Бу муҳим / Это важно
December 13, 2019

Учтепа туман ҳокимининг тадбиркорларга мурожаати

Ҳурматли туманимиз тадбиркорлари!

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш туманимиз иқтисодий тараққиётининг асосий пойдеворларидандир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сўзлари билан айтганда, биз фақат фаол тадбиркорлик, тинимсиз меҳнат ва интилиш орқали тараққиётга, фаровон ҳаётга эриша оламиз.

Бу мақсадга эришишнинг самарали усулларидан бири эса тадбиркорлар учун кечагидан кўра кўпроқ шароитлар яратиш, улар олдидаги тўсиқларни қисқа фурсатларда бартараф этиш ва уларга яқиндан кўмак беришдан иборатдир.

Учтепа туманида жорий йилнинг ўтган давр мобайнида 7 мингдан зиёд янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди.
“Ҳар бир оила-тадбиркор” дастури доирасида туманда жами 37 млрд 663,7 млн сўм режа кўрсаткичи белгиланган бўлиб, амалда 31 млрд 614,1 млн сўм, режага нисбатан 83 фоизни ташкил этди.
Жумладан, тадбиркорлик истагини билдирган 96 та юридик шахсларга 25 млрд 21,6 млн сўм ҳамда 258 та жисмоний шахсларга 6 млрд 592,5 млн сўм миқдоридаги имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

Қадрли учтепаликлар!

Таъкидлаш жоизки, ишбилармон ва тадбиркорларнинг дардига қулоқ солиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, улар фаолиятига кенг йўл очиш ва уларга яқин кўмакдош бўлиш юзасидан ҳали амалга ошириладиган ишларимиз бисёр.

Муҳтарам Президентимиз айтганларидек, биз раҳбарлар тинмай изланишимиз, муаммоларнинг оқибати билан эмас, балки уларнинг туб негизига етиб бориб, ақл билан, илм билан ечим излашимиз лозим.

Учтепа туманида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишда мавжуд салоҳият, ер, хомашё ва меҳнат ресурслари тўлиқ фойланилмаётганлиги каби муаммоларни ечиш мақсадида, тегишли идоралар томонидан уларни ривожлантириш бўйича амалий ёрдам кўрсатилиши йўлга қўйилади.

Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарига Учтепа туманидан кўплаб мурожаатлар келиб тушган. Ваҳоланки, улардан аксарияти туман даражасида ҳал қилиниши мумкин бўлса-да, муаммолар жойида ечилмагани учун фуқаролар юқори идораларга мурожаат қилишга мажбур бўлишмоқда.

Мазкур мурожаатларни таҳлил қилганимизда, тадбиркорларни қийнаётган 2 муҳим масала мавжуд, бу ҳам бўлса ер ажратиш ва кредит беришдир.

Бу масала аввало, ҳокимият вакилларининг тадбиркорларни рози қилишдаги энг оғриқли муаммолардан бирига айланган.


Бу йўналишда биз албатта очиқ, шаффоф ва адолатли янги тизим яратишга ҳаракат қиламиз.

Шу боис, ҳудудимизда бўш ёки самарасиз фойдаланилаётган ер майдонлари ва бинолар негизида замонавий бизнес учун биноларни жойлаштириш концепцияси ишлаб чиқилмоқда.

Шунингдек, туманимиздан оқиб ўтувчи каналлар атрофидаги ерлардан оқилона фойдаланиш мақсадида, лойиҳалар асосида тадбиркорлар учун жойлар ажратиш чораларини ишлаб чиқамиз.

Ҳурматли тадбиркорлар!

Шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги бизнес жараёнларида малакали мутахассисларга бўлган талаб ортиб бораётганлиги сир эмас.

Тадбиркорликнинг турли тармоқ ва йўналишларида энг илғор тажрибаларни қўллаш, замонавий техника ва технологияларни тадбиқ этиш мақсадида, малакали кадрларни жалб қилиш, улар тажрибасини орттиришга шароит яратамоқдамиз.

Бундан ташқари, тадбиркор бўлиш истагида бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга ўз йўлларини топишга кўмаклашиш учун, қўшимча имкониятлар мавжуд. Бунда, ўз бизнесига эга тажрибали тадбиркорлар томонидан “Маҳорат дарслари”ни ташкил этиш режалаштирилган.

Шу боис, Сизларни ишонтириб айтамизки:

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 августдаги ПҚ-4427 сонли "Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини бериш ҳамда архитектура-қурилиш ишларини амалга ошириш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан ер ажратиш очиқ-ошкора равишда электрон аукцион орқали амалга оширилади;

Иккинчидан, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш кўзда тутилган лойиҳалар, молиявий ресурслар, имтиёзлар, шунингдек тижорат банкларининг кредит портфели ҳақида кенг ахборот бериш йўлга қўйилади.

Учинчидан, тадбиркорларнинг бизнес ғояларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида, ҳар бир тақдим этилган лойиҳа бизнинг шахсий назоратимиз остида бўлади.

Лойиҳани ишлаб чиқишдан, то уни амалга оширишгача бўлган жараёнга тегишли туман мутасаддилари томонидан кўмак кўрсатилади. Сабаб, сизнинг лойиҳангиз – туманимизнинг эртанги келажаги ва аҳоли фаровонлигининг кафолатидир.

Тўртинчидан, эндиликда тадбиркорлар ва давлат органлари ўртасидаги муносабатлар текшириш эмас, балки тадбиркорликка фақат ва фақат ёрдамлашиш нуқтаи назари билан ёндашилади.
Бунинг учун эса туман ҳокими ва барча сектор раҳбарлари Сиз ишбилармон соҳа вакилларига яқиндан кўмакчи бўлиб, доимий равишда тадбиркорлик билан боғлиқ ҳар бир масала бизнинг диққат эътиборимизда бўлади.

Бугундан бошлаб туманимиздаги барча бўғиндаги мутасаддилар “Ҳар бир тадбиркорга – кўмакдош, елкадош ва мададкормиз” бош ғояси остида ўз фаолиятини олиб боради.

Зеро, фаол тадбиркорлик, тинимсиз меҳнат ва қатъий интилиш – тараққиёт ва фаровонлигимиз омилидир.

  • Учтепа туман ҳокими Фарход Абдуллаев (71) 274-01-54
    —————————————————————————
  • Учтепа туман прокурори Жобир Азимов (71) 271-52-04
    —————————————————————————
  • Учтепа туман ИИБ бошлиғи Сайфулло Ахмедов (71) 231-95-00
    —————————————————————————
  • Учтепа туман ДСИ бошлиғи Рустам Аширматов (71) 217-44-55