15.Э-курс. Кино-Авангард.
Аванга́рд (фр. Avant-garde, фр. avant олди, бош қисми фр. gard қўриқлаш, гвардия) — кинематографни ривожланиши йўлида коммерция киносига қарши ташкил этилган ижодий йўналиш. Баъзи ҳолларда Аванагард – “экспериментал кинематограф” тушунчасида ҳам қўлланилади.
Киноавангард – бадиий ифодалашнинг барча таркибий қисмларини новаторлик, янгиланиш йўли билан киноэстетикани анъанавий классик, консерватив йўналишни инкор этиш ва янги кинотилини топиш йўлида изланади.
Француз киноавангарди тасвирий санъатдаги импрессионистлар, сюрреализм, абстракционизм оқимлари билан яқиндан алоқада бўлган. Авангардизмнинг ёрқин намоёндалари Луи Деллюк, Жан Ренуар, Луи Бунюэль. Авангард оқимининг кинога кириб келиши киножараённинг талаби бўлган. Айнан 1920-йилларга келиб жаҳон киноси вояга етиб, улғайиб “ҳақиқий” кинематограф бўлиб шаклланганди. АҚШда Гриффит ва Инс, СССРда Кулешов ва Эйзенштейнлар кинони санъат даражасига олиб чиқиб монтаж, параллель монтаж, кадр, тасвир, сюжет ва кинонинг бошқа муҳим компонентларини ўзлаштириб бўлишганди. 1930-йилларга келиб Авангард оқими жаҳон киносининг машҳур режиссёрлари Луис Бунюэль ва Жан Кокто, Жан Виго, Рене Клер ва кўплаб бошқа ижодкорларга катта кинога йўл очиб бериб, ўзининг мантиқий якунига етиб келади.
Илк профессионал киношуносларнинг дунёга келиши, илк кино йўналишларнинг, “оқим” ва “тўлқин”ларнинг ҳам пайдо бўлишига олиб келади. Кино санъатининг пайдо бўлиши Франция билан боғлиқ бўлгани сингари, илк киношунослик ҳам айнан Парижда дунёга келади. Луи Деллюк (1890-1924), киноназариётчи, сценарист, режиссёр, “Авангард” кино оқимининг асосчиларидан бири, Парижда биринчилар қатори кино журналларни ташкил этиб, кино назариясини таҳлил қила бошлайди. Жумладан, у “Фильм”, “Киноклуб” ва “Синема” журналларини ташкил этади ва ҳамфикрлари Жермен Дюлак, Абель Ганс, Марсель Л’Эрбье ва Жан Эпштейн билан биргаликда кино назарияси, эстетикасини тарғибот қилади.
Деллюк ўзининг илмий мақолаларида кинематографни юксак санъат даражасига олиб чиқади. Луи Деллюк 1919 йили биринчилардан бўлиб кино назариясига бағишланган “Кино ва компания” китобини нашр қилади. Шу йилнинг ўзида аванградчиларнинг дастурига айланган “Кино фотогенияси” китобини чоп этади. Деллюк киноэстетикасига бағишланган китобида, “фотогения” – бошқа санъат турларидан ўзига хослиги билан ажралиб туришини таъкидлайди. Экрандаги ҳар бир кадр, образ чиройли бўлиб қолмай, ўзига хос характерга эга, таъсирчан бўлиши, идрок этилиши керак деб ҳисоблайди.
Деллюк ва авангардчиларнинг шиори – ҳар бир режиссёр бир-бирини такрорламайдиган индивидуал қобилиятга эга бўлиши ва атрофидаги ижодкорларни ўзининг ғоясига ишонтира олиши лозим. Шунингдек, “Кино фотогенияси” китобида муаллиф тасвирга олишда оператор кадрни яққол, барчаси бўрттирилиб кўриниши шарт эмас, аксинча, худди ҳаётдаги сингари, кўзимиз қандай баъзи бир нарсаларни, предметларни ғира-шира, эътиборсиз кўргани сингари, экранда ҳам шундай тасвир қилиниши талаб қилинади. Бадиий ифодалашнинг барча таркибий қисмлари режиссёр томонидан олдиндан ўйланган ва идрок этилган бўлиши шарт.
“Авангардчилар”нинг тушунчаларига кўра, режиссёр суратга олаётган эпизодини, худди рассом ўз асарини чизганда, бўёқ рангларидан тортиб композициягача барчасини ҳисоб-китоб қилгандай, чироқдан тортиб ритмгача ҳар бир нарсани аниқ белгилаб олиши зарур. Яъни, фильмнинг барча компонентлари – рассом, бастакор, оператор ишлари режиссёрга бўйсуниб, танланган ғояга хизмат қилиши керак. Актёрларнинг ички кечинмаси ташқи кўринишдан устун туришини таъкидлаган.
Луи Деллюк 33 ёшида вафот этмаганида, киноэстика ривожланишида катта ўзгаришларга эришиларди. Айниқса, овоз ва рангнинг кинога келиши авангардчи Деллюк учун кинонинг юксак савияга кўтаришига катта имкониятлар яратарди.
ОЙБЕК ВЕЙСАЛ ЎҒЛИ
киношунос, санъатшунослик фанлари номзоди
@tvrra303