September 11, 2024

ЖУРНАЛИСТЛАР ИЖОДКОР ЁШЛАР ДАВРАСИДА БЎЛИШДИ

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими ташаббуси билан бир гуруҳ Уюшма аъзолари Навоий шаҳридаги ўзбек тили ва адабиёти фанига ихтисослашган 19-умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, истеъдодли ва иқтидорли ёшлар билан ижодий учрашув ўтказди.

Тадбирда Уюшма вилоят бўлими раиси Отабек Аслонов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолари - журналист ва шоира Ўралой Турдиева, Уюшма вилоят бўлими мутахассиси Д.Сармонова ҳамда “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ муассислигидаги “Кончилар ҳаёти” газетаси мухбири Азамат Зарипов ва мактабнинг маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари, она-тили ва адабиёт фани ўқтувчилари, ўқувчи - ёшлар иштирок этди.

Учрашув давомида О.Аслонов ёшларга журналистика соҳасининг ўзига хос жиҳатлари, мақсад ва вазифалари, касбга садоқат, бугунги кун медиа соҳасидаги жараёнлар ва уларга ёшларнинг муносабати ҳамда тил билиш ҳаётда ўз ўринларини топишларида, дунёқарашини шакллантиришида нақадар муҳим эканлиги ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди ҳамда ижодкорнинг касбий фаолиятида ижод уйғунлиги ҳақида тушунтиришлар берди.

Шундан сўнг Навоий шаҳрида яшаб ижод қилаётган фахрий журналист Ўралой Турдиева журналистика ва блогерлик фаолиятининг фарқли жиҳатлари, назм ва насрда ижод қилишнинг ўзига хос услублари, бадиийлик, шеърни ифодали ўқиш санъати каби бадиий жараёнлар борасида ўқувчилар билан мулоқот олиб бориб, ўзининг керакли маслаҳатларини берди. Шунингдек, шеърларидан намуналар ўқиди.

Шундан сўнг, журналист Азамат Зарипов сўзга чиқиб, журналистика, публицистик адабиёт, унинг тарихий жараёнлари ҳақида тўхталиб, таниқли публицист ва таржимон Озод Шарафиддинов, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов, Навоий вилояти адабий муҳити дарғаларидан бири бўлган Одил Ҳотамов каби таниқли журналист ва адабиёт намоёндалари, уларнинг асарлари, ҳаёти ва ижоди, ўзбек адабиёти тарихи ва матбуотимиз ривожида тутган ўрни ҳақида батафсил сўз юритди. Ёшларга кечаги кун тарихини билиш кераклигини, китобни китоб ҳолида ўқишнинг завқи ва фойдали жиҳатлари муҳимлигини уқтирди.

Шундан сўнг, мактабнинг шеъриятга, журналистика соҳасига ҳавасманд ёшлари Ирода Баҳронова, Фотима ва Зуҳра Бахтиёрова каби ҳаваскор ўқувчилари ўз ижодий машқларидан намуналар ўқиб бериш билан бирга ўқиган бадиий асарлари, улардан олган таассуротлари ҳақида ҳам сўзлаб беришди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган адабий жараёнлар ва журналистика йўналишидаги интилувчанлик, изланувчанлик жиҳатлари борасида журналистларнинг тавсия ва маслаҳатларини тингладилар.

Тадбир сўнгида мактаб раҳбарияти журналистлар ташрифидан миннатдорлигини ва бундай ижодий мулоқотлар давом эттирилиши ёшлар маънавиятида муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси

Навоий вилояти бўлими.