“Сенсан жилоланган миллат кўзгуси!” мавзусидаги ижодий ишлар танлови
Учтепа тумани ҳокимлиги 21 октябрь – “Ўзбек тили байрами куни” муносабати билан “Сенсан жилоланган миллат кўзгуси!” мавзусидаги ижодий ишлар танловини эълон қилади.
Танловда 16 ёшдан юқори барча учтепаликлар иштирок этишлари мумкин.
Танлов қуйидаги номинациялар бўйича ўтказилади:
- “Энг яхши мақола”
- “Энг яхши шеър”
- “Энг яхши видеоролик”
- Ижодий ишларга қўйиладиган талаблар:
“Энг яхши мақола” – номинацияга келиб тушган ижодий ишлар
1 интервалда ёзилиши, мақола ҳажми 3 бетгача, Word дастурида, Times New Roman шрифтида чапдан 30 мм, ўнгдан 15 мм, юқори ва пастдан 25 мм қолдирилган ҳолда, мақола мавзусидан кейин муаллифнинг фамилия, исми ва шарифи (тўлиқ) ва яшаш жойи кўрсатилиши лозим. Мақола қоғоз ёки электрон вариантда топширилиши мумкин. Мақолалар ўзбек ва рус тилларида қабул қилинади.
Мақолалар қуйидаги мезонлар бўйича баҳоланади (Жами: 60 балл):
- мавзунинг мазмун-моҳияти тўлақонли очиб берилганлиги – 10 балл;
- мақоланинг стилистик ва грамматик жиҳатдан тўғри ёзилганлиги – 10 балл;
- мавзуни ёритишда адабиётлардан фойдаланганлик даражаси ва таҳлилий ёндашувлар, мустақил фикрларнинг аниқ билдирилганлиги – 10 балл;
- мавзуни ёритишга ўзига хос ижодкорлик хусусиятлари ифода этилганлиги – 10 балл;
- мавзуни ёритишда ҳаётий мисоллардан кенг фойдаланганлиги – 10 балл;
- мавзуга оид долзарб масалалар, уларнинг ечимлари тўғрисида таклифлар келтирилганлиги – 10 балл.
“Энг яхши шеър” – номинацияга келиб тушган ижодий ишлар мазмунан тугал, имловий ва услубий камчиликларга йўл қўйилмаган бўлиши керак. Бир иштирокчи фақат 5 тагача шеър топшириши мумкин.
“Энг яхши видеоролик” – номинацияга келиб тушган видеороликлар аниқ мазмун –моҳияти кўзланган ва тугал фикрга эга бўлган, креатив, таъсирчан ва замонавий ёндашув акс этган ҳамда давомийлиги 2 дақиқагача бўлган ўзбек, рус ёки инглиз тилларида видеоролик тайёрлашлари лозим.
Танловга планшет, шахсий компьютер мобиль телефон ва бошқа воситалар орқали тайёрланган AVI, MP4, MOV, MPEG форматидаги исталган жанрдаги видеоматериаллар: саҳналаштирилган, ҳужжатли, анимацион, мусиқий ва бошқа жанрдаги ишлар қабул қилинади.
Номинациялар бўйича ижодий ишлар 2020 йилнинг 15 октябридан 19 октябрига қадар қадар Учтепа тумани ҳокимлиги Фарҳод кўчаси 21 уй ёки @uchtepatanlov_bot Телеграм манзилида қабул қилинади.
Материалларга муаллифнинг паспорт ёки туғилганлик гувоҳномаси нусхаси илова қилиниши лозим. Келиб тушган ижодий ишлар тақриз қилинмайди ва муаллифларга қайтарилмайди.
Плагиатлиги аниқланган ижодий ишлар танловдан четлаштирилади. Учтепа тумани ҳокимлиги танловга юборилган материалларни келгусида чоп этиш ва турли тадбирларда эркин фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
Ижодий ишлар ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланади. Учтепа тумани ҳокимлиги ҳакамлар ҳайъатининг якуний қарори бўйича ҳеч қандай изоҳ бериш маъсулиятини ўз зиммасига олмайди.
Ҳар бир номинация бўйича иккита ўрин аниқланиб қуйидаги мукофотлар билан тақдирланади:
“Энг яхши мақола” номинацияси:
1 ўринга - I-даражали диплом ва планшет;
2 ўринга - “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” жамланмаси;
“Энг яхши шеър” номинацияси:
1 ўринга I-даражали диплом ва планшет;
2 ўринга - “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” жамланмаси;
“Энг яхши видеоролик” номинацияси:
1 ўринга I-даражали диплом ва ноутбук;
2 ўринга - “Ўзбек тилин инг изоҳли луғати” жамланмаси;
Танлов натижалари 2020 йилнинг 20 октябрь куни Учтепа тумани ҳокимлиги Матбуот хизмати ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилинади.