КЕНГАШ ЙИҒИЛИШИ: ЯНГИ ТАКЛИФ ВА ТАШАББУСЛАР ИЛГАРИ СУРИЛДИ
Навоий шаҳридаги “Матбуот уйи”да Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳузуридаги Кенгашлар раислари иштирокида 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Уюшма вилоят бўлими раиси Отабек Аслонов сўзга чиқиб, ўтган йил давомида журналистларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилган ишлар, белгиланган вазифалар, режалар хусусида ҳисобот берди.
Шунингдек, бўлим қошидаги Кенгашларнинг йил давомида олиб борган ишлари атрофлича таҳлил этилди.
Йиғилиш давомида сўзга чиққан “Фахрий журналистлар Кенгаши” раиси Иброҳим Жумаев вилоятда ОАВ соҳасида узоқ йиллик тажрибага эга фахрий ва фаол журналистларни эъзозлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор тадбирларни амалга ошириш билан биргаликда, тизимдаги ёшларга ҳам эътибор қаратилаётгани хусусида тўхталиб ўтди.
Йиғилишда Уюшма вилоят бўлими фаолиятини янада жонлантиришда Кенгашларнинг кўмаги, қўллаб-қувватлаши зарурлиги таъкидланди.
Шундан сўнг сўзга чиққан “Журналист аёллар Кенгаши” раиси Дилфуза Гулямова, “Ёш журналистлар Кенгаши” раиси Санжар Қурбонов, “Экология масалалари Кенгаши” раиси Ўралой Турдиева ва бошқалар Уюшма вилоят бўлимини янада ривожлантиришга қаратилган ўзларининг янги таклиф ва ташаббусларини илгари сурдилар.
Ўтган йил давомида Уюшма вилоят бўлими билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйгани, Уюшма тадбирларида ўз ғоя ва ташаббуслари билан фаол иштирок этгани ҳамда Уюшма вилоят бўлими лойиҳаларини яқиндан қўллаб-қувватлагани учун фаол Кенгаш раисилари Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлимининг "Ташаккурномаси" ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Йиғилиш давомида Уюшма вилоят бўлимининг 2026 йил давомида амалга ошириши белгиланган вазифалари юзасидан ҳам келишиб олинди.