May 12, 2020

Расмий муносабат

Ижтимоий тармоқларда ноқонуний равишда қурилган қурилмалар кўп жойларда бузилаётганлиги, лекин Бекобод тумани “Хос” худудида суғориладиган экин майдонида ноқонуний қурилмалар бузилмаётгани бўйича мурожаат юзасидан расмий муносабат.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида 2019 йил 26 ноябрь куни ерлардан оқилона фойдаланишга оид масалалар юзасидан ўтказилган йиғилишда берилган топшириқларнинг ҳамда Тошкент вилояти хокимининг 2019 йил 27 ноябрдаги “Ер муносабатларини тартибга солиш хамда ерлардан оқилона фойдаланишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 822-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилояти Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасининг Ерлардан фойдаланиш ва уни мухофаза қилишни назорат қилиш шўбаси мутахассислари томонидан Бекобод туманида ер ресурсларидан самарали фойдаланиш холати мониторинг тарзида ўрганилганда, туманнинг “Хос” худудида жойлашган собиқ “Абдумажид Жалолиддин Мангу” фермер хўжалиги, ҳозирги кунда “АПК Бекобод” УКга қарашли қишлоқ хўжалиги харитасининг 175-контурида 1,5 гектар суғориладиган экин ер майдони фуқаролар томонидан ноқонуний ўзбошимчалик билан эгалланганлиги аниқланган. Ҳолат юзасидан 2019 йил 6 декабрда мутахассислар жойга чиқиб тегишли хужжатлар расмийлаштирилиб, туман хокимлиги йиғилишида кўриб чиқилиб, ноқонуний қурилмаларни буздириш масаласида тўпланган хужжатларни суд органларига юбориш тўғрисида қарор қабул қилиниб, фуқароларга огохлантириш хатлари берилган. Бекобод туман хокимининг 2020 йил 21 январда 3-16/87-сон билан Фуқаролик ишлари бўйича Бекобод туманлараро судига қурилган ноқонуний қурилмаларни буздириш ва ер майдонини қайтариш ҳақида даъво аризаси киритилган. Ушбу холатлар юзасидан тегишли мутасадди ташкилотларга маълумотлар тақдим этилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги “Мавжуд ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, 2020 йил хосили учун қишлоқ хўжалик экинларини оқилона жойлаштириш ва махсулот етиштиришни прогноз хажмлари тўғрисида” ги 1025-сонли қарори, Тошкент вилояти хокимининг 2020 йил
7 январдаги 1-сонли қарорлар асосида туманда 2020 йил хосили учун мавжуд қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ер майдонларига қишлоқ хўжалиги экинлари жойлаштирилган (размишения) ва ҳозирги кунда экиш ишлари олиб борилмоқда.

Тошкент вилояти Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси ҳамда вилоят “Ермулккадастр” давлат корхонаси ахборот хизмати.