February 19, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: Давлат Солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда “Савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари”га риоя этилишига оид семинар ўтказилди

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2021 йил 4 октябрдаги [ПҚ-5252] қарори билан сотиб олувчига чекларни ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатларни бермасдан товарларни сотганлик ва хизматлар кўрсатганлик, қалбаки маркировка қўлланилганлиги ёки маркировка мавжуд эмаслиги тўғрисида солиқ органларига махсус дастур орқали хабар берган жисмоний шахсларга ундирилган жариманинг 20 фоизи миқдорида мукофот тўланиши йўлга қўйилди.

Шунингдек, Чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларида харидни амалга ошириб, харид чекини мобиль иловада рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларга ой якуни билан харид суммасининг 1 фоизи қайтарилиши йўлга қўйилди.

Хабарингиз бор, “Ўзбекнефтгаз” АЖ “UNG Petro” корхонаси Республикамиз аҳолисини нефть маҳсулотлари билан таъминлаб келмоқда. Корхона 100га яқин автомобилларга ёқилғи қуйиш шоҳобчалари орқали автобензин ва дизель маҳсулотларини чакана савдо орқали тарқатиш бўйича хизмат кўрсатади.

Аҳолига сифатли автобензин ва дизель маҳсулотларини етказиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, корхонада савдо ҳамда хизмат кўрсатиш қоидаларига қатъий риоя этилади.

Автомобилларга ёқилғи қўйиш шохобчалари масъуллари ва ишчи ходимларини “Савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари”га риоя этишларини таъминлаш, қоидабузарликларни олдини олиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда семинар ташкиллаштирилди.

Унда, Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармасининг Сайёр солиқ текшируви шуъбаси масъуллари Аҳрор Аҳмедов, Акмал Каримов, “UNG Petro” корхонаси директори Мирзоҳид Мусаев ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этиб, солиқ қонунчилиги соҳасида сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари ҳамда Солиқ кодекси мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Семинарда чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш, замонавий ахборот ечимларини жорий этиш, иқтисодиётда хуфиёна айланмага барҳам бериш, ушбу соҳада таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратилиши кенг муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш лозимлиги, уларнинг меҳнат қонунчилигида белгиланган қоидаларга риоя қилишлари, савдо фаолиятини олиб боришда амалдаги қонунчилик талабларига тўла риоя этишлари тушунтирилди.

Шунингдек, семинарда иштирок этган “UNG Petro” корхонаси директор ўринбосари, Бош муҳандис, бўлим бошлиқлари, “UNG Petro” корхонаси қарашли АЁҚШларнинг бош операторлари иштирок этиб, соҳа мутахассисларига Солиқ соҳаси бўйича ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этишди.

Учрашувда электрон ҳисобварақ-фактура ҳамда маҳсулот ва хизматларнинг ягона классификатори тизимида янги имкониятлар яратилганлиги ҳам алоҳида таъкидланди.

Иштирокчиларга мутахассислар томонидан соҳага татбиқ этилаётган янги рақамли хизматлардан фойдаланиш тартиблари тўғрисида тушунчалар берилди.

Семинар учрашув очиқ мулоқот тарзида ўтиб, долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари, таклиф ва ташаббуслар муҳокама қилинди. Ўртага ташланган таклифлар, соҳа фаолиятига тўсиқ бўлаётган айрим салбий ҳолатларни бартараф этиш юзасидан аниқ кўрсатма ва амалий ечимлар берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|