April 6, 2020

Учтепа туман ҳокими мурожаати

Ҳурматли Учтепа туман аҳолиси!

Хабарингиз бор, бир неча кунлардан буён Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида коронавирус инфекциясининг юртимизда тарқалишини бартараф этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Ҳукумат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар касаллик юқиши эҳтимолини камайтириш, инфекция тарқалишини олдини олишга қаратилган.

Бу ҳақда биз туман ҳокимлигининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали доимий ахборот бериб бормоқдамиз.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, тиббиёт қанчалик ривожланган бўлмасин, давлат бунга қанча-қанча маблағ ажратмасин, одамларимиз шифокорлар тавсиясига амал қилмаса, тартиб-интизомли бўлиб, карантин қоидаларига риоя этмаса, барча кўрилаётган чораларимиз, пандемияга қарши курашиш учун сафарбар қилинган юз минглаб фидойи инсонларнинг меҳнати беҳуда кетиши мумкин.

Шу боис, Учтепа туманида коронавирус тарқалишига қарши курашиш учун барча зарурий чора-тадбирлар кўрилган. Хусусан, санитария-эпидемиология ва осойишталик маркази ходимлари ҳар куни дезинфекция ишларини олиб боришмоқда, шунингдек тезкор штаб ташкил этилиб, сиз у ерга исталган вақтда мурожаат қилишингиз мумкин.

Жорий йилнинг 3 апрель санасида бўлиб ўтган видеоселектрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга барча кучларни бирлаштириш зарурлигини аълоҳида таъкидлади.

Республикамиздаги 358 та деҳқон бозори ва улардаги “Элга хизмат” корхонаси жалб этилиб, маҳаллаларда соддалаштирилган кўчма савдони йўлга қўйиш чоралари белгиланди.

Шундай қилиб, Учтепа туманидаги ҳар бир маҳаллада ҳар уч кунда "Фарҳод деҳқон бозори" мобил ярмаркалари ташкил этилмоқда.

Туман сектор раҳбарлари белгиланган ҳудудда жойлашган корхоналар билан яқиндан ишлашни йўлга қўйишди. Бунинг учун махсус штаб ташкил этилиб, тадбиркорлар билан доимий алоқа орқали, уларга ёрдам берилмоқда.

Азиз тумандошлар!

Aгар биз ҳаммамиз ваҳимага тушмасдан карантин режимига киритилган қоидаларга қатъий риоя қилсак, бу хавфдан қутулишимиз осонроқ кечади.
Ўз навбатида мен барча тадбиркорларга, хусусан, "VIP Global" МЧЖ, "BRAIBANTI TECHNOLOGI" МЧЖ, "Oq oltin sladus" МЧЖ ва бошқаларга, шунингдек, халқимизга чексиз садоқат ва ватанпарварлик билан хизмат қилаётган ҳамда хайрия билан шуғулланаётган юртошларимизга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.

Беминнат ёрдам кўрсатиб, бу ҳақда ошкора билдирмаётган учтепаликларга алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман.

Хабарингиз бор, бир неча кун олдин Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш махсус маркази ташкил этилди. Қисқа вақт ичида марказ томонидан биргина Учтепа туманидаги 713 оилага озиқ-овқат ва дори-дармон махсулотлари таъминлаб берилди. Энди ёрдамга муҳтож ҳар бир киши ушбу марказнинг 1197 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб мурожаат қилиши мумкин.

Ҳурматли замондошлар!

Сизга илтимосим шуки, ҳаёт барчамизга берилган бебаҳо бир неъматдир. Уни асраб авайлаш ўз қўлимизда. Қолаверса, мамлакатимиз келажаги бўлган ёш авлодни соғлом ва бақувват қилиб вояга етказишда барчамиз бирдек маъсулмиз. Шундай экан, ҳаётимизни, оиламиз ва атрофимиздагилар ҳаётини сақлаб қолиш бугунги куннинг асосий талабидир. Уйда бўлинг ва соғлигингизга бефарқ бўлманг!

Биз эса сизга кечаю-кундуз ғамхўрлик қилишга тайёрмиз!

Учтепа туман ҳокими Фарҳод Абдуллаев