“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида 2020 йилнинг 10 ойлик якунларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди (Фото)
Бош саҳифа
Русский
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев раислигида ўтган видеоселекторда қазиб чиқариш, қайта ишлаш заводлари, бошқармалари, нефтбазаларнинг раҳбарлари ҳамда конлар ва қудуқлар бошлиқлари иштирок этишди.
Йиғилиш аввалида табиий газ қазиб чиқариш масаласи танқидий муҳокама қилинди.
2020 йилнинг ортда қолган даврида табиий газ қазиб чиқариш масаласида Газли, Устюрт, Водий нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари томонидан камчиликларга йўл қўйилгани кескин танқид қилинди.
Ушбу ҳолат давом этадиган бўлса, йил якунида табиий газ қазиб чиқарилиши бўйича белгиланган кўрсаткич бажарилмай қолиши эҳтимоли борлиги ва зудлик билан бунинг олдини олиш ҳамда қолоқликка йўл қўймаслик таъкидланди.
Ушбу бошқармаларда табиий газ қазиб чиқарилиши борасида мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича чоралар кўрилиши белгиланди, шунингдек, Бошқарув раиси ўринбосарлари, тегишли департамент, “Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш”, “Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари”, “ЎзЛИТИнефтгаз” раҳбарларига тегишли топшириқ ва вазифалар белгилаб берилди.
Бундан ташқари, 51 та қудуқда бурғилаш ишларини амалга ошириш, жиҳозлаш ва уларни ишга тушириш, 60 та қудуқларда эса капитал ва жорий таъмирлаш ҳамда интенсификация ишларини амалга ошириш кераклиги айтилди.
Ўз навбатида эса 11 та технологик объектларда реконструкция ва модернизация ишларини якунлаб, ишга тушириш шарт қилиб белгиланди.
Бошқарув раиси ушбу селектор давомида суюлтирилган газ ишлаб чиқариш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди ва 2020 йил учун белгиланган кўрсаткичларни ортиғи билан бажариш учун ҳаракат қилиш лозимлигини, аммо барча бошқармаларда натижалар мақтовга арзигулик эмаслигини танқид остига олди.
Шу сабабли, ноябрь ҳамда декабрь ойларида белгиланган режани максимал даража бажариш, “Учқир” мажмуасида пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмасини қуриш лойиҳасини жорий йилнинг ноябрь ойида очилиш маросимини ташкиллаштириш ҳамда қурилмаларни қисқа муддатда тўла қувватда ишлашини таъминлаш кераклиги белгиланди.
Йиғилишда Жамият корхоналарининг молиявий-хўжалик фаолияти ҳам таҳлил қилинди ва углеводород хомашёсини қазиб чиқарувчи, тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчиларнинг соф фойдаси 6 ойлик кўрсаткичларига нисбатан ошганлигини, айрим нефть базалари бўйича ҳам ҳолат яхшилангани қайд этилди.
Муҳокамалар жараёнида истеъмолчиларни нефть маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, “UNG Petro” корхонасига қарашли яна 7 та АЁҚШларнинг хизмат кўрсатиш ва дизайн ҳолатини ўзгартириш вазифаси қўйилди.
Бошқарув раиси видеоселекторда автоматлаштириш ҳамда рақамлаштириш борасида амалда бажарилиши керак бўлган вазифаларни ўз муддатида якунлаш бўйича топшириқлар бериб, Кучлик нефть базасида автоматлаштириш ишлари жорий йилнинг 1 декабрига қадар якунланишини, 2021 йилда эса қолган нефть базаларидаги мавжуд вертикал ва горизонтал сиғимларга сатҳ-ўлчагичларини ўрнатиш, назорат қилиш ва кузатиш учун автоматлаштирилган тизимни жорий этиш режалаштирилишини қўшимча қилди.
Бошқарув раиси ижро интизоми масалаларига тўхталар экан, йиғилиш баёнлари қабул қилинганига қарамай, айрим масъул раҳбарлар бунга бепарволик билан ёндашганини, топшириқлар мукаммал бажарилмаганини таъкидлаб, белгиланган вазифаларга совуққонлик билан ёндашган раҳбарларга огоҳлантириш эълон қилди.
Бундан ташқари, ушбу ҳолатлар яна такрорланган, ижро интизомига риоя қилинмаган тақдирда, кескин интизомий жазо чоралари қўлланилиши айтилди.
Видеоселектор якунида Ахборот технологиялар департаменти олдига “Рақамли Ўзбекистон – 2030 стратегияси” доирасида “Ўзбекнефтгаз” тизимида марказлаштирилган диспетчерлик хизмати, “Рақамли кон” дастури, “Рақамли бурғилаш” тизими, SAP ERP корпоратив ахборот тизими, “GPS мониторинг” тизими жорий этиш чора-тадбирларини белгиланган муддатларда бажариш вазифаси қўйилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|