқ, Нуробод қўрғонидаги 4 та кўп квартирали уйларни мукаммал таъмирлаш, ушбу қарорнинг 6-бандига асосан 21 та кўп квартирали уйларнинг ертўла қисмини таъмирлаш режалаштирилган бўлишига қарамасдан, бугунги кунда ишлар тўлиқ якунланмаганлигини, бу эса, ўз навбатида кўп квартирали уйларда истиқомат қилувчи аҳолининг ўринли эътирозларига сабаб бўлаётганлигини таъкидлаб ўтди.
“Пудрат ташкилотлари томонидан дастур доирасида 18 та уйларнинг ертўлаларига ўрнатилтган элеватор узеллари кўздан кечирилганда зулфинлар (задвижка) ва фланца белгиланган тартибда ўрнатилмаганлиги, айрим зулфинлардан сув сирқиб чиқиш ҳолатлари кузатилганлиги, аксарият элеватор узеллар қўлбола усулда ясалиб ўрнатилганлиги, таъмирлаш ишлари якунланган 4 та уйларнинг том қисмлари ўрганилганда дудбуронлар чордоқ ичида қолдирилиб кетилганлиги, бу эса хавфсизлик қоидаларига зид келишлиги, ёғоч материаллари эса маҳаллий терак ёғочлардан фойдаланилганлиги, ушбу ҳолатлар лойиҳа-смета ҳужжатларига қанчалик мос келишлигини ўрганиш лозим”, – деди Бошқарма бошлиғи ўринбосари.
“Ишчи гуруҳ” ушбу ҳудудда фаолият олиб бораётган “Охангарон Сити Сервис” МЧЖ номли бошқарув сервис компаниясини ўрганди ва ўта қониқарсиз ташкил этилганлиги топди. Жумладан,
– кўп қаватли уйларнинг туташ худудлари ободонлаштирилмаганлиги;
– ертўлалар чиқиндиларга тўлиб ётганлиги;
– кўп қаватли уйларни ва хонадонларни “биллинг” электрон базага киритишда масъулиятсизлик билан ёндошилаётганлиги;
– мулкдорлардан мажбурий тўлов бадални ундириш ишлари амалга ошмаётганлиги;
– бир нафар ишчи ходим билан БСК фаолият кўрсатиб келаётганлиги таҳлил қилинди.
“Ишчи гуруҳ” томонидан Оҳангарон тумани “Нуробод” қўрғонидаги кўп қаватли уйларни бошқарув ташкилотига бириктириш ишларини жадаллаштириш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Тошкент вилояти “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш” бошқармаси матбуот хизмати