18. Э-курс. ҚИСҚАМЕТРАЖЛИ БАДИИЙ ФИЛЬМЛАР КЕРАКМИ?..
Энг авваламбор, сарлавҳани бундай номлашнинг ўзи ғалати туюлиши мумкин. Ҳақиқатан ҳам, бу риторик саволга лўнда қилиб: “Кино санъатининг ривожланиши учун – қисқаметражли бадиий фильмлар керак, тўғрироғи, шарт!” деб жавоб бериш кифоя. Оддий қилиб айтганда, қисқаметражли киносиз тўламетражли кинонинг ўзи бўлиши мумкин эмас. Худди, кичкина болаларсиз катталар бўлмаганидай. Ёки адабиётда ҳикоясиз роман бўлмаганидай.
Гапимизнинг исботи учун кинематограф тарихига назар ташлайлик. “Ишчиларнинг фабрикадан чиқиши”, “Поезднинг келиши”, “Чақалоқни овқатлантириш” каби илк фильмчаларни эслаш мумкин. Узоқ йиллар кинематограф айнан қисқа метрлик фильмлар орқали ривожланиб келди. Кино санъати асосчилари – Европа ва АҚШ давлатлари қарийб чорак аср давомида асосан қисқаметражли фильмларни суратга олиб келишган. Чаплиндан тортиб Гриффитгача, Тарковскийдан тортиб Тарантиногача ўз ижодий фаолиятларини айнан қисқа метрлик фильмлардан бошлашган. Қисқаметражли фильм режиссёрлар учун катта кинога, тўламетражли фильмга ўзига хос “трамплин” бўлиб хизмат қилган.
Жаҳон кино тарихидан муносиб ўрин эгаллаган машҳур режиссёрларнинг илк қисқаметражли фильмларини эътироф этиб ўтайлик. Буюк француз рассоми Огюсть Ренуарнинг ўғли, буюк кинорежиссер, “Авангард кино” асосчиларидан Жан Ренуар (1894-1979) отасинингкартиналарини сотиб, ўша пайт учун рекорд маблағ – бир миллион франкка таниқли француз ёзувчи Эмиль Золянинг асари асосида “Нана” фильмини суратга олиб, банкрот бўлади ва мағлубият аламини ювиш учун қисқаметражли “Чарлстон” (“Sur un air de charleston” 27 дақ. 1927 й.) фильмини суратга олади. Бу фильм кутилмаганда режиссёрга катта обрў олиб келади.
“Муаллифлик киноси”нинг асосчиси ҳисобланган Луис Бунюэль (1900-1983) томонидан сюрреализм оқимининг асосчиларидан буюк рассом Сальвадор Дали билан ҳаммуаллифликда олинган “Андалузлик кўппак” (“Un chien andalou” 15 дақ. 1929 й.) фильми бу икки ижодкорларнинг тушларини акс этувчи сюжетсиз, мантиқсиз воқеалар ва ҳодисаларга асосланган бўлиб, унда ҳис-туйғулар бадиий ифодалар орқали кўрсатиб берилган.
Кино эстетикаси ва бадиийлигининг ривожланишига улкан ҳисса қўшган режиссёр Андрей Тарковский (1932-1986) курсдоши Андрон Кончаловский билан ҳаммуаллифликда суратга олган “Коток ва скрипка” (46 дақ. 1960 й.) диплом фильми, скрипка чалишни орзу қилиб юрган боланинг уч соат ичида бошидан ўтказган саргузаштларини янгича стиль ва нигоҳда ҳикоя қилиб беради.
Ўтган асрнинг 60-йиллари кинематографни ларзага келтирган “Франция янги тўлқини” асосчиларидан бири, ўзининг фильмлари билан Оскар, Канн ва бошқа бир қатор нуфузли фестиваллар ҳамда танловларнинг ғолиби бўлган, “Муаллифлик ва коммерция фильмлари худди эгизак сингари кинематографнинг ажралмас жараёнидир”, деган фикрни олдинга сурган киношунос ва режиссёр Франсуа Трюффо (1931-1984), ўзининг илк қисқаметражли фильми “Безорилар” (“Les mistons”, 26 дақ. 1957 й.) орқали “Франция янги тўлқини”га тамал тоши қўйди.
Европа киносининг ривожланишига улкан ҳисса қўшган польшалик режиссёр Кшиштоф Кесьлёвский, (1941-1996) икки ёшнинг бир-бирларига беғубор муҳаббати пайдо бўлишини катта маҳорат билан акс этган “Трамвай” (“Tramwaj” 5 дақ. 1966 й.) қисқаметражли фильми кино оламида катта воқеа бўлган.
