May 16, 2020

РЕЖИССУРА ТАРИХИ.

@tvrra303

From: Sevara Mashrabzoda

Афсуски, ҳеч ким шу кунга қадар «Режиссура айнан қачон пайдо бўлган?» деган саволга аниқ жавоб бера олмайди. Айрим тадқиқотчилар режиссура XVIII асрда Германияда вужудга келган, деб ҳисоблайди. Чунки бу вақтда немис театрларида ҳар бир премьерадан олдин мунтазам репетициялар қилинар, «режиссёр» сўзи ҳам кенг тарқалган эди. Аммо мазкур атаманинг ўзаги анча қадимий бўлиб, лотин тилидан «бошқараман» деган маънони англатади [лот. «rego»]. Театр постановкаларини бошқарувчи хореглар эса, маълумки, Қадимги Грецияда милоддан аввалги V асрдаёқ фаолият юритганлар [хорег – беғараз ёрдам асосида театрга ҳомийлик қилган Афинанинг бадавлат фуқаролари].

Қадимги Греция театри

1880-йилларга қадар театр режиссёри иккинчи даражали касб бўлиб, асосан маъмурий ишлар билан шуғулланар эди: массовка учун неча киши керак, декорацияларни янгилаш шартми ёки йўқ ва бошқа ташкилий масалалар.

Театр репертуари ҳамда постановка тақдири ижрочиларнинг ихтиёрида бўлиб, барча муҳим масалаларни етакчи актёр ҳал қиларди. Бундай постановкалар «Актёр спектакли» деб аталган.

Ўрта аср театри

Фақатгина XIX аср охирига келиб режиссёр театрнинг ғоявий раҳбарига айлана бошлади. Пьеса танлаш ҳуқуқи, ролларни тақсимлаш, спектакльнинг бадиий ечими унинг зиммасига ўтди. Режиссёр труппага бошчилик қилишни ўз зиммасига олди. Бирин-кетин «Антуан театри», «Станиславский театри», «Рейнхардт театри» пайдо бўлди.

Кўпгина олимлар режиссуранинг туғилишини «Янги драма» юзага келтирган театр инқилоби билан боғлайдилар. Ибсен, Гауптман, Стриндберг, Метерлинк, Чехов драматургияси «барча қисмларнинг ўзаро мутаносиблигини», ягона саҳнавий ғояни талаб қиларди. Буни эса ҳаттоки энг яхши «актёр спектакли»да ҳам топиб бўлмасди.

"Янги драма" асосчиларидан бири Генрик Ибсен

Табиийки, янги драманинг вужудга келиши ҳамда режиссуранинг пайдо бўлиши ўзаро бир-бирига боғлиқ жараён. Саҳнавий макон имкониятларидан тўғри фойдаланиш, янги типдаги актёрни шакллантириш, ижрочилар ансамблини ташкил қилиш – илк режиссёрлар олдида турган асосий вазифалар эди. Гордон Крэг ва Макс Рейнхардт, Андре Антуан ва Жак Копо, Станиславский ва Владимир Немирович-Данченко эски театр қолдиқларида келажак театрини яратишга муваффақ бўлишди.

Константин Станиславский

Театрда «режиссёрлар инқилоби» бўлиб ўтаётган вақтда яна бир муҳим ҳодиса юз берди: кинематограф деб аталмиш "мўжиза" яралди. 1895 йил 28 декабр куни Париждаги Капуцин бульварида жойлашган «Гран-кафе»да ака-ука Люмьерларнинг илк киносеанси бўлиб ўтди.

Янги санъат турининг имкониятларини олдиндан кўра билган саноқли кишилар орасида франциялик театр директори Жорж Мельес (1861-1938) ҳам бор эди. У нафақат бир қанча кинематографик приёмларни, балки бутун бошли киножанрларни кашф қилган. Мельес сюжет, декорация ва актёрлар ёрдами билан экранда ҳаётни ифодалаб, бадиий кинонинг отасига айланди.

Жорж Мельес

1910-йилларда АҚШда уч режиссёр ижоди кўзга ташлана бошлади. Булар – америка кинокомедиясининг отаси Мак Сеннет (1880-1960), вестерн қироли Томас Харпер Инс ҳамда кинодаҳо Дэвид Уорк Гриффит (1875-1948). Бу буюк учлик 1915 йилда «Трайэнгл» («Учбурчак») кинокомпаниясига асос солганлар. 1920-йиллардан эса АҚШ киносига Чарли Чаплин (1889-1977) кириб келди. Шу тариқа кино мустақил санъат турига, Лос-Анжелесга қарашли бўлган Голливуд шаҳарчаси эса жаҳон киносининг марказига айланди. 1920-йиллардан кўпгина европалик режиссёрлар ҳам бу ерда ишлай бошлашди.

Дэвид Уорк Гриффит

Илк даврларда кино санъатининг ривожига совет режиссёрлари ҳам улкан ҳисса қўшишган. Сергей Эйзенштейн, Всеволод Пудовкин, Александр Довженко, Лев Кулешов, Дзига Вертов, Яков Протазанов шулар жумласидан.

Сергей Эйзенштейн

Хуллас, режиссёрлик касби бир неча юз йиллик тарихга эга бўлсада, фақатгина XX асрга келиб режиссёр спектакль ва киноасарнинг чин маънодаги муаллифига айланган.

* Игорь Мусскийнинг “100 та буюк режиссёр” китобидан. М.: “Вече”, 2006

@tvrra303