April 18, 2020

БУГУНГИ КУННИНГ ЯНА БИР ҚАҲРАМОНЛАРИ...

Мамлакатимизда бу йилги баҳор бироз ўзгача, ўзининг гўзаллигини таратишга улгурмагандай, гуллаган дарахтлар гўёки ҳижолат бўлиб, сукунат сақлагандай, ҳар гўшада фасллар келинчаги ўз сепини ёйиб, барчамизга ҳижолат бўлиб хурсандчилик улашаётгандай гўё. Зеро, бугунги синовли кунлар эртанги кунни ўйлаб, ҳар қандай шароитга тайёр туриб, сабр билан яшашга, ҳар бир кунимиз, нафас олган ҳар бир дақиқамизга шукрона келтиришга ундайди. Бугунги кунлар бизларга яна бир бор сабоқ бераётгандай гўё.

Дарҳақиқат, инсоният оғир ва синовли кунларни бошидан ўтказмоқда. Гавжум шаҳарлар кимсасиз, олдинги жўшқин ҳаёт тамомила тин олган. Болалар шовқинига тўлган боғчаю мактаблар, қулоқларимизга эшитиладиган ширали азон овозлари янграйдиган масжидлар бўм-бўш. Одамлар бу кунлар тезроқ ўтиб кетишига умид қилмоқдалар. “Уйда ўтиринг!” деган даъватга қулоқ тутмоқдалар. Аҳоли кўчага чиқмасдан ўз уйида, айниқса, кекса отахону онахонларимизни авайлаб, сабр билан ўтирибди. Барчанинг қалби ва тилида битта илтижо – илоҳим, касалликни бошимиздан арит, барчамизни ҳифзу ҳимоянгда сақла. Лекин унутмайлик, дардини берган шифосини ҳам беради. Имом Бухорий бобомиз ҳам “Ал-Жоме ас-саҳиҳ“ ҳадислар тўпламида ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳ қайси бир дардни тушурган бўлса, унинг давосини ҳам тушургандир“, деганлар.

Мана шундай синовли кунларда тиббиёт, ички ишлар, миллий гвардия, таълим соҳасидаги фидойиларни кун қаҳрамонлари дейиш халқимиз орасида одатга айланди. Ҳар куни уларнинг шаънларига дуолар ўқияпмиз, тасаннолар айтяпмиз. Албатта улар бунга лойиқлар. Бу ишларнинг замирида икки дунёлари учун асқотадиган манфаатлар ётибди.

Лекин яна бир соҳа вакиллари борки, улар ҳам кечани кеча, кундузни кундуз демай, эрта саҳардан то қош қорайгунича аҳоли ғами, дарди билан яшайдилар. Кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган оилалар, ёлғиз қолган қариялар ва ногиронлар ҳолидан хабар олиш кунлик одат тусига, турмуш тарзига айланган. Аҳолини кўчага чиқмасликка ундаб, ўзлари эса эрта саҳардан назорат постларига чиқадилар, кимларнингдир кўзига яхши, яна кимларгадир ёмон кўринадилар. Аҳолидан гоҳида ширин сўз, гоҳида эса дилни вайрон қиладиган ҳақоратларни ҳам эшитадилар. Ўз оилалари ва ҳаётларини гаровга қўйиб, маҳалла кезадилар. Бу инсонлар маҳалла фуқаролари йиғинларининг РАИСЛАРИДИР!
Азиз маҳалла фуқаролар йиғинларининг жонкуяр раислари!

Сизларнинг фидойилигингиз, ўз маҳаллангиз, аҳолингиз тақдири учун жон куйдиришингиз, ҳеч қандай касалликлардан қўрқмай, мардонавор ўз фаолиятингиз билан шуғулланишингиз қаҳрамонлик эмасми? Ҳамма аҳоли уйда ўтирганда Сизларнинг кўча, маҳалла кезишингиз, хонадонларга озиқ-овқат тарқатишингиз, инсонларга хотиржамлик улашишингиз қаҳрамонлик эмасми? Пандемия пайтида оилалар тинчлигини ўйлаб, ажримлар бўлмаслиги учун курашишингиз, жиноят кўчаларини мардоновор беркитиб, ижтимоий муҳитни оила даврасида эмас, маҳаллада соғломлаштириш ишларини олиб бораётганлигингиз қаҳрамонлик эмасми? Қўрқув, тушкунлик ва таҳлика исканжасида қолган аҳолини тинчлантириб, ваҳимага тушмасликка чақириш, уйда ўтириш бўйича хонадонма хонадон тентираш қаҳрамонлик эмасми? Ҳа, Сиз ҳам БУГУННИНГ ҚАҲРАМОНЛАРИСИЗ! Сизларга соғлик-саломатлик, куч-қувват тилаймиз. Илоҳим, халқнинг оғирини енгил қилиб, кечаю кундуз олиб бораётган ишларингиздан Оллоҳ рози бўлсин!

Биз эса бугун карантин қоидаларига риоя қилмаётганларга ижтимоий тармоқларда ҳар куни такрорланаётган ушбу иборани яна бир бор эслатиб қўймоқчимиз: “Касаллик юқтирганларнинг сони камайишини истасангиз, улар орасида сиз, оилангиз ва яқинларингиз бўлишини хоҳламасангиз, уйда қолинг! Унутманг: вирусни биз тарқатмасак, у ўз-ўзича тарқай олмайди”.

Барчамизни Яратганнинг ўзи паноҳида асрасин!

Замира Азимбаева
Учтепа тумани ҳокими ўринбосари,
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи