Учтепа туман ҳокими мурожаати
Ҳурматли Учтепа туман аҳолиси!
Барчангизга яхши маълумки, биз оғир ва синовли кунларни бошдан кечирмоқдамиз. Бутун жаҳонни қамраб олган Covid- 19 вируси кишиларнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда, турмуш тарзини ўзгартирмоқда.
Ушбу касалликка қарши курашиш, пандемия билан боғлиқ вазиятни назорат қилиш борасида эса юртимизда кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан Учтепа туманида 8 нафардан иборат марказий, 5 нафардан иборат 4 та сектор ва 60 та маҳалла штаблари фаолияти йўлга қуйилди.
Аҳолининг пандемия билан ва бошқа тиббий мурожаатларини ўрганувчи “1073” қисқа рақамли Сall-markaz фаолияти йўлга қўйилиб, марказга 10 нафар малакали тиббиёт ходимлари жалб этилди.
Ушбу марказда бугунга қадар 1 минг 500 дан ортиқ мурожаатлар қабул қилиниб, улар қисқа муддатларда ҳал этиб келинмоқда.
Бундан ташқари, тумандаги 7 та оилавий поликлиникаларнинг ҳар бирида 3 тадан 21 та “мобил гуруҳ” ташкил қилиниб, улар томонидан аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни ошириш мақсадида, тиббий ёрдам учун мўлжалланган 41 турдаги дори-дармон воситаларидан 30 турдаги дорилар ва 25 та MANO органайзер билан таъминланди.
Туманда 2 та (Атлас савдо мажмуаси ва Жахон тиллари университетининг ётоқхонаси)да жами 500 га яқин ўринли махсус касалхоналар ташкил этилди.
Шунингдек, Учтепа туманида жойлашган 23-оилавий поликлиниканинг “Бирлик” филиалида коронавирус билан зарарланган фуқароларни қабул қилувчи махсус “Covid маркази” ташкил этилган. Марказ 2 та кислород концентратор, 2 та пульсометр, 2 та нафас берувчи Chipap ва 1 та портатив рентген аппаратлари билан жиҳозланиб, 15 нафар тиббиёт бирлашмасининг малакали мутахассислар бириктирилди.
Ҳозирги кунда тумандаги 2 та хусусий клиника, 100 ўринли “JACKSOFT”, 40 ўринли “OLAM” клиникаларида инфекция юқтирган беморлар даволанмоқда.
Туманда жойлашган шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси 260 ўринга мўлжалланган бўлиб, 10 июлда тўлиқ қувватда ишлаган бўлса, бугун 215 та бўш ўринлар мавжуд.
Бундан ташқари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент шаҳар Тез тиббий ёрдам Учтепа тумани 4-бўлимига чақирувлар 650-800 тани ташкил қилган бўлса, хозирда бу кўрсаткич бир суткада 250-300 тани ташкил қилиб, 2 - 2,5 баробарга камайди.
Олиб борилаётган чора-тадбирлар натижасида туманда коронавирусга чалиниб, ҳозирда шифо тапганлар сони 90 фоизга етди.
Яна бир масала алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман, санитария-эпидемиологик осойишталик марказига яратилган шароитлардан кейин тест намуналари олиш 2 баробар ошиб, ҳар куни 350 – 400 тагача суртма олинмоқда.
Энг асосийси олинган тест намуналари натижаси 1 ёки ўзоғи билан 1 ярим кунда аниқланмоқда.
