September 10, 2024

ВИЛОЯТ ЯНГИЛИКЛАРИ

Юртимизда туризм соҳасида кўплаб имкониятлар яратилмоқда, хусусан, вилоятимизда маҳаллий ва хорижий сайёҳлар дам олиши учун янги дам олиш масканлари, меҳмонхоналар, шунингдек, аҳолига унутилмас саёҳатлар ташкил этиб берувчи янги сайёҳлик компаниялари фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги байрами арафасида вилоятимизда янги “Vaqt Travel” сайёҳлик компанияси ўз фаолиятини бошлади.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, вилоятимизда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 12 та туркомпания ҳамда 2 турагентлик фаолияти йўлга қўйилиб, бугунги кунда уларнинг сони 70 тага етказилди. Бу эса вилоятимиз сайёҳлик имкониятларини янада яхшилашга хизмат қилади.

* * *

Жорий йилнинг январь-июнь ойларида вилоятимизда кўчмас мулк билан боғлиқ хизматлар ҳажми 130,3 миллиард сўмни ёки улуши кўрсатилган бозор хизматлари умумий ҳажмининг 2,0 фоизини ташкил этди. 2023 йилнинг январь-июнь ойларига нисбатан ўсиш суръати 29,7 фоизга ошди.

* * *

Вилоят агросаноат мажмуи таркибидаги 13 та ташкилотларда фаолият юритаётган 80 нафар хотин-қизларга Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги байрами муносабати билан вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари тақдим этилди.

Шунингдек, хотин-қизларнинг 17 нафарига соҳага қўшган ҳиссаси, камтарона ва фидокорона меҳнати учун ташаккурномалар топширилди.

* * *

Навбаҳор туманидаги “Вомитан” маҳалласида жойлашган оилавий шифокорлик пункти мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топширилмоқда.

Айни пайтда мазкур шифокорлик пунктида қурилиш, реконструкция ишлари олиб борилаяпти. Таъмирлаш ишларига 1 миллиард 140 миллион сўм маблағ ажратилган.

Ушбу шифокорлик пункти кундалик 50 қатновга мўлжалланган бўлиб, жами 2722 нафар аҳолини ўз ичига қамраб олган “Армижон”, “Вомитан” маҳаллалари фуқаролари учун бирламчи тиббий хизмат кўрсатади. Шифокорлик пункти барча зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланади. ЭКГ, замонавий лаборатория, эмлаш, кундузги стационар, муолажа хоналари аҳоли саломатлигини тиклашга хизмат қилади.

Қурилиш жараёнларига туман фаоллари ва маҳалла вакиллари томонидан жамоатчилик назорати ўрнатилган.

* * *

Мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан Хатирчи туманидаги “Наврўз” маҳалласида истиқомат қилувчи хотин-қизларнинг Самарқанд шаҳрига саёҳати ташкил этилди.

Саёҳат давомида қадимий Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, тарихий обидалари зиёрат қилинди.

* * *

2024 йилнинг январь-июль ойларида Навоий вилояти бўйича уюшмаган савдо товар айланмаси ҳажми 412,9 миллиард сўмни ташкил этиб, 2023 йилнинг январь-июль ойларига нисбатан ўсиш суръати 117,8 фоизни кўрсатмоқда.