10. Э-курс. «Кулешов эффекти»
Ўртоқлар, бугун "10. Э - курсимзда" сизларга «Кулешов эффекти» деб номланадиган киноприём ҳақида маълумот бермоқчиман.
«Кулешов эффекти» деб, монтаж жараёнида икки кадрни ёнма-ён қўйиш ва ўзаро таққослаш натижасида янги бир маънонинг вужудга келишига айтилади. Ушбу усулни илк маротаба рус киносининг асосчиларидан бири Лев Кулешов (1899-1970) ўзининг «Кино санъати» («Искусство кино»,1929 й.) китобида тасвирлаган.
Лев Кулешов томонидан ўтказилган кинотажриба қуйидагича эди.
Аввалига Кулешов шунчаки бир нуқтага қараб ўтирган актёр Иван Мозжухиннинг йирик планини тасвирга туширади. Кейин эса тажриба ўтказиш мақсадида яна учта кадрни суратга олади. Булар: ликопчадаги иссиқ шўрва, тобутдаги гўдак мурдаси ҳамда диванда ёнбошлаб ўтирган аёл тасвири. Сўнгра режиссёр Мозжухиннинг йирик планини юқоридаги учта кадр билан алоҳида-алоҳида монтаж қилиб, касбдошлари орасида намойиш этади.
Фрагментларни томоша қилган киночилар, бир-биридан ҳоли ҳолда, биринчи эпизодда актёр иссиқ шўрвага иштаҳа билан тикиляпти, иккинчи эпизодда гўдак мурдасига ачиниш билан қараяпти, учинчи эпизодда эса гўзал аёлга мафтун эканлигини айтадилар. Аслида эса ҳар учада эпизодда ҳам Мозжухиннинг йирик плани бир хил эди.
Тажриба шуни исботладики, кейинги кадрнинг мазмуни аввалги кадрнинг мазмунини буткул ўзгартириб юбориши мумкин экан. Бу ҳодисага кино тилида «Кулешов эффекти» деб ном берилган.
Карантинда зерикиб ўтирган бўлсангиз, сиз ҳам уйингизда шундай тажриба ўтказиб кўринг!
@tvrra303