February 15, 2019

РЕЖА-АМАЛ-НАТИЖА

15.02.2019

Ассалому алейкум ҳурматли каналимиз аъзолари. Бугун сизларга “ҲАММА ЎҚИШИ ШАРТ” рубрикамизнинг 9-сонини тақдим этамиз. Бугунги мавзуимиз “РЕЖА  АМАЛ  НАТИЖА”. Охирги икки йилда юртимизда барча соҳаларда ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳар куни қайсидир соҳани ривожлантириш мақсадида Президент ва ҳукумат қарорлари чиқмоқда. Биз 2030 йилгача улкан режаларни қўйдик.

Бугун сизлар билан гаплашадиган мавзуимиз жуда ҳам долзарб ва муҳимдир. Ҳар бир корхона раҳбари, давлат хизматчиси, маҳалий бошқарув раҳбарлари ва тадбиркорлар дуч келаётган масала юзасидан гаплашамиз. Аччиқ бўлса ҳам тан олишимиз керак, кўп ишларимиз, режаларимиз қоғозда қолиб кетмоқда. Агар ҳамма режаларимиз амалиётга татбиқ қилинганида эди, 2 йил ичида 2,5 млн. ортиқ инсонларнинг мурожаатлари Халқ қабулхоналари ва Президент виртуал қабулхонасига келиб тушмасди. Хўш, савол туғилади. Қандай қилиб “ақлли бошқарув” ёки “замонавий бошқарувни” қўллаб, натижадорликка эришишимиз мумкин. Демак, ушбу ҳикоямиз Айви Ли ҳақида. Қандай қилиб унинг натижали бошқарув тизимига ўтганлиги ҳақида.

Ўтган асрда яшаган Айви Ли самарадорлик бўйича мутахассис сифатида шуҳрат қозонган эди. У ишлаб чиқққан вазифаларни режалаштириш усули амалиётда жуда яхши самарага эга бўлди ва муаллифга катта даромад келтирди.

1918 йил Чарлз Майкл Шваб дунёдаги энг бой одамлардан бирига айланди. Ўша пайтда у Америка Қўшма Штатларидаги энг йирик кема қурувчи ва иккинчи йирик пўлат корхонаси бўлган «Bethlehem Steel»ни бошқарган. Машҳур кашфиётчи Томас Эдисон бир вақтлар уни "уста тадбиркор" деб атаган. Шваб ҳар доим ўз рақибларига қараганда бир қадам олдинда бўлишга интилган.

Кунларнинг бирида бизнесмен ўз жамоасининг самарадорлигини ошириш ва бизнес қилишнинг энг яхши йўлини топиш учун маслаҳатчи Айви Лига мурожаат қилади. Ли ўзи муваффақиятли тадбиркор ва «Public Relations» (PR, Жамоатчилик билан алоқалар) бўйича мутахассис эди.

Шваб Лини офисига таклиф қилиб, ундан бизнесининг натижадорлигини яхшилашга ёрдам беришини сўради. Бунга жавобан Ли Швабнинг ҳар бир менежери билан 15 дақиқадан гаплашиш учун рухсат сўрайди. Тўлов ҳақида гап очилганда меҳмон дарҳол пулни олишдан бош тортиб: "Уч ойдан сўнг сиз менга муносиб деб билган суммада чек юборишингиз мумкин, яъни натижани ўз кўзингиз билан кўргандан сўнг".

Айви Лининг натижали бошқарув бўйича ёндашуви.

Менежерлар билан 15 дақиқалик суҳбат давомида маслаҳатчи максимал маҳсулдорликка эришишнинг энг оддий усулини ишлаб чиқди. Ушбу усул қуйидагичадир: Жаноб Ли ҳар бир ходимдан куннинг охирида эртанги кун давомида амалга оширадиган олтита муҳим ишларини ёзишни сўради. Ва ходимлардан ушбу миқдордан ошиб кетмасликни талаб қилди.

“Қайд этилган вазифаларни муҳимлигига қараб тартибга солинг. Ҳар бир иш кунининг бошида рўйхатдаги биринчи вазифага алоҳида эътибор қаратинг. Биринчи ишни якунланг, фақат кейин иккинчисига ўтинг.

Рўйхатнинг қолган бандларини ҳам шу тарзда бажаринг. Кун охирида тугалланмаган ишларни кейинги куннинг олтиталик вазифалар рўйхатига ўтказинг. Агар сиз бугун рўйхатдаги 4 вазифани бажарган бўлсангиз, эртанги рўйхатга 2 вазифани олиб ўтасиз ва унга 4 янги вазифани қўшасиз.

“Ушбу жараённи ҳар куни такрорланг”.

Аввалига стратегия жуда оддий кўринди, бироқ Шваб ва унинг жамоаси буни синаб кўришга қарор қилдилар. Уч ой ўтгач, тадбиркор ушбу стратегия натижасидан шу даражада ҳайратда эдики, у яна Айви Лини офисга чақирди ва унга 25 минг долларлик чек ёзиб берди. Бу сумма бугунги кундаги эквиваленти 400 минг долларга тенгдир.

