July 26, 2019

Президент: Қандай қилиб одамларнинг даромадини оширамиз, деган савол мени ҳар куни қийнайди

Шавкат Мирзиёев Оқдарё туманидаги «Pure milk Oqdaryo» фермер хўжалиги даласида бўлиб, миришкорлар билан суҳбатлашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.

— Қандай қилиб одамларнинг даромадини оширамиз, деган савол мени ҳар куни қийнайди. Бунинг учун ҳар бир ҳудуд, ҳар бир соҳада имкониятлар бор. Қишлоқ хўжалигида — янги технологияларни жорий қилиб, ҳосилдорликни ошириш, хомашёни қайта ишлаш. Қайта ишлаш бўлса, даромад, иш ўрни кўпаяди, — деди Президент.

Пахтачилик ва чорвачиликка ихтисослашган мазкур фермер хўжалигининг майдони 1 минг 360 гектар. Ғўзани томчилатиб суғориш жорий этилган.

Давлат раҳбари қолган хўжалик ва кластерлар ерини ҳам томчилатиб суғоришга ўтказиш, ҳосилдорлик паст майдонларда ғаллани қисқартириб, даромади ундан юқори мева-сабзавотлар экиш, фермер ва кластерлар учун минитехнологиялар етказиб бериш бўйича кўрсатмалар берди.