Президент Администрацияси ҳузуридаги Оролбўйи Халқаро инновация маркази ходимлари Мўйноқ илмий-ишлаб чиқариш участкасида ўсимликларни капсулалаш технологиясини қўллаган ҳолда етиштириш бўйича тажриба ишларини бошлади.

Амалий тадқиқотлар билан шуғулланувчи мазкур марказ Орол денгизи фожиаси оқибатида зарар кўрган ҳудудларнинг ўсимлик дунёсини бойитиш мақсадида мавжуд иқлимга ва шароитларга мос келадиган экинларни ва тегишли технологияларни аниқлаш, синаш ва тажрибадан ўтказиш билан шуғулланмоқда. 

Бугунги кунда марказга тегишли 20,3 гектар ер майдонининг 18,7 фоизи қайта ишланиб, экишга тайёрлаб қўйилган.

Шўрланган, сув тақчиллиги ва қурғоқчилик шароитида марказга ажратилган ерларнинг 13,2 гектар майдонига 12 турдаги чўл ўсимликлари, 23 хил манзарали дарахтлар, ёғли экинлар (кунгабоқар, жўхори ва кунжут), озуқабоп ўсимликлар (квиноя, амаранта ва расторопша), полиз экинлари (қовун, лавлаги) экилди. 

 Капсулалашга асосланган янги технологиямиз сув ва меҳнат ресурсларини тежашга қаратилган. Экинларга ижобий таъсир кўрсатиш билан бир қаторда тупроқ шўрланишини камайтиради, унинг биофаоллигини оширади, кимёвий ва физик хусусиятларини яхшилайди, - дейди Халқаро инновацон марказнинг Ўсимликлар биотехнологияси ва физиологияси лабораторияси мудири Олим Асаматдинов.

Уруғларни капсулалаш мақсадида ўзига нам тортувчи гидрогеллардан фойдаланилади, бу ўз навбатида чўл ҳудудларида ўсимликлар униб чиқиши ва етилишининг ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан самарали бўлишини таъминлайди. NPK элементлари ва намни ушлаб турувчи гидрогеллар билан капсулалаш натижасида уруғларнинг униб чиқиш даражаси 100 фоизни ташкил этиб, ниҳолларнинг ўсиши ва ўзини тутиб кетиш суръатлари ошади, керакли озуқалар билан таъминланади, зараркунандалар ва баргларнинг тўкилиш жараёнларидан ҳимоялайди.

Манба: кун.уз сайти