May 17, 2020

45. Э-курс. НАБИ ҒАНИЕВ (1904 -1953)

From: Sevara Mashrabzoda

НАБИ ҒАНИЕВ
(1904 -1953)

Таниқли кинорежиссёр, миллий кино санъатимизнинг асосчиларидан бири Наби Ғаниев 1904 йилнинг 29 октябрида Тошкент шаҳрида туғилган.

Набижондаги кинога бўлган ҳавас Москва шаҳрида уйғонади. У ўзи томоша қилган фильмлари ҳақида жуда кўп ўйлар, таассуротларини дўстлари билан ўртоқлашарди. Тошкентга қайтгач, болалар театрида хизмат қила бошлайди. «Етим», «Ахлоқсиз талаба», «Ёмон табиб» сингари пьесалар ёзиб, шу театрда саҳналаштиради. 1925 йилда янги очилган «Шарқ юлдузи» кинофабрикасига ишга киради. Москвалик кинорежиссёр В. Кравцов Тошкентда «Бахт қуёши» номли фильмнинг суратга олиш жараёнларига уни режиссёр ёрдамчиси вазифасига таклиф этади. Бу бадиий фильм эндигина ташкил этилган «Узбекгоскино» трестининг дастлабки маҳсулоти эди.

Н. Ғаниев рёжиссёр ёрдамчиси сифатида бадиий фильмга мавжуд ҳужжатли фильмлардан Мирзачўлни дастлаб ўзлаштирган ўзбек, рус, қозоқ халқлари дўстлигини ифодаловчи айрим ноёб парчаларни киритишга муваффақ бўлди.

1927 йилда Н. Ғаниевнинг ижодий куч-қуввати ва ишбилармонлиги эътиборга олиниб, кинофабрика директори лавозимига тайинланади. Студия раҳбари сифатида кино соҳасига ёш миллий кадрларни тайёрлаш ишига алоҳида эътибор қаратади.

Шу йилларда яратилган «Иккинчи хотин», «Соябон арава» сингари фильмларда режиссёр ёрдамчиси, актёр сифатида иштирок этгани унинг малакасини оширди, иқтидорини чархлади. Таниқли режиссёрлар билан ҳамкорликда ишлаш Н. Ғаниев учун катта ижод мактаби бўлди.

Режиссёрнинг ўзи мустақил постановка қилган биринчи бадиий фильм «Юксалиш» (1931) бўлди. Фильм бир қадар жўн ва содда бўлишига қарамай, унда ҳаёт ҳақиқатини бадиий бўёқларда акс эттиришга уринилгани сезилиб турарди. Бу катта асарлар яратиш усулларини эгаллаш йўлида ташланган дастлабки қадамлар эди. Ҳаёт тажрибаси ортган талантли режиссёр 1933 йилда ўз сценарийси асосида «Рамазон» овозсиз бадиий фильмини суратга олади. 1936 йилда дўсти, маслакдоши киноактёр Эргаш Ҳамраев сценарийси асосида «Йигит» номли фильмни суратга олади. Бош ролни сценарий муаллифининг ўзига ишониб топширади. Бу фильмда Н. Ғаниев қизиқарли детектив элементлардан ўз ўрнида фойдаланиб, асосий диққат-эътиборини қаҳрамонларнинг ички ҳиссётлари, феъл-атворларини таҳлил этишга қаратади. Иккинчи жаҳон уруши йилларида Н. Ғаниев ҳам кўплар қатори ўз ижодий салоҳиятини ёвга қарши кураш мавзусидаги фильмларни суратга олишга қаратади.

1945 йилда Н. Ғаниев ўзбек халқ эртаклари, достонлари материалларидан унумли фойдаланиб Собир Абдулла томонидан ёзилган сценарий асосида, Тошкент киностудиясида «Тоҳир ва Зуҳра» фильмини суратга олади. Бу фильм ҳануз ўзбек халқи томонидан завқ-шавқ билан томоша қилиниши бежиз эмас. Муаллифлар фольклор мавзулардаги халқчил, қизиқарли воқеаларни саралаб олиб, ғоявий мазмун-моҳиятига кўра тамоман янги асар яратадилар.

1943 йилда суратга олинган «Насриддин Бухорода» бадиий фильмида Н. Ғаниев постановкачи режиссёр Я. Протазановга иккинчи режиссёр сифатида ёрдам берди. Бу иш истеъдодли ўзбек кинорежиссёри ижодининг юксак чўққиларга чиқишида муҳим босқич бўлди. Шу боис, кейинчалик Н. Ғаниевнинг ўзи Хўжа Насриддин ҳақидаги иккинчи фильм – «Насриддиннинг саргузаштлари» (1946) ни яратишга қўл урди. Бу фильм ҳам миллий кино санъатимизнинг «Олтин фонди»дан ўз муносиб ўрнини эгаллади.

Нафақат ўзбек кино санъати, балки жаҳон кинематографияси ривожига улкан ҳисса қўшган бу ажойиб инсон жуда эрта, ижодининг энг гуллаган даврида – 1953 йилда 49 ёшида вафот этди. Унинг ижоди халқимизга ҳануз ҳушчақчақ кайфият, кўтаринки руҳ ва эстетик завқ-шавқ бағишлаб келади.

Н. Ғаниевнинг миллий маданиятимиз, кино санъатимизни юксалтиришдаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланган. 1944 йилда унга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби фахрий унвони берилган.

2000 йилда Мустақил давлатимизнинг энг нуфузли мукофотларидан бўлмиш «Буюк хизматлари учун» ордени билан биринчилар қаторида тақдирланган.

Аъзам Исҳоқовнинг "Кинематография тарихи" китобидан.

@tvrra303