Янгиликлар / Новости
December 10, 2019

10 – ДЕКАБРЬ “ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ УМУМЖАҲОН ДЕКЛАРАЦИЯСИ” ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН КУН

Инсон шаъни, унинг қадр­­-қиммати энг олий қадриятдир. Инсон ҳуқуқлари масаласи эса демократик ҳуқуқий мамлакатнинг муҳим белгиларидан бири бўлиб, у давлатнинг қай даражада ривожланганлигини кўрсатиб берувчи мезон сифатида намоён бўлади.

Инсоният ўз тарихий ривожланиш жараёнида инсон ҳуқуқларига оид қонунчилик тизимини яратган. Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилик ­­- бу инсон ва фуқаро ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳақидаги қонунлар мажмуидир. Бу қонунлар қаторига инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳужжатлар ва миллий қонунлар киради.

Халқаро жамоатчилик, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасидаги асосий демократик тамойил ва талабларни ўзида мужассам этган ­- Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси 1948 йилнинг 10-декабрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 3-сессиясида қабул қилинган. Декларация муқаддима ва 30 моддадан иборат бўлиб, БМТга аъзо мамлакатлар, Ер сайёрасида яшаётган инсонларнинг барчасига бирдек тегишли бўлган ҳуқуқларни ўзида мужассам этган. Ўзбекистон Республикаси 1991 йилда ушбу декларацияга қўшилди.

Жорий йил бутунжаҳон инсон тамойилига асосланган халқаро ҳуқуқ тизимини шакллантиришнинг сиёсий, ҳуқуқий негизига айланган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 71 йиллигини нишонлайди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан сўнг қўшилган дастлабки халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлардан бири бўлган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида назарда тутилган асосий тамойиллар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, инсоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайдиган миллий қонунчилик меъёрларида ўз ифодасини топган. Хусусан, бош қомусимизнинг иккинчи бўлимида ҳам Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари ҳақида алоҳида таъкидланган.

Бу ҳужжат шу кунга қадар дунёнинг беш юздан ортиқ тилига таржима қилинган бўлиб, энг кўп таржима қилинган ҳужжат ҳисобланади.

БМТ бош котибининг ўринбосари Ян Элиассон ўзининг маърузаларидан бирида - “Тинчликсиз ривожланиш бўлмайди. Ривожланиш бўлмаса тинчлик бўлмайди. Бироқ инсон бўлмаса ривожланиш ҳам тинчлик ҳам бўлмайди”- дея таъкидлаган.

Бугунги кунда Учтепа туманида ҳам аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, ижтимоий ҳимояга мухтож оилаларга кўмак бериш, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқдаки, бунинг негизида инсон омили мавжуд.

Аслида ҳам инсон, шахс унинг ҳуқуқлари жамиятнинг энг олий қадрияти, бутун инсониятнинг интилишлари, орзу умидларини ўзида жамлаган кенг қамровли тушунчадир. Шу боис инсон ҳуқуқлари – ҳозирги тараққиётнинг асоси ва давр талабидир.

Учтепа туман ҳокимлиги Матбуот хизмати