Тумандаги барча 60 та маҳалла фуқаролар йиғинида “Короновирус инфекциясига чалинган беморлар ва уларнинг хонадонларида карантин тадбирларини ташкил этиш”бўйичаШТАБлар ташкил этилган бўлиб, ШТАБ аъзолари томонидан барча беморларга эслатма ва йўриқномалар тарқатилган. Касалланган беморлар 3 та тоифага бўлинган. Тоифаларга кўра ШТАБ аъзолари хонадонлардан ҳар куни бир маротаба “онлайн” хабар олмоқдалар, патронаж ҳамшираси билан ҳар куни маҳалла фуқаролар йиғини раислари 3 маротаба телефон орқали ахборот алмашмоқдалар. Янги аниқланган беморлар билан патронаж хамшираси ва маҳалла фуқаролар раиси ҳар куни 3 маротаба телефон орқали боғланиб, қисқа ахборот алмашади. Тузалиб чиққан беморлар 7 кун изоляцияга олиниб, ҳар бир фуқаро учун обсервация варақалари тузилмоқда, касаллик аломатлари кузатилмаса, назоратдан ечилмоқда. Маҳаллаларда тузилган ШТАБлар кунлик ҳисоботларни туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига тақдим этилмоқда.
Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари барча йўналишдаги хонадонлардан ҳар куни 1 маротаба “онлайн хабар” олиб, бемор ва унинг хонадон аъзоларининг ҳолидан хабар олиб, зарур эҳтиёжларни етказиб бериш ишлари ташкиллаштирилмоқда. Штабга бугунги кунга қадар 211та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, 177 таси жойида қаноатлантирилган қолган мурожаатлар ҳозирда ижрода.
Афсуски, пандемия сабаб тумандаги 1494 та корхона фаолиятини вақтинчалик амалга ошира олмади. Юзага келган муааммоларни ўрганиш ва бартараф қилиш, уларнинг иш фаолиятини ташкил этишга кўмаклашиш масалалари бўйича махсус штаб ташкил этилди.
Хабарингиз бор, кўплаб кунлик ишловчи ёки вақтинча банд бўлмаган ҳамда ижтимоий ҳимояга мухтож аҳоли вакиллари карантин туфайли бироз оғир вазиятда қолишди. Уларга кўмаклашиш мақсадида тумандаги мавжуд 60 та маҳаллардан жами 4508 нафар фуқароларнинг пластик карталарига пул маблағлари тушириб берилган бўлиб, шундан 945 нафар фуқароларнинг пластик карталарига “Миллий банк” туман бўлими томонидан 2,5 млн. маблағ тушуриб берилди.
Бундан ташқари Тошкент шахар хокимининг 29.07.2020 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 346-ф-сонли фармойиши ижроси тўғрисида”ги қарорига асосан Учтепа тумани 4 секторида мавжуд бўлган темир дафтар рўйхатида бўлган 2298 нафар оилалаларга ажратилган пул маблағларини тарқатиш ишлари амалга оширилди. Жаъми 4 сектор бўйича 60 та маҳаллаларда 2298 та оилаларга бир марталик моддий ёрдам бериш учун 2 млд. 297 млн. 400 минг сўм нақд пул ажратилган бўлиб, туман ишчи гуруҳлари хамда маҳалла раислари ва фаоллари томонидан рўйхатдаги барча оилаларга етказиб берилди.
Жорий йилнинг 15 августидан Республика махсус комиссияси қарорига биноан карантин талаблари босқичма-босқич юмшатилмоқда. Шунга қарамасдан, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Темир интизом” ҳаммамиз учун энг биринчи масала бўлиб қолиши керак. Корхоналар, ташкилотлар, қишлоқ хўжалиги соҳаси ва қурилиш майдонлари, транспорт ва жамоат жойларида ҳам ушбу талабларга қатъий амал қилиш зарур.
Сизларга шуни алоҳида айтиб ўтмоқчиманки, карантин қоидалари юмшатилмоқда. Аммо туманда кунлик дезинфекция ишлари бажарилиши давом этмоқда. Шунингдек, барча турдаги ташкилотлар ва аҳолига хизмат кўрсатувчи объектларда белгиланган қоидаларга амал қилиниши қатъий назорат остида.
Ҳурматли Учтепа туман аҳолиси!
Сиз ҳам карантин қоидаларига амал қилинг: кўчага ниқобларсиз чиқманг, ижтимоий масофа сақланг ва гигиена қоидаларига амал қилинг. Унутманг, сизнинг саломатлигингиз нафақат туман, балки бутун республика аҳолисининг саломатлиги билан чамбарчас боғлиқ!
Учтепа туман ҳокими Фарҳод Абдуллаев