May 19, 2021

«Аграр тармоқ иқтисодий салоҳиятини оширишда институционал ислоҳотлар ва агрокластерларни ривожлантиришнинг ўрни: муаммо ва ечимлар»

Тошкент давлат аграр университетида 2021 йил 18 май куни «Аграр тармоқ иқтисодий салоҳиятини оширишда институционал ислоҳотлар ва агрокластерларни ривожлантиришнинг ўрни: муаммо ва ечимлар» мавзусидаги Республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат илмий-ишлаб чиқариш маркази тизимидаги ташкилотлар олимлари ва мутахассислари, Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаси иқтисодиёти илмий-тадқиқот институти олимлари, Тошкент давлат аграр университети олимлари ва профессор-ўқитувчилари фаол қатнашдилар.

Анжуман қуйидаги шуъба йўналишларида олиб борилди:

I шуъба. Аграр тармоқ иқтисодий салоҳиятини оширишда институционал ислоҳотларнинг ўрни: муаммо ва ечимлар;

II шуъба. Агрокластерларни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий ва ташкилий-иқтисодий таъминоти:ҳозирги ҳолати, муаммолари ва истиқболлари

III шуъба. Бухгалтерия ҳисоби, иқтисодий таҳлил ва аудитни халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш

IV шуъба. «Aқлли қишлоқ хўжалиги» технологияларини жорий этиш ва рақамлаштириш масалалари

Анжуман ялпи мажлисида 7 нафар иқтисодчи олимлар ва мутахассислар томонидан мазмунли ва статистик маълумотларга бой илмий маърузалар қилинди ҳамда ҳар бир маърузадан кейин савол-жавоб ва муҳокамалар бўлиб ўтди.

Анжуман якунида аграр тармоқнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш ва агрокластерларни ривожлантириш бўйича илмий асосланган таклиф ҳамда тавсиялар шакллантирилди ҳамда ушбу таклиф ва тавсияларни тегишли ҳукумат идоралари ва ташкилотларига тақдим этиш бўйича хулосалар қилинди.