Қонун лойиҳаси муҳокама этилди
Тошкент давлат юридик университетида “Қонунчиликни ислоҳ қилишда олимлар ва мутахасисслар роли: Ўзбекистон Республикасининг “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси мисолида” мавзусида илмий мунозара ўтказилди.
Анжуманда хорижий ҳамкор ташкилотлар вакиллари, республика ва чет эл юридик олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари етакчи олимлари, профессор-ўқитувчилар, докторант ва мустақил изланувчилар, шунингдек, юридик таълим ва фан амалиётига алоқадор экспертлар иштирок этди.
Ушбу илмий мунозара Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифаларни бажариш бўйича илмий мунозара ўтказиш, бу борада тегишли таклиф ва илмий хулосалар ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирда хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясини таъминлаш ҳамда самарали миграция сиёсатини изчил ривожлантириш, соҳанинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга доир масалалар муҳокама қилинди.
Қайд этиш керак, ташқи меҳнат миграцияси соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш соҳасидаги илмий ва амалий билимларни ошириш, илмий ёндашувларга таянган ҳолда аниқ ечим ва тавсиялар шакллантириш йиғилганлар диққат марказида бўлди.
Умуман, узоқ вақт давомида миграция, мобиллик бўйича тўпланган ва ортиб бораётган маълумотлар кўлами шуни кўрсатадики, миграция, асосан, кенг миқёсли глобал иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва технологик ўзгаришлар билан боғлиқ бўлиб, кенг ва устувор истиқболли масалаларга таъсир қилади. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳисоботига кўра, ҳар йили мамлакатнинг 3 миллиондан ортиқ фуқароси миграция жараёнига жалб қилинади.
Илмий мунозарада меҳнат миграцияси аҳолини юқори ҳақ тўланадиган ишларни танлаш орқали бандликни таъминлашнинг муҳим соҳасига айланаётгани эътироф этилди. Мамлакатнинг қатор ҳудудларида юқори ишсизлик шароитини бартараф қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти Иқтисодиёт ва тадбиркорлик соҳасида тадқиқотлар бўлими бош илмий ходими Саидаҳмад Эшонхўжаев лойиҳа тўғрисидаги фикрларини билдирди:
– Ишлаб чиқилаётган Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисидаги қонун кўп жиҳатларни, жумладан, миграция жараёнини тартибга солиш бўйича асосий вазифаларни белгилаб беради. Қолаверса, ноқонуний миграцияни камайтириш, мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, миллий хавфсизликни таъминлаш, фуқароларни ишга жойлаштириш тартибини соддалаштириш, соҳада халқаро ҳамкорликни чуқурлаштиришга имкон яратади.
Анжуман якунида соҳани янада ривожлантиришга доир муҳим таклифлар илгари сурилди.