Беш дақиқа туман прокурори билан
Бугун 8 январь - Прокуратура органлари ходимлари куни. Касбий байрам арафасида Учтепа тумани прокурори Жобир Aзимов билан учрашдик ва амалга оширилаётган ишлар билан танишдик.
- Жобир Одилович, ўтган йил давомида туман прокуратураси томонидан қонунийликни таъминлаш учун қандай ишлар амалга оширилди?
- Учтепа туман прокуратураси томонидан, 2019 йил мобайнида туманда қонунийликни мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши кураш, унинг олдини олиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш борасида Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари, Бош прокурорнинг буйруқ ва кўрсатмалари ҳамда Бош прокуратура ва шаҳар прокуратураси ҳайъат қарорлари талабларидан келиб чиқилган ҳолда муайян ишлар амалга оширилди.
Хусусан, прокуратура органларини ҳақиқий халқ прокуратураси мақомига олиб чиқиш учун барча ходимлар ўз вазифаларини виждонан бажариб келишмоқда. Прокурор назорат объектларида 20 га яқин текширув ўтказилган бўлиб, уларда аниқланган камчиликларга йўл қўйган шахсларга нисбатан интизомий, маъмурий жавобгарликка тортилди. Шунингдек, қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида, тумандаги ижтимоий объектларда тарғибот ишлари амалга оширилди.
Бундан ташқари, тумандаги фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишга жойлаштириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уй-жой билан таъминлаш, соғлиғини тиклаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.
- Барчага яхши маълумки, мамлакат Президенти кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ва прокуратура органлари томонидан тадбиркорларга маъмурий юкни камайтириш зарурлигига эътибор қаратган. Сиз ушбу йўналишда қандай ишлар қиляпсиз?
Туман прокуратураси томонидан Учтепа туманидан рўйхатдан ўтиб, фаолият юритаётган тадбирокорларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, ўтган йил давомида “Прокурор тадбиркорга ёрдам кўрсатади” шиори остида ҳудуддаги барча хўжалик юритувчи субъектлар ўрганилиб, уларга амалий кўмак берилди.
Шунингдек, ўз тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган фуқароларга имтиёзли кредит олиб берилишида ёрдам кўрсатилди. Хусусан, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган фуқароларга туман “Давлат хизматлари маркази”, туман солиқ инспекцияси, тумандаги банк ходимлари билан ҳамкорлиқда тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун барча имкониятлар яратилди ва имтиёзли кредитлар берилиши йўлга қўйилди. Бунинг натижасида жорий йилнинг 12 ойи давомида 2.233 янги корхоналар ташкил этилиб, бу кўрсаткич Тошкент шаҳрининг бошқа туманларига нисбатан сезиларли даражада кўпдир.
Бундан ташқари, ҳозирги вақтда туманда фаолият кўрсатмаётган корхоналарнинг фаолият кўрсатмаслик сабаблари таҳлил қилиниб, муаммоларга дуч келаётган тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиш ишлари жадаллик билан давом эттирилмоқда. Унда асосий эътибор тадбиркорнинг ўз фаолиятини қайтадан тиклаб, янги иш ўринларини ташкил этилишига қаратилмоқда. Ушбу тадбирлар натижасида фаолият кўрсатмаётган корхоналар 1 январь ҳолатига 737 та бўлган бўлса, 2-ярим йиллик якунига келиб 238 тага тушурилиши эришилди.
- Жобир Одилович, фуқародар қандай саволлар ва муаммолар билан прокуратурага мурожаат қилишмоқда?
Туман прокуратураси томонидан ўтган йил давомида 1858 та мурожаат кўриб чиқилган бўлиб, улардан 210 таси қаноатлантирилган бўлса, 1619 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган.
Ҳозирда туман прокуратураси томонидан фуқаро ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатларни ҳар томонлама ва ҳолисона ўрганиб, такрорий мурожаатлар бўлмаслиги учун аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган.
Шунингдек, 2-сектор ҳудудидаги маҳалла фуқаролар йиғини идораларида ва бошқа муассасаларда фуқароларнинг оммавий сайёр қабуллари ташкил этилди. Уларнинг аксарияти соғлиқни сақлаш, уй-жой, фирибгарлик ва бошқа мазмунларда келиб тушган. Учтепа тумани мисолида айтадиган бўлсак, фуқароларимиз мурожаатининг кўпчилигини соғлиқни сақлаш масалалари ташкил этмоқда.
Шу билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ошганлиги сабабли, кундан-кунга ҳар-хил мазмундаги масалалар бўйича мурожаат келиб тушмоқда.
