June 20, 2021

“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси Газли регионида углеводородларни қазиб чиқариш ва геология қидирув ишлари ҳолатини ўрганди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” Газлни нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида бўлиб, табиий газ қазиб чиқарилиши бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичларни бажариш учун амалга оширилаётган геолого–техник тадбирлар ҳолатини ўрганди.

Бошқарув раиси бошчилигида 2021 йил январь-июнь ойларида углеводородларни қазиб чиқариш кўрсаткичлари бажарилиши, геологик қидирув ишлари ва эришилган натижалар, қудуқларини бурғилаш ва қудуқларни мукаммал таъмирлаш ишлари бўйича таҳлилий-танқидий йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда кун тартибидаги масала, 2021 йил II-чи чорагида ва 2021 йил давомида табиий газ ва газ конденсати қазиб чиқариш режа кўрсаткичларини ўз вақтида ва сўзсиз бажариш, бу борада режалаштирилган геолого-техник тадбирларни амалга ошириш, геология қидирув ишларини жадаллаштириш, углеводород захираларини кўпайтириш бўлди.

Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси раҳбари Хислат Назиров табиий газ қазиб чиқариш прогноз кўрсаткичларини таъминлаш, кунлик газ қазиб чиқариш ҳажмларини ошириш борасида қилинаётган ишлар бўйича ҳисобот берди.

Кон бошлиқлари билан биргаликда I-ярим йиллик ҳамда 2021 йил учун табиий газ қазиб олиш прогноз кўрсаткичларини бажариш учун барча имкониятлардан фойдалиналётганини таъкидлади ва табиий газ қазиб олиш назоратини кучайтириш мақсадида кон бошлиқлари доимий фаолият олиб бораётганини айтиб ўтди.

Бошқарув раиси “Ўртақум” газни бирламчи тайёрлаш қурилмасини ишга туширгандан сўнг, “Андақли”, “Шорқум”, “Ўртақум”, “Шимолий Сузма” ва “Чаккақум” конлдан қазиб олинадиган табиий газ хомашёсинининг сарфи аниқланиши ва келгусида “Андақли” кони газ коллекторини кенгайтириш бўйича таклифлар лойиҳа институтлари билан ўрганилиши бўйича топшириқлар берди.

Шунингдек, “ЎзЛИТИнефтгаз” АЖ томонидан “Ўртақум”, “Саватли”, “Кулбешкак” ва “Дояхатин” конларида қурилиши режалаштирилган объектларини лойиҳа-смета ҳужжатларини бир ой муддатда ишлаб чиқилиши белгиланди.

Бошқарув раиси Газлидаги алоқа ва ахборотлаштириш ишларини кескин танқид қилди ва “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Ахборот коммуникация технологиялари департаменти бошқармага қарашли барча конларда бир ой муддатда сифатли алоқа тизимини йўлга қўйиш бўйича вазифаларни белгилаб берди. Шунингдек, барча конларда мобил телефон алоқасини ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

Бошқарув раиси Газли регионида ўғирликлар ва талон-тарожликларни олдини олиш, газ конденсати ўғирликларини олдини олиш учун фаолият олиб бораётган Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларининг фаолияти билан танишиб чиқди.

Уларга яратиб берилган шароит ҳамда қўриқлаш хизматини янада кучайтириш бўйича фикр алмашилди.

Уларнинг таклифлари тингланди ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан бу борада амалга оширилиши керак бўлган ишлар белгилаб олинди.

Бошқарув раиси Газли регионидаги табиий газ қазиб чиқариш ҳолатини ўрганиш мақсадида, “Ўртақум” конидаги 3- сонли Газни бирламчи тайёрлаш қурилмаси қурилиш майдонида бўлди.

Қурилиш ишларини сифатли олиб бориш ҳамда уни мукаммал якунлаш бўйича таклифлар берилди.

“Андақли” конига ташриф буюрган “Ишчи гуруҳ” аъзолари ишчи-ходимларнинг яшаш ҳамда ишлаш шароитларини ўрганди.

Бошқарув раиси бурғилаш ишлари олиб борилаётган 15-сонли қудуқда меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар билан суҳбатлашиб, уларнинг муаммолари ва яратиб берилган шароитларнинг қониқарли ёки қониқарсизлиги бўйича суҳбатлашди.

Аниқланган камчиликлар бўйича жойида ҳал қилиш мақсадида топшириқлар берилди.

Шу куннинг бурғилаш ишлари борасида амалга оширилаётган ишлар жойига чиққан ҳолда ўрганилди ҳамда “Шўрқум” конидаги 4-сонли қудуқдаги бурғилаш ишларида қатнашаётган ишчилар билан белгиланган вазифанинг қай даражада бажарилаётгани муҳокамаси ўтказилди.

Бурғилаш жараёнида зарур бўлган техник жиҳозларнинг мавжудлиги, зарур воситаларнинг етказиб келинаётгани, ишни тезроқ тугаллаш ҳолати ўрганилди.

Бошқарув раиси бурғилаш ишларини тезроқ тугатиш ва табиий газ қазиб олиш ҳажмини ошириш бўйича топшириқлар берди.

Ташриф якунида, олти ойлик якунлари билан Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси учун белгиланган вазифаларни ва режани сўзсиз бажариш кераклиги, бу борада камчиликларга йўл қўйганларга интизомий жазо чоралари кўрилиши маълум қилинди.

ФОТОЛАВҲАЛАР

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть #газ #энергия #скважин #инвестиция #добыча #углеводород #экономика #завод #нефтебаза #қудуқ #кон #иқтисод #аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|