Ўз ўзидан савол туғилади, қандай қилиб ушбу оддий усул натижа берди?

Ушбу усул бизнес бошқарувини иложи борича осонлаштиради.

Танқидчилар бундай стратегияларни юзаки деб ҳисоблайдилар ва ҳаётнинг барча нозик қирралари ҳисобга олинмайди, деб таъкидлашади. Агар режалаштирилмаган ҳолат юз берса, унда нима қилиш керак?

Юқори технологияли воситалардан фойдаланиш яхшироқ эмасми? Бироқ қарорларнинг қийин қабул қилиниши – бу айнан иш жараёнини мураккаблаштиради. Албатта, кутилмаган вазиятлардан қочиб бўлмайди, яъни режадан ташқари ҳолатлар содир бўлиб туради. Масалан, эски қадрдонингиз ишхонангизга меҳмонга келди ва узоқ вақтингизни олди, раҳбар чақириб, бугун касал бўлиб қолган ходимнинг вазифаларини сизга юклади... ва ҳоказо.

Агар иложи бўлса, уларни эътиборсиз қолдиринг, агар бўлмаса, уларни тез бажаринг ва рўйхатдаги муҳим вазифаларга тезроқ қайтишга ҳаракат қилинг. Мураккаб муаммоларни ҳал қилишнинг оддий қоидаларини қўллашга ҳаракат қилинг (Билл Гейтс таъкидлаганидек, “мен ҳар доим қийин топшириқларни энг дангаса одамларга топшираман, улар ҳар доим мураккаб топшириқларни соддалаштириб, осон ва тез ҳал қилиш мумкин бўлган ечимини топади, бу эса ҳар доим кампанияга молиявий жиҳатдан фойда келтиради”).

Бу усул сизни тўғри қарор қабул қилишга ундайди.

Ушбу мақолани ўқиётганларда савол туғилади: нимага айнан 6 рақами? 6 сонида ҳеч қандай сеҳр йўқ. Сиз 5 та вазифага ҳам диққатингизни қаратиб, ҳудди шундай муваффақиятга эришишингиз мумкин. Ҳар бир инсон ўз кучини ҳисобга олиши ҳамда шунга қараб ўз имкониятинини белгилаши керак. Инсоннинг миясидан кўп ғоялар ўрин олган бўлса, бунда қилиши мумкин бўлган энг яхши ҳолат бу – ўта муҳимини аниқлаб олишдир, қолганларини четга суриб туришдир.

Ўз-ўзингизни назорат қилишингиз жуда фойдали. Агар сиз бир вақтнинг ўзида битта нарсага эътибор қаратмасангиз, қолганлари сизни чалғитади.

Энг муҳими, у сизнинг ниманидир бошлашингизга ёрдам беради. Қайси ишдан бошласам экан-а, деган саволдан ҳоли қилади.

Мақсадга етишишнинг энг катта тўсиғи – бу, албатта, ҳар қандай ишни бошлаб олишдир. Мисол учун, сиз хорижий тилни ўрганмоқчисиз, фақат ҳар куни “эртага” дея ўзингизни алдайсиз, қарабсизки, шу гапга ҳам бугун 6 ой бўлди. Бунда энг катта муаммо – дивандан қўзғалиш. Агар ўз олдингизга улкан мақсад қўйсангиз-у, уни 30 дақиқа ичида амалга оширишни бошламасангиз, демак бу мақсадни амалга ошириш 80 % гача барбод бўлиши эҳтимоли бор. Агар сиз машғулотни бошласангиз, машқни бажариш анча осон бўлади. Ли методи сизнинг иш кунингиз бошланишини олдиндан белгилашга ёрдам берадиган вазифаларни бир кеча аввал қарор қабул қилиб, иш бажарилишида тайёрлигингизни таъминлайди. Ишнинг натижаси уни бошлай олиш қобилиятига боғлиқ. У изчил бўлишни ўргатади. Замонавий жамият кўпқирраликни севади. Афсоналардан фарқли ўлароқ, банд бўлиш янада яхши бўлишни англатмайди.

Аксинча, камроқ устуворлик самарадорликни оширади. Агар сиз ҳар қандай соҳа мутахассисларини кузатсангиз: спортчилар, рассомлар, олимлар, ўқитувчилар ёки менежерларни, сиз уларда мавжуд умумий ҳусусиятни кўришингиз мумкин, яъни ўз диққатини муҳим бир нарсага қаратганлигини. Буни тушунтириш осон. Сиз битта нарсада муваффақият қозона олмайсиз, агар бошқа кўп нарсалар билан доимо чалғиб турсангиз. Моҳирликнинг асосий сирларидан бири бу, албатта, ўз диққатингизни муҳим бир ишга қарата олишингиз ва вазифаларни изчил амалга ошира олишингиздир.

Бу усулнинг муҳим жиҳати шундаки, бунда чиндан ҳам муҳим ишлар алоҳида эътибор билан изчилликда амалга оширилади.

Отабек Хасанов

Сиёсий фанлар доктори (PhD)

Таржимон: Ш.Абдурахманова

@liderlar