- Ҳурматли прокурор, бизга туман прокуратураси ходимлари ҳақида гапириб беринг. Сизнингча, 2020 йилда прокурор қандай бўлиши керак?
- Учтепа туман прокуратураси ходимлари ҳақида гапирадиган бўлсам, уларнинг барчаси халол, пок, ўз вазифасига виждонан ва сидқидилдан ёнадашадиган ходимлар ҳисобланади. Туманда фаолият олиб бораётган ходимларнинг аксарияти ёшларни ташкил этишини назарда тутсак, уларга тўғри йўл кўсрсатилса, келгусида халқимизга, юртимизга фойдаси тегадиган кадрлар бўлиб етишигига ишонаман. Бироқ, бизнинг вазифамиз машаққатни талаб қилишини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим. 2020 йилда прокурор - ҳақиқий ҳалқига хизмат қиладиган, уларнинг дардига шерик бўлиб, муаммоларни ҳал қилишга кўмаклашадиган, тадбиркорликни қўллаб-қувватлайдиган шахс бўлмоғи лозим деб ҳисоблайман.
- Прокуратура органлари фаолиятининг устувор йўналишларидан бири коррупцияга қарши курашишдир. Прокурорлар коррупцияга қарши курашда асосан нималарга эътибор қаратмоқда?
Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги Қонунга кўра, прокуратура органлари коррупцияга қарши курашувчи давлат органларидан бири эканлиги белгиланган. Шунга асосан, туман прокуратураси томонидан бу иллатнинг олдини олиш, ходимлар ўртасида коррупция ҳолатларига дуч келмаслик учун улар ўртасида тарғибот ишлари амалга оширилмоқда. Биринчи навбатда, коррупцияни олдини олиш учун асосий қўйилган қадам мен ўйлайманки, бу оиладаги таълим-тарбия.
- Бугунги кунда сиз туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун масъул сектор раҳбарисиз. Ушбу йўналиш ҳақида қандай фикрдасиз? Нима қилинди ва яна нималар қилиниши керак?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги 4102-сонли қарорига мувофиқ, туман 4 секторга ажратилган бўлиб, 2-секторга прокурор раҳбарлик қилади. Ўтган давр мобайнида сектор ҳудудини ҳар томонлама ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, сектордаги маҳаллалар асфальтланди, кўчалар ободонлаштирилди, жиноятчиликка қарши курашишда аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Шунингдек, туман ҳокимининг 2019 йил 29 майдаги 1771-сонли қарори билан сектор штабларига бириктирилган штаб котиблари асосий иш жойидан ажратилган ҳамда лавозим маоши сақланиб қолган ҳолда фаолият кўрсатиши белгиланди.
Сектор таркибига 16 та маҳалла кириб, уларнинг 7 да кўп қаватли уйлар жойлашган ва 9 таси ерлик маҳаллалар ҳисобланади. Ушбу маҳаллаларда 17.879 та якка тартибдаги ва кўп қаватли уйлар мавжуд бўлиб, уларда 27.189 та оила истиқомат қилади.
Сектор штаби биноси “Қўрғонтепа” МФЙ биносида жойлашган.Секторда ташкил этилган 7 та кичик ишчи гуруҳлар томонидан ўтган йил давомида сектордаги барча 17.879 та хонадонга кириб чиқилиб, улардаги муаммо ўрганилган. Мазкур хонадонларда жами 538 та муаммо аниқланган бўлиб, уларнинг барчаси туман прокуратураси томонидан кўриб чиқилган.
Шу билан бирга, туман прокурорининг ташаббуси билан сектор жойлашган “Қўрғонтепа” гузари тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Учтепа тумани, 23-мавзеда жойлашган Фарход ва “Тинчликобод” маҳаллалари кесишувида жойлашган кўча тўлиқ ободонлаштирилиб, намунали кўчага айлантирилди.
Сектордаги барча маҳаллаларда кутубхона ташкил қилиш мақсадида, китоблар тарқатилди. Сектор томонидан мунтазам равишда кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам билан муайян ишлар амалга оширилиб, уларга ёрдам кўрсатиб келинмокда.
- Ва ниҳоят, 2020 йилдаги режаларингизни билмоқчимиз. Сиз нимага кўпроқ эътибор қаратасиз, қайси муаммолар энг долзарб деб ҳисоблайсиз?
2020 йилда фуқароларнинг осойишталигини таъминлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий масалаларини ҳал қилиш, тадбиркорларга ёрдам бериш энг асосий вазифамиз ҳисобланади. Шунга асосан, тумандаги барча тезкор ходимлар ўзларининг асосий эътиборларини фуқароларнинг манфаатлари йўлида хизмат қилишга сафарбар этишлари лозим.
Учтепа туман ҳокимлиги Матбуот хизмати