“Ўзбекнефтгаз”: Атмосферага чиқинди сифатида чиқадиган СО2 газидан экологик тоза маиший сода ишлаб чиқариш йўлга қўйилди (Фото)
Бош саҳифа
Русский
Ўзбекистон иқлим ўзгаришига таъсирчан бўлган ҳудуд ҳисобланиб, минтақада атмосферага чиқадиган СО2 газлари миқдорининг ошиши ва мавжуд ҳажмларни қисқартирмаслик натижасида экотизим ҳолатига салбий таъсир етказилади. Бундай экологик хавфларни олдини олиш ва иқлим ўзгаришларини бартараф этиш мақсадида ҳукумат томонидан комплекс ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, 2017 йил 19 апрелда Ўзбекистон Республикаси иқлим ўзгариши бўйича Париж битимини имзолади ва 2018 йил 2 ноябрда ЎРҚ–491 сонли “Париж битимини ратификация қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан ратификация қилинди. Ушбу қонунга мувофиқ Республикамиз парник газларни шу жумладан, карбонат ангидрид газини атмосферага чиқаришни қисқартириш бўйича ўз зиммасига мажбуриятларни олган.
Бу борада “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ташаббуси билан ҳам қатор истиқболли лойиҳалар амалга тадбиқ этилмоқда. Бошқарув раисининг топшириғи билан тармоқ заводларида атмосферага зарарли газларни чиқаришни қисқартириш, карбонат ангидрид газидан янги юқори қўшилган қийматдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича чора-тадбирларни белгилаб олувчи тезкор ишчи гуруҳ ташкил қилинди. Ушбу ишчи гуруҳ томонидан СО2 газидан маиший сода ва қорамолчилик учун протеин озуқасини ишлаб чиқариш каби лойиҳаларни амалга ошириш таклифлари берилди.
Жорий йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳамкорлигида СО2 газни атроф муҳитга етказадиган зарарини камайтириш ва юқори қўшилган қийматдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида “Uz-Kor Gas Chemical” қўшма корхонасида “Карбонат ангидрид газидан маиший сода ишлаб чиқариш” лойиҳаси амалга оширилди.
Унга кўра корхонадан чиқадиган карбонат ангидрид гази узунлиги 15 км бўлган қувур орқали “Қўнғирот сода заводи” МЧЖ ҚКга етказилиши натижасида бир йил давомида чиқадиган 35 минг тонна карбонат ангидрид газидан озиқ овқат ва қишлоқ хўжалиги учун ўта зарур бўлган қўшимча 20 минг тонна натрийли ва кальцийли маиший сода маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Лойиҳа доирасида мутахассислиги бўйича ёш кадрлар учун қўшимча 20 дона юқори маошли янги иш ўринлари яратилиб, умумий қиймати 6 млн АҚШ доллари бўлган маҳсулот ишлаб чиқаришга эришилди. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг асосий қисми экспортга йўналтирилмоқда.
Бу эса, ўз навбатида “Uz-Kor Gas Chemical” қўшма корхонасининг Орол ва Қорақалпоғистон ҳудудида карбонат ангидрид газларининг ҳудуд экологиясига етказадиган таъсирини минималлаштирди.
Натижада заводнинг экологик хавфсизликни таъминлаш бўйича давлат ва халқаро талабларни бажарилишини таъминлаш билан бир қаторда ҳудуднинг иқтисодий кўрсаткичларини юксалишига ижобий таъсир кўрсатади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|