April 11, 2020

Kun.uz сайтида эълон қилинган мақолага муносабат

Учтепа туман ҳокимлиги, туман прокуратураси, Тошкент шаҳар мактабгача таълим бошқармасининг малакали ходимлардан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, жорий йилнинг 11 апрель куни Kun.uz сайтда эълон қилинган «Қурувчи Учтепа туман прокурори пулини бермаганлигини айтмоқда. Шаҳар прокуратураси ҳолис текширув ўтказганми» сарлавҳали мақолада қайд этилган ҳолатлар ўрганилди.

Аниқланишича, Учтепа тумани, Пахтакор маҳалласи, Уйғур кўчаси 471а-уйда жойлашган 17-сонли мактабгача таълим ташкилоти 1967 йилда қурилган бўлиб, 180 ўринга мўлжалланган. Ҳозирда таъмирталаб аҳволга келганлиги сабабли, Учтепа тумани мактабгача таълим бўлимининг ушбу МТТда жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш ва унда тарбияланаётган болаларни бошқа муассасаларга вақтинча жойлаштириш тўғрисида тегишли буйруғи қабул қилинган.

Амалдаги қонунчиликка кўра, Учтепа туман мактабгача таълим бўлими томонидан 2019 йил январь ойида танлов эълон қилиниб, танлов натижасига кўра «Castle» масъулияти чекланган жамияти ушбу МТТда жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича танлов ғолиби деб топилган ва мазкур жамият билан 01 февраль куни 1/01 сонли пудрат шартномаси тузилган.

Шунга асосан «Castle» МЧЖ томонидан ушбу МТТда жорий таъмирлаш ишлари 2019 йилнинг 2 февраль куни бошланиб,МЧЖ раҳбари С.Пак томонидан ушбу ишларнинг бир қисмини бажариш учун фуқаро Д.Саттаров бошчилигидаги ишчилар бригадаси ёлланган.

Пудратчи ташкилот томонидан ишлаб чиқилган сметага асосан мазкур МТТни таъмирлаш учун 800,0 млн. сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилганлиги боис, 2019 йилнинг февраль ойида ушбу жами маблағнинг 15 фоизи МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб берилган.

Гарчанд, мақолада Д.Саттаров ушбу ташкилотда 121,8 млн. сўмлик ишларини бажарганлигини баён қилган бўлсада, «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг малакали мутахассислари томонидан ўтказилган назорат ўлчови натижасида, у бошчилигидаги бригада томонидан ҳақиқатда 63 млн сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилиб, 58 млн. сўмлик қурилиш ишлари ва бошқа ҳаражатлар ошириб кўрсатилганлиги аниқланди.

Мавжуд маълумотларга қараганда, бугунги кунга қадар Д.Саттаровнинг бригадасига 112,8 млн. сўм миқдорида тўловлар амалга оширилган.

Амалдаги қонун талабларига кўра, «Castle» МЧЖ раҳбарияти ва Д.Саттаровнинг бригадаси ўртасида вужудга келган бажарилган ишлар ҳажмига доир низо белгиланган тартибда фуқаролик судида ҳал этилишини алоҳида таъкидлаш лозим.

Шу билан бирга, ушбу объект ҳомийлар ҳисобидан қурилаётган бўлиб, Учтепа туман прокурори томонидан молиялаштирилаётганлиги ҳақидаги важлар ўз тасдиғини топмади.

Мақолада қайд этилган, туман прокурори тазйиқи остида ишдан бўшатилган Учтепа туман мактабгача таълими бўлими муҳандиси С.Ортиқов ва 17-сонли МТТ раҳбари Д.Ахрарова борасидаги важлар ўрганилганда, Д.Ахрарова ҳозирги кунга қадар ўз лавозимида ишлаб келаётганлиги, мутахассис С.Ортиқов эса ўз ҳохишига кўра берган аризасига асосан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги аниқланди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, Учтепа туман ҳокимлиги томонидан 17-сонли МТТда жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 1,3 млрд сўм маблағ ажратиш белгиланган бўлиб, барча қулайликларга эга бўлган, замонавий кўринишдаги боғчани жорий йилнинг 1 сентябрь ойига қадар топшириш режалаштирилган.

Учтепа тумани ҳокимлиги Матбуот хизмати