February 15, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: Қашқадарё вилоятида “Ниёз” янги газ кондесат кони очилди (Видео)

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Uzbekistan GTL” заводининг очилишига ташрифи давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевга берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор истиқболи майдонларда нефть ва газ геология-қидирув ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Бошқарув раиси бошчилигида амалга оширилаётган геология-қидирув ишлари натижасида 2022 йилнинг 12 февралида Қашқадарё вилоятининг Ғузор тумани ҳудудида “Ниёз” янги газ конденсат конини очишга муваффақ бўлинди.

“Ниёз” майдонидаги 1-сонли излов қудуғини бурғилаш ишлари 2021 йилнинг 25 мартида бошланган бўлиб, қудуқни 3435 метр чуқурликгача бурғилашга эришилди. Унинг 3236–3293 метр чуқурлигидаги қатламларини махсулдорликка синаш натижасида саноат аҳамиятига эга бўлган табиий газ ва газ конденсат оқимлари олинди. Ўтказилган дастлабки таҳлилларнинг натижаларига кўра, қудуқдан кунлик 43 минг куб метр табиий газ ва 7,3 куб метр газ конденсати қазиб чиқарилмоқда.

Ҳозирги вақтда янги кондаги 1-сонли қудуқдан олинаётган углеводородларнинг ҳажмларини аниқлаштириш, қудуқдан табиий газ ва газ конденсати маҳсулотларини қазиб олиш ҳажмларини кўпайтириш, кон бўйича келгуси истиқболли ишлар дастурини ишлаб чиқиш, заҳираларнинг тарқалиш майдонини баҳолаш ҳамда саноат миқёсидаги қазиб чиқариш имкониятларини аниқлашга қаратилган бир қатор тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

Шу билан бир қаторда, келгусида “Ниёз” конида геология-қидирув ишларини жадаллаштириш ва коннинг мавжуд заҳираларини самарали ўзлаштиришни ташкил қилиш мақсадида навбатдаги 2-сонли излов қудуғини лойиҳавий 3900 метр чуқурликга бурғилаш бўйича тайёргарлик ишларига старт берилди.

2022 йил якунига қадар ушбу кон ҳудудида геология-қидирув ишларини амалга ошириш орқали унинг чуқур ер ости тузилиши мукаммал ўрганиш ва барча ер ости параметрларига аниқлик киритиш, табиий газ ва газ конденсати хом ашёси мавжуд бўлган барча қатламларнинг рақамли форматдаги “3Д” геологик моделлари яратиш ҳамда 2-сонли қудуқни маҳсулдорликка синаш натижасида 1,0 млрд куб метр миқдорида табиий газ заҳираларини ўстириш мақсад қилинган.

Янги очилган “Ниёз” кони “Тарнасой”, “Бўзахўр”, “Таввакал”, “Жанкара” ва “Жанубий Тандирча” каби конларнинг яқинида ва саноат инфратузилма объектларига яқин жойлашганлиги, ушбу кондан маҳсулот қазиб чиқаришни қисқа муддатларда ташкил этиш имконини беради.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан янги очилган ушбу кондан қазиб олинадиган углеводород маҳсулотлари биринчи навбатда Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқларини барқарор равишда табиий газ маҳсулоти билан таъминлашга ва уларнинг ёқилғи-энергетика ресурсларига бўлган талабини қондиришга йўналтирилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассисларининг фикрига кўра, янги кон келгусида ушбу ҳудудда нефть ва газ геология-қидирув ишларини жадаллаштириш ҳамда янги табиий газ конларини очиш бўйича ишларни жадаллаштириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Ўзбекистон Республикасининг Устюрт минтақаси, Бухоро ва Қашқадарё вилоятлари ҳамда Фарғона водийсида жойлашган майдонларда янги нефть ва газ конларини очишга қаратилган геология-қидирув ишлари давом этмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|