Дунёнинг энг совриндор режиссёри («Оскар», «BAFTA», «Олтин глобус», «Эмми», «Грэмми», «Сезар», Канн, Берлин, Венеция фестиваллари ва АҚШ Режиссёрлар гильдияси совриндори) Мартин Скорсезе (1942 й.) Нью-Йорк Университетида таълим олаётганида илк қисқаметражли фильмларини суратга олади. Бу фильмлар ораси “Ўзига хос соч тугмаси” (The Big Shave, 6 дақ. 1967 й.) алоҳида ажралиб туради ва Вьетнам урушига қайсидир маънода ёш режиссёрнинг протести, қаршилиги бўлади.
Кинематографдаги энг бадавлат (5 миллиард долларга эга) режиссёрларидан бири Жорж Лукас (1944) Калифорния Университетининг кино бўлимида қисқаметражли диплом фильми “Электрон лабиринт: THX 1138 4EB” (Electronic Labyrinth: THX 1138 4EB 15 дақ. 1967 й.)ни фантастик жанрда суратга олади ва бир қанча халқаро талабалар фестивалида совринлар қўлга киритади. Кейинчалик бу қисқаметражли фильм режиссёрнинг ижодида муҳим роль ўйнаганини эътироф этган.
“АҚШ мустақил киноси” йўналишини фаолларидан, сюрреализм оқимида ижод қилган кўпқиррали режиссёр Дэвид Линч (1946) ўзининг ижодий фаолиятини қисқаметражли “Алифбо” (“The Alphabet”, 4 дақ. 1968) фильми билан бошлаб, унда турли техник, стилистик имкониятлардан фойдаланган, анимацияни кенг қўллаган.
Эрон киносининг ёрқин намоёндаси, ўзининг фильмлари билан дунё киносининг ривожланишига муносиб ҳисса қўшган Аббас Киаростами (1940 - 2016) “Нон ва кўча” (Nan va Koutcheh, 1970) қисқаметражли фильми орқали Янги Эрон киносининг тамал тошини қўйди.
Ўзининг кўп маъноли, метафораларга бой турли йўналиш ва жанрларда суратга олинган фильмлари билан кинематографга катта ҳисса қўшиб келаётган испаниялик Педро Альмодоварнинг (1949 й.) илк қисқаметражли фильми “Саломея” ( “Salomé” 10 дақ. 1978 й.) Библия сюжетларидан олинган бўлиб, инсонни адолатли бўлишга чорлайди.
Даниялик таниқли режиссёр Ларс фон Триер (1956 ) 5 та қисқаметражли фильм суратга олган. Уларнинг ичида “Ноктюрн” (“Nocturne”, 9 дақ. 1980 й.) ўзини кинематограф стилистикаси, метафора ва аллегориялари, фалсафий тушунчалари билан ажралиб, сюрреалистик оқимга мансуб ижодкорларга хос фильм қаҳрамонининг тушларидаги жараёнлар акс этган.
Кинематографда постмодернизм йўналишининг энг ёрқин намоёндаларидан бири, “чегара билмас” сюжетлари билан танилган, “қора комедия” устаси Квентин Тарантино, 16 мм. тасмага, аслида тўламетражли фильмни дўсти Крэйг Хаманн билан бирга суратга олишга киришади. Лекин монтаж хонасида ёнғин чиқиб, материалнинг 36 дақиқаси сақланиб қолади ва шундан илк қисқаметражли фильм - “Энг яхши дўстимнинг туғилган куни” (“My Best Friend's Birthday” 36 дақ. 1987 й.) дунёга келади.
Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, ҳар бир ўзининг касбини ҳурмат қиладиган, севимли иши билан жиддий шуғулланишга бел боғлаган ижодкор, албатта олдинига қисқаметражли кинода ўзини синаб кўриши, катта ижодга тамал тошини қўйиши шарт. Лекин, юртимизда ҳозирда, агар “мажбурий” диплом фильмини эътиборга олмасак, деярли қисқаметражли фильмлар суратга олинмай қолмоқда.
Аслида ўзбек киносида қисқа метрлик фильмлар олиш анъанаси бир пайтлар жуда яхши йўлга қўйилганди. Узоқ бориш шарт эмас. Биргина таниқли режиссёр Зулфиқор Мусоқов (1958 й.) суратга олган “Солдат эртаги”, (1989 й. Гран При ХКФ «Молодость» Киев, Гран При ХКФ «Дебют» Москва, Гран При ХКФ Ла-Рошель (Франция) ва “Калиш” (2002 й. Гран При ХКФ «Вместе» Ялта) картиналарни эътироф этиш кифоя.
Кинога кириб келаётган барча ёш ижодкорларни буюк режиссёрлар сингари, айнан қисқаметражли кинодан ўз ижодий фаолиятларини бошлашни таклиф этардим. Айнан турли экспериментларни амалга ошириш, янги стилистика ва ўзига хос кинотилини топиш, ўзининг ғояларини синаб кўриш имконияти фақат қисқа метрлик фильмлар амалиётида бор.
ОЙБЕК ВЕЙСАЛ ЎҒЛИ
киношунос, санъатшунослик фанлари номзоди
@tvrra303