Қадди ва қадри баланд Учтепам!
Ўқувчилик йилларим турли танловларда кўп қатнашардим. Мактаб ва туман мусобақаларидан ўтгач, навбатдаги босқичларга тайёргарлик кўриш чоғида ўқитувчиларимиз “Болалар, сиз энди нафақат мактаб, балки туманнинг ҳам юзисиз”, дейишарди. Бундай сўзлар туманимиз шарафини бор билимимиз билан ҳимоя қилиш учун туртки бўлган.
Энг ширин даврим, болалик чоғларим ўтган туманга бўлган меҳр ана шу сабабдан кучайган. Ҳақиқатдан ҳам туманимизни жуда яхши кўраман. Илгари нега туманга бундай ном берилган экан, деб кўп ўйлардим. Маълум бўлишича, Учтепа номи билан боғлиқ тепаликлар ҳозирги Оқтепа майдонида жойлашган. Улар 1966 йили содир бўлган Тошкент зилзиласидан сўнг шаҳарни қайта тиклаш мақсадида теккислаб ташланган. Мазкур учта тепалик тарихий аҳамиятга эга бўлган сабабли кейинчалик Тошкент туманларидан бири, яъни мен яшаётган ҳудудга Учтепа деб ном берилади.
Шуни ҳам фахр билан айтишим мумкинки, туманимизда XVII асрга оид Чўпонота мажмуаси, V-X асрларга тегишли Фозилтепа археология ёдгорлиги мавжуд. Маҳаллий маданий мерос объекти сифатида Саидваққос масжиди ва бошқалар сақланиб қолган. Мен таҳсил олган 203-сонли умумий ўрта таълим мактаби Фозилтепага яқин. Биз дарсдан сўнг у ерга бориб атрофни томоша қилишни, расм чизишни хуш кўрар эдик. Унинг тарихий аҳамиятга эга эканини эса тарих фани ўқитувчимиз Асқар Низомов дарсда гапириб берган. У ердан ҳатто VI-VII асрга оид сирланган сопол идишлар: хумлар, дастали кўзалар ва бошқалар ҳам топилган экан.
Ҳозир Учтепада турли ташкилотлар ва корхоналар, замонавий аҳоли турар жой комплекслари қад ростлаган. Энг муҳими, туманликларнинг турли эҳтиёжларини қондириш мақсадида мактаб, дорихона, гўзаллик салони, дўкон ва бошқалар хизмат кўрсатмоқда. Аҳолининг аксарият қисми кўп қаватли уйларда яшашига қарамай кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни йўлга қўйгани таҳсинга сазовордир. Бу эса мен каби ёшларни иш билан таъминланишига яна бир сабаб бўлади.
Жорий йилнинг 10 май санасида Президетимиз Шавкат Мирзиёвнинг Учтепа туманига ташрифи жуда катта ўзгаришларга сабаб бўлди. Энг муҳими, туманликларнинг руҳи кўтарилди. Шунингдек, Учтепани ободонлаштириш мақсадида комплекс ишлар режаси ҳам ишлаб чиқилди. Хусусан, бешта ташаббус бўйича 251 ва 229-умумтаълим мактабларида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилаётир. “Мактабда аввал битта информатика хонаси бўлган, таъмирлаш ишларидан сўнг ўқувчилар биология, физика, кимё лаборатория хоналаридан ҳам фойдаланиши мумкин”, дейди 251-умумтаълим мактаби директори Фарида Солиева “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида.
Жорий йилнинг 18 май санасида Туман ҳокимияти биносидан “Лутфий” ва “Ширин” кўчалари кесишмасида жойлашган “Экобоғ”га қадар “Биз соғлом турмуш тарафдоримиз” шиори остида югуриш марафони бўлиб ўтди. Мен ва дўстларим икки мингга яқин йигит-қизлар ичида марафонда қатнашдик. Шу куни туманга китоблар, спорт, мусиқа анжомлари, компьютер тўпламларини ўзида жамлаган “Маърифат карвони” етиб келиши эса кўпчиликни хурсанд қилди. Келажакда улардан ўзимизнинг ҳам фарзандларимиз фойдаланиши мумкинлигини ўйлаб дилдан қувондик.
Тан олиш керакки, илгари Учтепа туманидаги йўлларнинг умумий аҳволи қониқарли даражада эмас эди. Тумандаги ички ва шох кўчаларнинг таъмири учун 1,8 млрд. сўм ажратилиши эса бизни жуда хурсанд қилди. Жумладан, “Заковат”, “Сомоний”, “Саккокий”, “Фозилтепа” ва бошқа кўчаларга асфальт қопламаси ётқизилди. Зеро, булар аҳолига қулайлик яратиш мақсадида амалга оширилаётган ишларнинг намунасидир.
Туманимизда аҳоли зич жойлашгани ҳисобига ободонлаштиришга жуда катта эътибор қаратилади. Бу катта-кичик ҳашар кунларда ўз ечимини топмоқда. Зеро, “Ҳар ким ўзи яшаётган ҳудудни обод қилса, бутун дунё гулзорга айланар эди”, деб бежиз айтишмайди. Туманимизни янада ободонлаштириш ва бу борада аҳоли фаоллигини янада ошириш мақсадида “Энг обод хонадон”, “Туман қайнонаси ва унинг саришта келини”, “Туманни обод этган йигитлар жамоаси” номли танловлар ўтказилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу танловлар эса оммавий ахборот воситалари, хусусан, телевидение орқали намойиш этилса, унга бўлган қизиқиш ҳам ортар эди.
Ўз уйини яхши кўриш, яшаётган ҳуддудга ҳам меҳр бериш демакдир. Бу, албатта, тоғни талқон қилиш керак дегани эмас. Кўчада турган тошни олиб қўйиш, уйингиз олдидан оқувчи ариқларни тозалаш, йўлларни обод қилиш, уйингизда ортиқча бўлган китобларни кутубхоналарга топшириш ҳам меҳрнинг бир кўринишидир. Зеро, туманинг қадди кундан кунга ортиб бормоқда.Унинг қадрини ошириш учун биз туманликлар қўлни қўлга бериб ҳаракат қилишимиз керак.
Гулруҳ Абдураҳмонова Учтепа тумани 30-квартал