Ҳеч қизиқиб кўрганмисиз, асл ота-оналик мақоми қандай?
Менинг бу саволга жавобим жуда оддий – ота-оналик кундузларни кечага улаш, ҳаловатдан кечиш, ўзни унутишдир! Энг ўйинқароқ, ўзини мукаммал севувчи ёш йигит ҳам ота бўлган куни ўзининг ҳохишларини фарзанди камолотига алмашади. Унинг яшашини ягона мақсади фарзандига қўшилиб дунё юзини кўради. Ота оналаримиз - бизни деган, биз – фарзандларимизни, фарзанларимиз эса набираларимизни. Бирам ажиб ҳаёт қонунияти!
Яқинда бир танишим: “Дўстим, Тошкентга келганингизга кўп вақт бўлса-да, ҳовли-жой олмагансиз, тағин қимматбаҳо машинада ҳам юрмайсиз” – дея, сўраб қолди.
Бу савол билан кўплар мурожаат қилган... Минг шукр кўп қаватли уйларнинг бирида керакли шарт-шароитларга эга файзли хонадоннинг сохибиман. Эътибор бериб кўринга, эндигина танишган киши билан суҳбат бошласангиз, сизнинг мартабангиз, ҳовли жойингизни эмас, аввало, “Фарзандлардан нечта?” - деб сўроққа тутади. Мана мақтанишга арзигулик асл инсониятнинг зийнати қаерда? Ота-оналик мақоми унга туҳфа қилинганида эмасми ?
Менинг ҳам ана шундай кўз нурларим, дунёнинг ҳеч бир бойлигига таққослаб бўлмас тўрт нафар бебаҳоларим бор. Менинг бор бойлигим ҳам, кўча-кўйда қаддимни тик туришга сабабчиларим ҳам айнан улар!
Уч фаришта мисол гўзал қизни, бир азим чинордек пахлавонни менга берган Яратганга такрор шукроналар айтаман!
Бугун ўша дилбандларимнинг энг эркатойи, хонадоним кенжаси уйимизга севинчлар олиб келган Севинч қизимнинг таваллуд айёми!
Отага ҳаммадан ҳам кўпроқ қиз бола меҳрибон бўлади, дейишади.
Бу қанчалик ҳақиқат билмадим, аммо оталарнинг қизларга меҳри бўлакча бўлиши рост. Ишонинг, буни бир ота сифатида айтаяпман. Бугун дилимдагиларни борини тўкиб сочишга, қалбимдаги меҳр-муҳаббатимни изҳор қилишга сўзлар, қаламлар ожиз!
Шундай бахтли, оиламиз учун энг муҳим кунда қизалоғимга ўзи каби гўзал тилакларни илинмоқчиман. Жоним қизим, қалбингнинг энг тубидаги ўзинг орзу қилган барча ниятларинг ижобат бўлсин! Инсонларга сендан фақат яхшиликлар келсин, сен ҳамиша дуоларимдасан. Толеинг порлоқ бўлсин болажоним! Сени бизга берган Аллоҳимга шукр!
Бахт қасрининг энг бахтли маликаси, бувижонинг каби чинакам оқила аёл бўлгин! Рисқинг ҳамиша бутун бўлсин менинг ой юзли, қалби баҳор чечакларидек беғубор қизим...