Ахборотни ҳимоя қилиш ва киберхавфсизлик - замон талаби
Рақамли тармоқлар ривожлангани сайин, дунёда “ахборот хавфсизлиги” тушунчаси ҳам тобора долзарб бўлиб бориши табиий ҳолга айланмоқда. Иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларни рақамлаштириш йўлидан бораётган Ўзбекистон учун ҳам бу масала устувор аҳамият касб этмоқда. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси кибермаконида киберхавфсизлик масалаларига ягона ёндашувни белгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати томонидан "Киберхавфсизлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Ушбу қонун ижроси ўлароқ жорий йилнинг 30 август куни Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ва Киберхавфсизлик маркази ходимлари иштирокида "Ўзатом" агентлиги ходимлари учун "Ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликка риоя қилиш" мавзусида ўқув-семинар ўтказилди.
Семинар иштирокчиларига “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонун тўғрисида, хусусан, виртуал маконда ахборотни ноқонуний равишда олиш, ўзгартириш, йўқ қилиш мақсадида дастурий ва техник воситалардан фойдаланган ҳолда содир этилаётган жиноятлар мажмуи бўлган кибержиноят тушунчаси ҳамда IT технологиялари ёрдамида яратилган ахборот тизимлари ва ресурсларини ишдан чиқариш тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, киберхавфсизлик бўйича мутахассислар жаҳон ва мамлакатимизда киберхавфсизликни таъминлашнинг замонавий усуллари ва илғор тажрибалари билан бўлишдилар.
Айтиш керакки, кибержиноятлар кўламининг ўсиши нафақат давлатларнинг халқаро обрўсига, балки мамлакатлар ичидаги инвестиция муҳитига ҳам жиддий таъсир кўрсатмай қўймайди.