Ҳеч бир бола эътибордан четда қолмайди
Мамлакатимизда таълим ва ижтимоий ҳимоя узвий боғлиқ жараёнга айланди. Президентимизнинг ПФ-256-сонли Фармони билан илгари мавжуд бўлган «жазоловчи» характердаги махсус ўқув-тарбия муассасалари тугатилиб, уларнинг негизида Болаларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий интеграция маркази ташкил этилаётгани катта маънавий аҳамиятга эга. Долзарблик шундаки, адашган ёки мураккаб вазиятга тушиб қолган болани жамиятдан ажратиш эмас, балки уни илм ва ҳунар орқали ижтимоий ҳаётга қайтаришга асосий эътибор бериляпди. Аслида ҳам бу тоифадаги болаларни яккалаш эмас, балки уни қўллаб-қувватлаш — инсонпарвар давлатнинг асосий вазифасидир.
Таълимдаги имтиёзлар — порлоқ келажак кафолати ҳисобланади. Бу мезон мазкур Фармонда ҳам ўз аксини топди. Унга кўра, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун таълим муассасаларида 5 фоизгача қўшимча квота ажратилади. Бу болалар ҳеч қандай синовларсиз, қўшимча имтиҳонларсиз ўқишга қабул қилинади. Давлат уларнинг таълим харажатларини ўз зиммасига олади ва ҳар бир болага алоҳида мураббий бириктирилади.
Болалар билан ишлайдиган мутахассисларнинг малакасини ошириш мақсадида А.И. Герцен номидаги университет филиали Ижтимоий ҳимоя агентлиги тизимига ўтказилди. Эндиликда ушбу маскан инклюзив таълим, психология ва ижтимоий иш бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлайдиган марказга айланади. Бу тизим болаларнинг нафақат бугунги ҳимоясини, балки эртанги муваффақиятли келажагини ҳам таъминлайди.
Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш — бу миллатнинг эртанги тақдирига инвестиция киритишдир. Мазкур Фармон адашган фарзандларимизни бағримизга олиш ва уларга иккинчи имконият бериш йўлидаги тарихий ҳужжат бўлди. Бу — меҳр ва адолат тантанаси, ўзбек халқининг бағрикенглиги ифодасидир.
Жиноят ишлари бўйича Тупроққалъа туман суди раиси И.Исмаилов