Умрбек Худойберганов: “Замонавий IT парк туманимиз ёшлари учун янги имконият эшикларини очади”
Хабарингиз бор, Учтепа тумани ҳокимлиги Матбуот хизмати учтепалик иқтидорли ёшлар билан яқиндан мулоқот олиб бориш мақсадида, “Ёнимиздаги истеъдодлар” лойиҳасини амалга ошириб келмоқда.
Лойиҳамизнинг бу галги қаҳрамони Турин Политехника университети талабаси Умрбек Худойберганов бўлди.
М.: Умрбек IT йўналишига қизиқишингиз ва айнан ўқиш учун Турин Политехника университетини танлашингизга нима сабаб бўлган?
У.Х.: Ўқувчилик пайтларимда IT соҳасига қизиқиш уйғонган. Шу боисдан интернет ва телевизорда бериладиган IT янгиликларини доимий кузатиб борардим.
Очиғини айтганда, айнан бакалавр босқичи келажагингиз учун муҳим босқич. Шунинг учун олийгоҳ танлашда ҳар томонлама ўйлаб қарор қабул қилиш керак. Бакалавр босқичига ҳужжат топширишда қизиқ жараён рўй берган.
Ҳар эҳтимолга қарши ҳужжатларимни 3 та олийгоҳга топширганман. Булар Турин Политехника университети, Тошкентдаги Инҳа университети ва Тошкент давлат техника университети бўлган. Омадим келиб учаласига ҳам контракт асосида қабул қилиндим. Устозларим ва яқинларим маслаҳати билан Турин Политехника университетини танладим. “Нега ИНҲА университети эмас?” деб, ҳайратланган дўстларим ҳам бўлди. Тўғри Инҳа университети ҳам ўз ўрни ва нуфузига эга. Лекин, ҳозирда мен ўқиётган Турин университетида Европа руҳияти билан бир қаторда, IT йўналишидаги таълим ҳам яхши йўлга қўйилган. Бунга ўтган ўқиш даврида гувоҳ бўлдим.
М.: IT соҳасининг бугунги ривожланаётган Ўзбекистон учун аҳамаяти қай даражада, деб ҳисоблайсиз?
У.Х.: Ҳиндистон даромадининг катта қисми IT технологиялари экспортидан келади. Бундай мисолларни Япония, Жанубий Корея каби давлатлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Сўнгги йилларда юртимизда ҳам IT соҳасига эътибор кучайган. Мисол учун, илгари хориждан келтирилган техникаларнинг ўзбек тилидаги дастур ва қўлланмалари деярли бўлмаган. Бу ўз навбатида одамларга ноқулайлик туғдирарди. Ҳозир эса дастурчилар томонидан ўзбек тилидаги IT маҳсулотлар яратиляпти. Куни кеча юртимизда очилган янги IT парк ҳам соҳага эътибор берилаётганлигини кўрсатади. Бундан албатта хурсандман.
Яна бир масала, туманимизда ҳам замонавий IT парк очилишини истайман. Бу орқали туманимиздаги дастурлаш ва график дизайн соҳасига қизиқувчи ёшлар учун жуда катта шароит яратилган бўлади. Соҳага қизиқувчи ёшлар дастурий маҳсулотлари билан туман ижтимоий-иқтисодий ҳаётига ҳисса қўшади, деб бемалол айта оламан.
М.: Охирги ўқиган китобингиз ҳақида таассуротларингиз қандай?
У.Х.: Президентимиз “Китобсиз тараққиётга, юксак маънавиятга эришиб бўлмайди, китоб ўқимаган одамнинг ҳам, миллатнинг ҳам келажаги йўқ!” деб айтган эди. Ҳақиқатдан ҳам китоб фикрлаш қобилиятингизни яхшилайди. Шу нуқтайи назардан бўш вақтларимда бадиий китоблар ўқиб тураман.
Охирги ўқиган китобим Санжар Турсуновнинг “Музаффар тонг” ҳикоялар тўплами бўлди. Китобда муаллиф ҳар бир образ характерини яратишга алоҳида эътибор қаратган ва қишлоқ турмуш тарзини очиб беришга ҳаракат қилган.
М.: Учтепадаги мавжуд муаммоларни нималарда кўрасиз?
У.Х.: Туманимизда амалга оширилаётган сўнгги ишлардан хурсандман. Туманимиз ҳар томонлама ривожланган шаҳар бўлишини хоҳлайман.
Саволингизга тўхталадиган бўлсам, мен истиқомат қилаётган 22 даҳада мавжуд кичик муаммо бор. Бу ҳудудимизда чиқинди идишларининг камлиги. Мисол учун кўчамиздаги ўриндиқлар ёнида аҳлат урналари деярли йўқ. Шу сабабли кўпчилик одамлар чиқиндиларни ариқларга ташлашади. Бу атроф муҳитни ифлослантириш билан бир қаторда, аҳоли саломатлигига ҳам жиддий хавф туғдиради. Ўйлайманки, ушбу муаммо тез орада ўз ижобий ечимини топади.
Учтепа тумани ҳокимлиги Матбуот хизмати