August 6, 2020

Расмий муносабат

Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Охунбобоев кўчаси 42-уйда яшовчи фуқаро Г.Абдуллаеванинг ижтимоий тармоқ орқали юборган видеомурожати юзасидан.

Тошкент вилояти Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси, Қибрай тумани бўлими мутахассислари жойида фуқаро Г.Абдуллаева иштирокида атрофлича ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш натижаларига кўра Қибрай тумани, Янгиобод қишлоғи, Алишеробод махалласи, Янги тонг кўчасида жойлашган 0,03 гектар ер майдонини фуқаро Г.Абдуллаева томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, ноқонуний равишда, қурилишга рухсат берувчи хеч қандай хужжатларсиз турар жой бинолари қурилган. Ушбу ҳолат Қибрай тумани ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими ходимлари томонидан аниқланиб, туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш учун фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судига Қибрай тумани уй-жой қурилиши ва шахарсозлик қонунчилигига риоя қилинишини назорат қилиш комиссиясининг 2019 йил 10 ноябрь кунидаги 81-сонли йиғилиш баёнига асосан даъво аризаси билан мурожаат қилинган. Фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судининг 2020 йил 9 анвардаги хал қилув қарорига кўра, даъвогар Қибрай туман ҳокимлигининг жавобгар Г.Абдуллаевага нисбатан ўзбошимчалик билан қурилган қурилмани бузиш хақидаги даъво талаблари қаноатлантирилиб, ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда қурилган турар жой бинолари жавобгар фуқаро Г.Абдуллаевага ўз ҳисобидан бузиб ташлаш мажбурияти юклатилган.

Чирчиқ туманлараро судининг 2020 йил 9 анвардаги хал қилув қарорига нисбатан фуқаро Г.Абдуллаева томонидан фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилояти судига апелляция шикояти билан мурожаат қилган. Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилояти судида апелляция шикояти кўриб чиқилиб, суднинг 2020 йил 10 июндаги 3-324-20-сонли Ажрими билан Чирчиқ туманлараро судининг 2020 йил 9 анвардаги хал қилув қарори ўзгаришсиз, апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Фуқаро Г.Абдуллаева билан сухбат жараёнида, хақиқатдан хам ушбу ер майдонига нисбатан ҳеч қандай хуқуқий ҳужжатлари (қарор, қурилиш лойиҳаси) мавжуд эмаслиги, ҳамда қурилишларни ноқонуний тарзда олиб борилганлиги аниқланди. Бу тўғрисида фуқаро Г.Абдуллаева ўз ёзма тушинтириш хатида ҳам изох берган.

Бундан ташқари мурожатда номлари келтирилган мансабдор шахслар томонидан ўз эхтиёжлари учун ер участкалари олиб, қурилиш қилаётганлиги ва ноқонуний кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб олган ҳолатлар юзасидан ўрганилганда қуйидаги холатлар аниқланди.

Ушбу худудда Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Қибрай тумани филиали рахбари Ф.Азимовга хамда унинг яқинлари номида томорқа участкалари ва қурилишлар мавжуд эмаслиги аниқланди.

Қибрай тумани ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими собиқ мутахассиси, ҳозирги кунда Бўстонлиқ тумани ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Шерзод Иноятов номида Янгиобод қишлоғи, Алишеробод махалласи, Янги тонг кўчасида томорқа участкаси мавжуд эмас. Ўрганишда шу худудда унинг отаси Иноятов Салохиддинга тегишли Янгиобод қишлоғи, Алишеробод махалласи, Янги тонг кўчаси 36-уй жой манзилда 0,06 гектар томорқа участкаси мавжудлиги, Қибрай туман ҳокимининг 2019 йил
10 июндаги 1470-сонли қарорига асосан эгалик хуқуқи эътироф этилганлиги маълум бўлди.

Шунингдек Янгиобод қишлоғи, Алишеробод махалласи, Янги тонг кўчасида туман хокимлиги хуқуқшуноси Халмуродов Шералининг номида томорқа ва қурилишлар мавжуд эмас, лекин шу ҳудудда унинг онаси Халмуродова Санобарга 0,06 гектар томорқа участкаси тегишлилиги аниқланди. Ушбу уй-жой Халмуродова Санобарга 2017 йил 28 декабрдаги 026/12/17-сонли олди-сотди шартномаси ва топшириш қабул қилиш далолатномасига асосан нотурар бино-иншоатлар тегишли. Қибрай туман хокимининг 2018 йил 6 апрелдаги 1256-сонли қарорига асосан нотурардан турар жой тоифасига ўтказилган.

Тошкент вилояти Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси ҳамда вилоят “Ермулккадастр” давлат корхонаси ахборот хизмати.