Янгиликлар / Новости
February 13, 2020

Маҳалла – ватан ичра мўжаз ватандир

Маҳалланинг ободлиги - она Ватаннинг ободлиги, том маънода мамлакат ва миллат фаровонлигидир. Мамлакатнинг ҳар жиҳатдан тараққий этиши учун меҳнат майдонларида фидойилик кўрсатувчи халқ маҳаллада яшайди, ижод қилади, янгиликлар яратади. Келажагимиз эгалари бўлган баркамол авлодни вояга етказишдек шарафли вазифани амалга оширади. Шунинг учун ҳам маҳалла ҳар даврда ўзининг муқаддаслиги билан эътибору, эътирофда бўлган.

Куни-кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида маҳалла тизимини такомиллаштириш, маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Унда тизимда амалга оширилган ютуқлар шу билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликлар ҳамда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳақида алоҳида таъкидланди.

Хусусан, маҳаллаларда 18 мингдан ортиқ ходим фаолият кўрсатиб келаётган бўлса-да, уларнинг иши самарали ташкил этилмаган. Оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тизим йўлга қўйилмаган. Оқибатда айрим маҳаллаларда нотинч оилалар, ҳуқуқбузарликлар кўпайган. Шунингдек, хотин-қизлар ва вояга етмаганлар орасида ўз жонига суиқасд қилиш ҳолатлари учраётгани жуда ачинарли эканлиги, Шунингдек, оилавий ажримлар, ёшлар саломатлиги, эрта туғруқлар, маънавий-ахлоқий тарбия билан боғлиқ муаммолар кўрсатиб ўтилди.

Маҳалла фуқаролар йиғинлариннг фаолиятини такомиллаштириш бўйича уларга етарли шарт-шароитлар яратилмаганлиги, кадрларга бўлган эҳтиёж масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари маҳаллаларда тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларга самарали ечим топиш, тинчлик-осойишталикни асраб-авайлаш йўлида барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш шартлигини таъкидлади. Ушбу улкан соҳага масъул алоҳида давлат идораси – Маҳалла ва оила масалалари вазирлигини ташкил этиш таклифи билдирилди.

Қайд этилганидек, янги вазирлик маҳалладан тортиб республика даражасигача 40 мингдан ортиқ ходимни бирлаштиради ва уларнинг “бир ёқадан бош чиқариб”, ягона мақсад йўлида фаолият кўрсатишларини таъминлайди. Бир сўз билан айтганда, жойларда муаммоларни ҳал қилишнинг яхлит ва таъсирчан вертикал тизими яратилади.

Йиғилишда маҳалла институтининг иқтисодий-молиявий асосларини кучайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Жорий йил 1 мартдан маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари ойлик иш ҳақи ўртача 1,35 бараварга оширилиши бегиланди.

- Дарҳақиқат, Учтепа туманидаги 60 дан зиёд маҳаллаларда ҳам Президентимиз таъкидлаган камчиликлар мавжуд, - дейди Учтепа туман Маҳалла кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ғуломиддин Шамсиев. - Биз уларни бартараф этиш мақсадида барча чора-тадбирларини амалга оширишга таёйрмиз.
- Юртбошимиз айтиб ўтганларидек, маҳалла тизимини такомиллаштиришда маҳалла фаоллари зиммасига катта маъсулият юкланади. Биз ана шу маъсулиятни ҳис қилган ҳолда маърузада келтирилган ҳар бир камчилик устида астойдил ишлашга ҳаракат қиламиз.
- Қолаверса, амалиётга жорий этилиши кутилаётган “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институтининг ташкил этилиши ҳамда 22 март санасини “Маҳалла тизими ходимлари куни” деб эълон қилиниши бизга катта руҳ ва куч бағишлайди.

Учтепа туман ҳокимлиги Матбуот хизмати