Муносабат
Куни-кеча "qalampir.uz" сайтида "Ташқарида XXI аср, Учтепадаги мактаб эса уйдан олиб келинган эски электр печка билан иситиляпти" деб номланган танқидий хабар тарқалди.
Унда Учтепа туманидаги 297-мактабда иситиш тизими куз-қиш мавсуми бошланганидан буён умуман ишламаётганлиги таъкидланган.
Учтепа туман Халқ таълими бўлими томонидан мазкур ҳолат атрофлича ўрганилди. 297-сонли умумтаълим мактаби 1990 йилда қурилган, 1100 ўқувчига мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунда 1141 нафар ўқувчиларга 74 нафар ўқитувчилар таълим-тарбия бериб келишмоқда.
2019 йилда маҳаллий бюджет ҳисобидан иссиқлик тизими, хожатхона ва канализация тизимини таъмирлаш учун 240 млн сўм ажратилган, шундан хожатхоналар ва канализация тизимини таъмирлаш учун 40 млн сўм маблағ сарфланган. Иссиқлик тизимини таъмирлаш учун 200 млн сўм маблағ ажратилди ва 167 млн сўм ишлатилган.
Халқ таълими вазирлиги томонидан мактабнинг ҳолати тўлиқ ўрганиб чиқилиб, ўқувчи-ёшларнинг сифатли таълим тарбия олишлари ва халқаро талаблар асосида замонавий илм-фан ютуқларини эгаллашлари учун 2019 йилда капитал таъмирлаш бўйича таклифлар берилди. Мазкур таклиф асосида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 августидаги “Тошкент шаҳри умумтаълим мактаблари фаолиятини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 679-сонли Қарорига мувофиқ мактабда капитал таъмирлаш ишлари олиб борилиши белгиланган.
Мактаб ўқувчилари ҳудудда жойлашган Тошкент иқтисодиёт ва сервис коллежида 2019 йилнинг 4 декабрдан бошлаб ўқишларини давом эттирилиши белгиланди.
Мактабда капитал таъмирлаш ишлари олиб бориш учун Халқ таълими вазирлиги томонидан тендер савдолари ўтказилиб, “Электр монтаж порлоқ” МЧЖ тендер ғолиби деб топилган. 2019 йил 2 декабр кунидан бошлаб мактабда қурилиш таъмирлаш ишлари бошланди.
Учтепа тумани Халқ таълими бўлими бу борадаги ташкилий масалаларни ўз назоратига олади ва бажарилган ишлар юзасидан қўшимча маълумот берилади.
Учтепа туман ҳокимлиги Матбуот хизмати