Атом соҳаси тарғиботига бағишланган муҳим сессия
26-27 май кунлари «Келажак энергияси» атом энергияси ахборот марказларини ривожлантириш автоном нотижорат ташкилоти ташаббуси билан «Ўзатом» агентлиги қошидаги Атом технологиялари ахборот марказида навбатдаги кўчма «Атом соҳаси тарғиботига бағишланган муҳим сессия» бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир экспертлар нутқлари, соҳалар бўйича музокара, марказлар томонидан амалга оширилган ишларни атрофлича ўрганиб чиқиш, илм ва техника йўналишида фаолият олиб бораётган мутахассиссларнинг чиқишлари ва энг асосийси ушбу соҳада 10 йилдан ортиқ фаолият юритаётган хорижий соҳа вакилларининг ўз тажрибалари билан бўлишишгани катта аҳамият касб этди.
Муҳим сессия ҳар йили бир маротаба ахборот марказларининг тармоқлари фаолият юритадиган мамлакатлардан мутахассисларни бир нуқтада йиғади. Ўтган йили ушбу тадбир Россия Федерациясининг Челябинск шаҳрида бўлиб ўтган эди.
Сессияни қайсидир маънода марказлар фаолиятига бағишланган йиллик ҳисобот тадбири дейиш мумкин,унда барча мутаҳассислар йил давомида амалга оширган ишлари ва келажакдаги режалари борасида фикрлашадилар.
2 кун давом этган тадбирда Россия, Белоруссия, Козоғистонлик мутахассислар иштирокида «Ташқи майдонда жамоа бўлиб ишлаш, мақсадли аудитория билан коммуникация ўрнатиш», «Атом энергияси ахборот марказлари тармоқларининг ижодий фаолияти ва аҳолини керакли ахборот билан таништириш даражасини ошириш», «Ахборот марказларининг тадбирларида экология масалалари ўрни, таҳлили ва мувофаққиятли ечими», «Нур-Султон шаҳрида охирги 6 йилда Ахборот марказининг энг муҳим тадбирлари», «Долзарб ва глобал ҳодисалар майдонида Ахборот марказларининг ўрни» каби мавзуларда қизиқарли музокаралар олиб борилди ва фикрлар алмашинди.
«Бугун ушбу сессияда иштирок этиб турган ҳамкасбларимизнинг кўпчилиги Атом энергияси ахборот марказларида фаолият юритиб келаётганларига 10 йилдан ошди. Барчаларининг иш фаолиятлари ранг-баранг, ўрганса бўладиган томонлари кўп ва энг асосийси ушбу марказлар нафақат ёшлар билан, балки давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйганлар. Очиғини айтсам, Ўзбекистонда фаолият юритаётган марказнинг ташкил топганига 3 йил бўлгани сабаб, энг яхши соҳа мутаҳассисларини бу ерга олиб келиб улар билан тажрибаларимизни ўртоқлашамиз ва билмаганларини ўргатамиз деб ўйлаган эдик бироқ, марказнинг 3 йил давомида амалга оширган ишларини кўриб жуда ҳурсанд бўлдик. Марказни ривожлантиришда шу кунгача салмоқли ишлар амалга оширилган. Бу эса жуда муҳим.»- дейди «Келажак энергияси» АНТ бош директори Татьяна Яничкина.
Икки кун давом этган ушбу муҳим сессия яна бир йилга марказ фаолияти учун қувват манбаидек бўлди. Олдинда Ахборот марказининг фойдали илмий-оммабоп тадбирлари шаҳримиз фуқароларини кутмоқда.