ТОМОРҚАЧИ ДАВЛАТ МУКОФОТИГА САЗОВОР БЎЛДИ
“Хушхабарнинг қаноти бор”, дейишади. Чунки яхши янгилик тез тарқалади, қисқа фурсатда кўпчиликка етиб боради. Навбаҳорликлар орасида ана шундай шодиёна хабар кенг ёйилди: “Томорқачи Фарҳод Очилов давлат мукофотига сазовор бўлибди”.
Бугунги кунда юртимизда ўзини ўзи банд қилишга, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада Навоий вилояти Навбаҳор туманида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, томорқачилик яхши йўлга қўйилган бўлиб, томорқа эгалари нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, балки турли цитрус мевалари етиштиришни ҳам йўлга қўйган.
Фарҳод Очилов туманнинг “Навкар” маҳалласида истиқомат қилади. У маҳаллада “серқирра тадбиркор” номи билан машҳур. Унинг хонадонига киришингиз билан кўзингиз қувнаб, кайфиятингиз кўтарилади. Йўлаклар узра экилган араб аноридан тортиб, турли узум ниҳоллари эътиборингизни тортади.
У ноанъанавий бизнесга қўл урган. Тўрт фаслда ҳам тиним билмайдиган тадбиркор цитрус мевалар кўчатларини етиштириб нафақат тумандошлари, балки республикамизнинг турли ҳудудларига етказиб бермоқда.
Даставвал 2 сотихдан иборат томорқасига Хитой, Ҳиндистон давлатларидан келтирилган цитрус меваларнинг кўчат, уруғларини экиб, парваришлади. Айни пайтда биргина бананнинг 4-5 хил нави, папая, киви, мандарин етиштирмоқда. Иссиқхонада эса сон-саноқсиз кўчатлар бўй чўзмоқда.
– Банан кўчатларини ерга қадагандан сўнг 14-15 ой ўтиб секин-аста мевалари етила бошлайди, – дейди Ф.Очилов. – Баҳор, ёз ойларида ҳаво ҳароратининг иссиқ эканлиги инобатга олиниб, ҳосил мўл ва баракали бўлади. Битта банан дарахти 23-24 килограммгача, донага ҳисобласа 300-350 тагача мева бериши мумкин. Харидорлар уйдан келиб олиб кетишади. 1-2 ой олдиндан буюртма берувчилар ҳам бор. Кўчатни ҳосил бериш муддатини ҳисобга олган ҳолда экиб, парваришланса йил давомида даромад олса бўлади.
Якунланаётган 2025 йил Фарҳод Очиловнинг ҳаётида унутилмас йиллардан бири бўлди, десак адашмаймиз. Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан у давлатимиз раҳбарининг “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига кўра, “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Бу унинг меҳнатига берилган юксак баҳодир.