40. Э-курс. КОМИЛ ЁРМАТОВ
From: Mashrabzoda
КОМИЛ ЁРМАТОВ
(1903-1978)
Машҳур кинорежиссёр ва киноактёр Комил Ёрматовнинг ижодий фаолияти Ўзбекистон кинематографияси тарихи билан чамбарчас боғлиқ. У ўзбек кино санъати билан бирга ўсиб, вояга етди, шуҳрат топди. «Ўзбекфильм» киностудияси ва унинг улкан ижодий жамоаси ёрдамида Комил Ёрматов Собиқ Иттифоқ миқёсида кўзга кўринган, дунёнинг жуда кўп мамлакатларига танилган кино арбоблари қаторидан муносиб ўрин эгаллади.
Комил Ёрматов 1903 йилнинг 2 майида Конибодом шаҳри (Тожикистон)да дунёга келди. 1924 йил Комилжон Москва шаҳрига ўқишга боради, 1925 йилда киноактёрлар тайёрлаш курсига ўқишга киради. Аброр Ҳидоятов, Маннон Уйғур, Обид Жалилов ва бошқалар билан бирга таълим олади. Ўқишни тамомлаб бир гуруҳ ёш, бўлажак санъат усталари билан Ўзбекистонга қайтади. Бу пайтда «Ўзбекгоскино» трести эндигина ташкил этилиб, «Шарқ юлдузи» номли кинофабрика ишга тушган эди. Ёш ўзбек кино мутахассислари шу йилиёқ «Равот қашқирлари» номли кинофильмни ишлаб чиқаришга киришадилар. К. Ёрматовнинг ўзбек киносида ўйнаган биринчи роли шу фильмда бўлди. Актёрликдан ташқари режиссёрликка жуда қизиқди.
1928 йили республика экранларига «Мачит гумбазлари тагида» бадиий фильми чиқарилди. Фильм 1916 йил Жиззах қўзғолонига бағишланган эди. Фильмнинг бош қаҳрамони Умар – оддий бир деҳқоннинг ўғли. Комил Ёрматовга бош қаҳрамон – Умар ролини ижро этиш топширилади. У масъулиятли вазифани бажариш учун астойдил киришади. Қўзғолон қатнашчиларини топиб, улар билан суҳбатлашади, қишлоқларга чиқиб, халқ турмуши, урф-одатларини яхшилаб ўрганади. Актёрлик маҳоратини ошириб боради, аммо кино режиссёрлик унинг энг олий орзуси эди. Унинг 1947 йилда яратган «Алишер Навоий» фильми миллий кино санъатимизнинг ажойиб дурдонасига айланди. Кейинчалик суратга олган «Пахтаой» (1951), «Опа-сингиллар» (1954), «Абу Али ибн Сино» (1956), «Осиё устида бўрон» (1966), «Икки дил достони» (1968), «Нодирабегим» сингари фильмлар ҳам томошабинлар эътиборига тушди, киношунослар томонидан юқори баҳоланди.
К. Ёрматовнинг сермаҳсул ижоди юксак баҳоланди. У етмиш ёшга тўлиши муносабати билан Марказий Осиё кино намояндалари орасида биринчи бўлиб «Меҳнат Қаҳрамони» шарафли унвонига сазовор бўлди.
Аъзам Исҳоқовнинг "Кинематография тарихи" китобидан.
@tvrra303