Учтепалик саховатпешаларга раҳмат
Азиз учтепаликлар!
Ҳозирда бутун азим дунё эвирилишлар даврида нафас олмоқда. Кишиларнинг турмуш-тарзи, одатий ҳаёти ўзгарди. Бугун инсоният бошидан кечираётган бу синовли кунларни ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ сабр қилиб, бирлашиб, бир куч бўлиб енгиб ўтиш жуда ҳам зарур.
Кеча 3 апрель санасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида коронавирус эпидемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш масалалари бўйича видеоселектр ўтказилди.
Унда давлатимиз раҳбари ўзбек халқининг нақадар кучли ирода соҳиблари эканлигини, имконияти бор миллатимиз жонкуярлари бу таҳликали кунларда ўз ватандошларига ёрдам бериб келаётгани тақсинга лойиқ эканлиги шунингдек, ҳушёрликни йўқотмасдан, бирлашиб синовлардан ўта олишимиз мумкин эканлигини алоҳида таъкидлади.
Чиндан ҳам бу бирдамлик янада сергак бўлишни, қийинчиликларни бирлашиб енга олишимизни талаб этади. Аммо ҳамманинг ҳам шарт-шароити бир ҳил бўлмагани боис кимгадир бу ҳолат қийинчилик туғдираётганини биз сезяпмиз. Шукрки, жамиятимизда савоб излаган, кишиларга кўмаклашишга ҳамиша шай бўлган саховатпеша инсонлар бор.
Бугун республика қолаверса, шаҳримизнинг турли ҳудудларида бўлгани каби Учтепа туманида ҳам волонтёрлик ҳаракати кенг қулоч ёйди.
Бу ҳаракат аъзолари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган шахслар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек, кекса ва ёлғиз, имконияти чекланган, ижтимоий ҳимояга мухтож оилаларнинг оғирини енгил қилишга бефарқ бўлмаган ҳомийларга савобли ишларини амалга оширишда ёрдам бермоқда.
Инсонлар бир-бири учун ғаниматдир. Эзгулик, кишиларга меҳр улашиш, яхшилик қилиш халқимизнинг ота-боболардан қолган урф-одатидир. Айни пайтда сиз учун кичик бўлган бир яхшилик неча минг кишиларни қувонтирмоқда, бахт улашмоқда, ташвишини енгил қилмоқда.
Алоҳида эътироф этиш жоиз, учтепаликлар орасида чинакам меҳру саховат соҳиблари борки, улар ҳеч кимни туртки бўлишларини кутиб ўтирмади. Карантинни илк кунлариданоқ атрофига ўзи каби жонкуярларни жамлади. Улар "Учтепа эҳсон" лойиҳаси билан юзлаб бевалар, ёлғизлар, ногиронлиги бўлган шахсларни рўзғоридан хабар олишди. Туманнинг ҳеч қайси хонадони қолмадики, ҳар луқма тановвулида сизни эсламаган, дуо қилмаган.
Мана шу чинакам эзгулик. Биз ушбу лойиҳада иштирок этган ҳар бир юксак қалб соҳибига миннатдорчилик билдирамиз! Биламиз, сиз савоб илинжида бу ишни бажардингиз, сизга таъзимдамиз! Отангизга раҳмат!
Чиндан ҳам саховат қилиш бизнинг халқимизга ярашади. Бу кунлар бизни бир-биримизга яқинлашишимиз, таскин беришимиз учун айни муддао. Ўйлаймизки, биз бирдамликда барини енгамиз. Биз биргаликда катта кучмиз!
Учтепаликлар бу кунларни ўзининг қанчалар бағрикенглиги, қанчалар фидоий эканлиги билан енгиб ўтади. Биз бунга ишонамиз.
Эндиликда саховат тадбирлари Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан марказлашган ҳолда амалга оширилади.
Ўзингизни асранг!
Учтепа туман ҳокимлиги жамоаси