May 12, 2020

9. Э-курс. ИЛК ЎЗБЕК БАДИИЙ ФИЛЬМИ

@tvrra303

May 12, 2020

O'lim minorasi 1925

"Ўлим минораси" – Ўрта Осиё ҳудудида тасвирга олинган биринчи тўлиқметражли бадиий фильм. Картина 1924 йили Ленинграддан ташриф буюрган "Севзапкино"нинг ижодий жамоаси томонидан маҳаллий "Бухкино" билан ҳамкорликда суратга олинган. Фильм тўлиқ сақланиб қолмаган. (Тешабаев Д., Абул-Касымова Х., Хайитматова С., Мирзамухаммедова М. Аннотированный каталог художественного кино Узбекистана [1925-2008]. Т., 2009 йил)

Бугун "TVRRA303" телеграм-канали ўз ўқувчиларига мазкур фильмнинг яралиш тарихи ҳақида ҳикоя қилади.

Агитбригада ўлка аҳолисига Ленин ғояларини ўргатмоқда (Макс Пенсон фотоси)

1920 йил. Марказдан юборилган "Қизил Шарқ" агитпоезди Туркистонга етиб келди. Унинг мақсади – санъат ва маданият ёрдамида ўлка аҳолиси орасида шўро ғояларини тарғиб қилиш. Агитбригада таркибида киножиҳозлар ва кинооператорлар ҳам бор эди. Улар катта қизиқиш билан маҳаллий колоритни суратга ола бошладилар: бозорлар, аравалар, маҳаллий аҳоли, гўзал меъморий ёдгорликлар... Айнан ўша йилларда Туркистон ўлкасининг ҳаёти, турмуш тарзи ҳақида бир нечта ҳужжатли, илмий-оммабоп ва тарғибот фильмлари ишланган. Табиийки, шўро киночиларида маҳаллий колоритдан унумли фойдаланган ҳолда бадиий фильм яратиш ғояси туғилади. Бу ишга биринчи бўлиб Вячеслав Висковский қўл уради.


Вячеслав Висковский
Вячеслав Казимирович Висковский (1881, Одесса – 1933, Ленинград) – режиссёр, сценарийнавис, театр ва кино актёри.
Аввалига Одесса гимназиясини, 1904 йилда эса Москвадаги Император театр билим юртини тамомлаган. 1904-1914 йилларда Одесса, Киев, Екатеринбург, Астрахань провинциал театрларида актёр ва режиссёр бўлиб ишлаган. 1914-1915 йилларда Корш Рус драматик театри труппаси таркибида бўлган. 1915 йилдан турли киноташкилотларда режиссёр сифатида фаолият юритиб, 60 га яқин бадиий фильмлар яратган. Оператор Александр Левицкий билан ҳамкорлик қилган.
Вячеслав Висковский классик адабиёт экранизациясидан тортиб енгил комедия жанрида кўплаб фильмлар яратган. Деярли барча картиналари профессионаллик билан тасвирга олинган ҳамда томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинган.
1917 йил февраль инқилобидан кейин юз берган кинотасма етишмовчилиги ҳамда киносаноатнинг умумий инқирозига қадар фаол ишлаган Висковский 1920-1921 йилларда театрга қайтган. 1922 йилда эса АҚШга кўчиб ўтиб, Голливудда бахтини синаб кўрган. Аммо омади чопмай, 1924 йили СССРга қайтиб келган ва Ленинграддаги «Севзапкино» студиясида ишлай бошлаган. Замона зайлига боқиб инқилоб ғояларини тарғиб этувчи агитфильмлар яратишга мажбур бўлган.
Висковскийнинг Совет Шарқи ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи фильмлари кенг омма томонидан яхши кутиб олинган бўлсада, матбуотда кескин танқидга учраган. Режиссёрнинг барча киноасарлари “ғоявий бўш” деб топилиб, прокатдан олиб ташланган. 1928 йилда цензурага чидолмаган режиссёр ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган. Шундан сўнг режиссёрлик фаолиятига нуқта қўйиб, асосан киноактёрлик билан шуғулланган.
Вячеслав Висковский 1933 йилда вафот этган.


"Ўлим минораси" (1925) фильмининг афишаси

1924 йилда кинорежиссёр Вячеслав Висковский драматург Александр Балагин билан ҳамкорликда саргузашт ва мелодрама жанрларининг қоришмасидан иборат сценарий ёзади. Сўнгра оператор Фридрих Вериго-Даровский, рассом Алексей Уткин ҳамда бир гуруҳ рус актёрлари ҳамроҳлигида Ленинграддан Бухорога етиб келади.

“Ўлим минораси” катта машаққатлар билан суратга олинган. Энг асосий муаммо – фильм ижодкорлари маҳаллий шарт-шароитни, миллий урф-одатлар, турмуш тарзи, тилни мутлақо билмасдилар. Бу эса фильм сифатига таъсир кўрсатмай қолмади.


