Фойдали / Полезное
September 17, 2019

МОТИВАЦИОН МАКТУБ (ХАТ) ҚАНДАЙ ЁЗИЛАДИ?

Хабарингиз бор, Учтепа туман ҳокимлиги туман ижтимоий-иқтисодий ҳаётида фаол иштирок этиш мақсадидаги ёшларни бирлаштирувчи “Ёнимиздаги истеъдодлар”, “Creative Youth” каби қатор лойиҳаларни амалга оширди. Ўз навбатида лойиҳада иштирок этмоқчи бўлган ёшларни саралаш учун мотивацион хат сўралган эди.

Жараён давомида ёшлардан мотивацион хатнинг ёзилиш тартиби тўғрисидаги кўплаб саволлар келиб тушди. Биз ана шундай ёшларнинг талаб ва истакларидан келиб чиқиб мотивацион хат ёзиш услубини DААD (Германия академик алмашинув) дастури мисолида кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз.

Мотивацион хати – турли дастурлар, анжуман ва форумлар, грант, стипендия ҳамда шу кабиларга сўраладиган энг муҳим ҳужжатлардан бири. Аввало, шуни айтиш ўринлики, мотивацион хат резюменгизнинг айнан “такрор” варианти бўлиб қолмаслиги керак. Ёзишни сўнгги кунга ташлаб қўйманг. Мотивацион хат ёзишни имкон қадар олдинроқ ва тезроқ бошлаганингиз мақсадга мувофиқ.

Биринчи навбатда, ўзингизга муҳим савол беринг:

  • Қандай ишни бажариш имкониятим мавжуд?
  • Диплом олгандан кейин қайси соҳада ишлашни хоҳлайман?
  • Мамлакатда жамият, сиёсий ёки технологик соҳа ривожига нима ҳиссам тегади?
  • Эсда сақлангки, сиз танлаган ўқув дастур профессионал мақсадларга эришишингизга таъсир қилади. Шундай экан, ушбу дастурга ўзингизни нима учун муносиб деб, ҳисоблайсиз?
  • Нега айнан уни Германияда ўрганишни хоҳлайсиз ва бошқалар?

Мотивацион хатингизда салоҳиятингиз юқори эканлигига урғу беринг. Аммо буни бўртириб ташламаганигиз маъқул. Шунингдек, Германиядаги университет факультети ёки мактаб йўналишиларидан бирини танлаб, режалаштирилган таълим ўртасидаги муносабатларни келтиринг. Танланган таълим йўналиши бўйича уларнинг ўқув дастурлари ва сизнинг аввалги тажрибангиз ўртасидаги кутилаётган аниқ натижа изоҳини ҳам баён қилинг. Танланган университет ёки мактаб таълимини Германияда муносиб оқлаш истагини айтинг. Германияда таҳсил муваффақиятга ёрдам беришини айрим амалий тажрибаларда тасвирлаб беринг. Ўрганиш билан боғлиқ шахсий қарашлар, имкониятлар ҳақида гапириш, битирувдан сўнг мақсадларни белгиланган тарзда кўрсатинг.

Мактуб тўғри эканлигига ишонч ҳосил қилинг. Биринчи навбатда зарур қисмига эътибор қаратинг. Агар имкон бўлса бошқа одамларга такроран текширтиринг. Мотивацион хат икки, кўпи билан уч саҳифадан иборат бўлиши лозим. Матннинг грамматик қурилиши, имловий ўринларини ҳам назардан четда қолдирманг.

Эсингизда бўлсин, сизга суҳбат давомида Мотивацион хатингиз бўйича саволлар берилиши мумкин.

Учтепа туман ҳокимлиги Матбуот хизмати