July 13, 2022

“Росатом” техника академияси ва “Ўзатом” агентлиги ўртасида ядровий инфратузилмаларни ривожлантириш соҳаси бўйича ўзаро англашилув Меморандуми тузилди

Жорий йилнинг 13 июль куни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги (“Ўзатом” агентлиги), “Росэнергоатом концерни” АЖ ва “Росатом” қўшимча касбий таълим автоном нотижорат ташкилоти (ҚКТ, АНТ) “Росатом техника академияси” ўртасида ўзаро англашилув меморандуми имзоланди. Мазкур ҳамкорликнинг асосий мақсадларидан бири, Ўзбекистоннинг миллий ядро инфратузилмасини ривожлантириш ва кенг оммани ядровий технологиялар ва улар билан боғлиқ янгиликлар билан яқиндан таништиришдан иборат.

Меморандумга “Ўзатом” агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов, “Росэнергоатом концерн” АЖ бош директори Андрей Петров ва “Росатом техника академияси” ҚКТ АНТ ректори Юрий Селезнёв имзо чекдилар.

Ушбу келишув бир қанча йўналишлар бўйича ҳамкорликни амалга оширишга қаратилган бўлиб, булар орасида, Ўзбекистонда малакали ўқитувчиларни тайёрлаш, Россия атом электр станцияларига техник сайёҳатлар уюштириш ва кенг миқёсдаги симулятор ҳамда лабораторияларга ташриф буюришни ўз ичига олувчи Россия АЭСларининг махсус ўқув марказларида амалиёт ўташни ташкил қилиш каби масалалар асосий ўринда туради. Шу билан биргаликда, меморандумда, Ўзбекистонлик мутахассисларнинг АЭХА ва Росатом техник академиясининг биргаликда амалга ошираётган лойиҳаларида иштирок этиш масалалари ҳам кўзда тутилган.

Бу ҳамкорлик Ўзбекистонга Росатом Техника академиясидан мамлакат ядро дастурининг барча босқичлари учун мутахассислар тайёрлашда эксперт ёрдамини олиш имконини беради.

Меморандум имзоланганидан сўнг томонлар бир қатор қўшма тадбирларни амалга оширишади. Жумладан август ойида Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган АЭХАнинг тадқиқот реакторлари бўйича мактабида ўзбекистонлик мутахассисларнинг иштироки ушбу ҳужжатнинг амалий мисолидир.

Маълумот учун:

Росатом Техника академияси - Россия ва хорижий атом саноати ходимлари учун замонавий ўқув платформаси ҳисобланади. Техника академияси таркибидаги ўқув-услубий марказлар тармоғи саноат ва давлат вазифаларини, халқаро бизнесни таъминлаш билан боғлиқ деярли барча вазифаларни ҳал қилиш имконини беради.

Техник академия ядро энергетикасини ривожлантириш йўналишигаэнди кириб келаётган мамлакатлардан келган кўплаб ҳамкорлар билан мустаҳкам бизнес алоқаларига эга. 2021-йилда Академия мутахассислари томонидан 68 та халқаро тадбир ташкил этилди ва ўтказилди, уларда 64 давлатдан 1095 нафар иштирокчи қатнашди.

Ядро технологиялари, энергиядан ташқари иловалар, глобал ядровий хавфсизлик ва ҳимоя чоралари бўйича ноёб ваколатларга эга бўлган Техник академия АЭХАнинг ушбу соҳалардаги ҳамкорлик маркази сифатида тан олинган. Академиянинг юқори малакали профессор-ўқитувчилари ва ходимларининг тажрибаси туфайли Россиянинг ядро технологияси бўйича билим ва тажрибалари бутун дунё бўйлаб ёйилмоқда.

"Ўзатом" агентлиги матбуот хизмати