September 10, 2022

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазир ўринбосари Озода Жўраева бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” томонидан Тошкент тумани, “Дархон” МФЙда жойлашган 4 та кўп квартирали уйларнинг бошқарув усулини танлаш бўйича “Сайёр учрашув” ўтказди

Бош саҳифа | Главная страница

Бугун, Ўзбекистон Республикаси ЎРҚ-581 сон Қонунига асосан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазир ўринбосари Озода Жўраева ҳамда Тошкент вилояти Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Сардор Убайдуллаев бошчилигида “Ишчи гуруҳ” томонидан Тошкент вилояти, Тошкент тумани, “Дархон” МФЙда жойлашган 4 та кўп квартирали уйнинг мулкдорларига Бошқарув усулини танлаш бўйича “Сайёр учрашув” ўтказди.

“Дархон” МФЙда жойлашган 4 та кўп квартирали уйнинг мулкдорлари йўлланган мурожаатларида кўрсатиб ўтилган ҳар бир уйнинг коммуникация, том, ертўла, фасад қисмлари, ободонлаштириш каби муаммоларни “Ишчи гуруҳ” томонидан тавсия этилаётган “Обод Таъмир Хизмат” Бошқарув сервис компанияси бартараф этган.

Жумладан, 2021-2022 йил мобайнида 4 та кўп қаватли уйларнинг том қисми мукаммал таъмирланган.

Хусусан, маврелат, самарец, доска, стропила, конёк, тарнов, профнастил хомашёлар ишлатилган.

Тавсия этилаётган “Обод Таъмир Хизмат” Бошқарув сервис компанияси томонидан 1-, 2-, 3-, 4-сонли уйларнинг туташ ер участкалари ободонлаштирилиб, ертўла қисмидаги авария ҳолатига келиб қолган сув оқова тармоқларида диаметри Ø150 мм, узунлиги 5 метр, 1 та отвод, 2 та вентел, битта тройник диаметри Ø150 мм бўлган қувурининг қурилиш-монтаж ишлари олиб борилди.

“Ишчи гуруҳ” томонидан 4 та кўп квартирали уйнинг мулкдорлари билан “Сайёр учрашув” ўтказилди.

Учрашувда дастлаб Вазир ўринбосари Озода Жўраева уй мулкдорлари томонидан илгари йўлланган мурожаатдаги том қисми, ертўла, ободонлаштириш, суғориш тизимларидаги ҳамда Ширкат фаолияти муаммоларини бартараф этилиши бўйича тегишли масъул раҳбар-ходимларга топшириқ берилгани, унинг ижроси бўйича келиб ўрганилаётганлигини таъкидлаб ўтди.

“Сайёр учрашув” давомида 4 та кўп квартирали уйнинг мулкдорлари олдинги ширкатлар фаолиятидан тўлиқ норозилигини билдиришди.

Натижада, мулкдорлар томонидан кўп қаватли уйларнинг айрим тизимларини таъмирлаш учун тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда бартараф этилганлиги маълум бўлди.

– Эндиликда бундай муаммоларни бартараф этишни тизимли йўлга қўйиш мақсадида Бошқарув сервис компаниялар фаолиятини йўлга қўйиш таклиф этилди. Уларнинг асосий функционал фаолияти шундан иборатки, Сизлар томонидан санаб ўтилган сув қувурлари, ер тўла, электр тармоқлари, иссиқ ва совуқ сув тармоқлари, туташ ер участкаларини ободонлаштириш каби муаммоли тизимларни тартибга солиниб, доимо ислоҳ қилиниб, борилади.

Шунингдек, аҳолига қулайлик яратиш ҳамда улардан йиғилаётган мажбурий бадал тўлов маблағларини шаффофлигини таъминлаш мақсадида, Вазирлик томонидан “Менинг уйим” Биллинг тизими жорий этилди. – деди, вазир ўринбосари Озода Жўраева.

Тошкент вилояти Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Сардор Убайдуллаев – тегишли ташкилотлар томонидан ПҚ-5152 сон Қарорига асосан “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”, “темир дафтари”га кирган уй мулкдорларнинг ижтимоий ягона реестири шакллантирилди. Келгусида ушбу реестирга кирган мулкдорларга мажбурий бадал тўлови тўлаб берилади. – деб, таъкидлаб ўтди.

– Қарс икки қўлдан чиқади. Ўзимиз яшаётган уйнинг ободлигига ўзимиз қайғуришимиз керак. Аҳоли ва бошқарув ташкилотлари ўз мажбуриятларини вақтида бажарса, муаммо ўз-ўзидан бартараф бўлади. – деди, Озода Жўраева.

Мулоқот сўнгида вазир ўринбосари Озода Жўраева мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар бериб, шахсан назорат қилишини таъкидлади.

ФОТОЛАВҲАЛАР

Тошкент вилояти Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси Матбуот хизмати