"Ўлим минораси" (1925) фильмидан лавҳа

Кинорежиссёр Комил Ёрматов ўзининг “Кечмишларим” китобида бу борада шундай ёзади:

“1924 йилнинг 12 апрелида Бухоро халқ жумҳурияти ҳукумати «Севзапкино» (“Шимоли - ғарбий кино”) деб номланувчи Ленинград кино ташкилоти билан Бухоро-Русия кино ширкати таъсис этиш тўғрисида шартнома тузди. Шу сана Ўрта Осиёда миллий кинематография вужудга келган расмий кун ҳисобланади. «Бухкино» ўзининг икки йиллик фаолияти мобайнида бир нечта ҳужжатли фильмлар ва “Ўлим минораси” номли биринчи тўламетражли ўзбек бадиий фильмини ишлаб чиқарган эди.
Туркистонда миллий кино яратилиши тарихий аҳамиятга эга эканини Бухоро шўро ҳукумати яхши тушунар эди. <…>
Яқинда мен “Ўлим минораси” фильми устида олиб борилган ишнинг жуда қизиқарли тафсилотларини билдим. “Бухкино” ўз улушини қўшиш учун Бухоро ҳукуматида ҳеч қандай маблағ йўқ экан. Лекин барибир, иложи топилибди. Фильмни суратга олиш учун зарур бўлган миллий либослар, адрас ва камхоб кўрпалар, палаклар, эгар-жабдуқ, турли-туман қадимги қурол-яроқларни халқ вазирлари шўроси пай эвазига Бухоро давлат тижорати орқали берибди. Фильмнинг оммавий саҳналарида иштирок этиш учун минглаб одамлар, отлаб йиғиб берилибди. Маориф нозирлиги киногруппани мутахассис маслаҳатчилар билан таъминлабди. Бухоро халқ шўро жумхуриятининг бошлиғи, юксак маданиятли Фазулла Хўжаев ўзининг шаҳар ташқарисидаги ҳовли-боғини “Бухкино” ширкати ихтиёрига топширган экан. Киногруппа бу боғда истиқомат қилиб, фильмнинг барча манзарали ва оммавий саҳналарини шу ерда, қалъа девори пойида суратга олган экан. Файзулла Хўжаев қўшган бу “улуш”нинг ўзи ҳам ҳазилакам гап эмас эди...” (Ёрматов К. Кечмишларим. Т., 1984. 83-бет)


Комил Ёрматов, "Кечмишларим" китоби

Фильм сюжетига Минораи Калон ҳақидаги бухоро халқ афсоналаридан бири асос қилиб олинган. Хива хонининг гўзал қизи малика Жамол узоқ сафардан она юртига қайтмоқда. Йўлда унинг карвони қароқчилар хужумга учрайди. Қароқчилар сардори Қўрбоши бир кўришда соҳибжамол маликага ошиқ-у беқарор бўлиб қолади, аммо қиз унинг муҳаббатини рад этади. Қароқчининг жорияларидан бири маликага тутқунликдан қочишга ёрдам беради.

Содиқ исмли бухоролик камбағал йигит саҳрода ҳолсиз ётган Жамолни ўлимдан қутқариб қолади ва манзилига етиб боришига кўмаклашади. Аммо Хивани мавҳ этган Бухоро амири гўзал маликани яна асирга олиб, ҳарамга ташлайди. Амир ўз ғалабасини нишонлаш учун кўпкари мусобақасини ташкил қилади ва кимда-ким ғолиб бўлса мукофот сифатида малика Жамолни тортиқ қилишга ваъда беради. Мусобоқада Содиқ ютиб чиқади. Лекин маликани ёқтириб қолган амирнинг ўғли Шоҳруҳ уни осонликча Содиққа бериб юборишни истамайди. Жамолни саройдан олиб қочиб, уйланмоқчи эканини айтади. Қисқа муддат ичида Содиқни севиб қолган малика шаҳзодага рад жавобини беради. Шоҳруҳ бунга чидолмай, уни Ўлим минораси – Минораи Калондан пастга улоқтирмоқчи бўлади. Албатта, фильм якунида икки севишган бир-бирининг васлига етишади.


"Ўлим минораси" (1925) фильмидан маънавиятсиз лавҳа

Кинооператор Ҳотам Файзиев ўзининг “Овозсиз кинематографиядаги операторлик санъати тарихидан” китобидаги мазкур асар ҳақида шундай дейди:

Асарнинг камчиликлари мўл. Ижодкорлар минора тарихини билмагани ҳолда, камбағал йигитга ошиқ бўлиб қолган малика ҳақида мелодраматик саргузашт асар ёзганлар. Натурада суратга олиш ишлари Бухорода, павильондаги тасвирлар эса Москва ва Ленинградда олинган. Фильм ўта жўн, халқ ҳаётининг ташқи кўринишини нўноқлик билан тасвирлаган. Шундай бўлсада, у ўзбек заминида суратга олинган биринчи фильм эди.

Фильм премьераси катта муваффақият билан 1925 йил 8 декабрь куни бўлиб ўтган. Ишва билан боқаётган гўзал канизаклар, эҳтиросли эркаклар, экзотик табиат, саҳродаги пойгалар, мураккаб трюклар, сирлилик ва мистика – буларнинг бари Европа томошабинини ўзига мафтун этган эди.


Макола "КиноЛаб" дан олинди.

С. Машрабзода