February 9, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: Сорбентларни қайта тиклаш орқали уларни импортини қисқартириш бўйича ўтказилган тажриба синовлари муваффаққиятли якунланди

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 августдаги ПҚ–4812-сонли “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ “Ўзбекнефтгаз” АЖ эҳтиёжлари учун зарур бўлган маҳсулотларни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб бериш, импортни қисқартириш ҳамда иқтисодий тежамкорликка эриши бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғи асосида “Сорбент тренд” МЧЖ томонидан саноат чиқиндиларини қайта ишлаш орқали улардан тайёр маҳсулот олиш ҳамда тегишли маҳсулотлар импортини қисқартириш бўйича йўл харитаси тузилган бўлиб, унга кўра саноат-тажриба синовлари олиб борилди.

Йўл харитасига асосан Муборак газни қайта ишлаш заводида сорбентлар фаоллигини тиклаш (регенерация қилиш) бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда. Тадқиқот давомида активлаштирилган кўмир ҳамда NaA ва CaA цеолитларини қайта тиклаш кўзда тутилган.

2021 йил давомида Ўзбекистон кимё-фармацевтика илмий тадқиқот институти (ЎзКФИТИ) томонидан қайта тикланган активлаштирилган кўмирни лаборатория синовлари муваффаққиятли ўтказилиб, маҳсулот Муборак ГҚИЗда саноат-тажриба синовларига йўналтирилди.

Мазкур синовлар доирасида “Сорбент тренд” МЧЖ томонидан тақдим этилган қайта тикланган АГ-3 маркали активлаштирилган кўмир Муборак ГҚИЗнинг 4-цех 17-қурилмасида жойлашган “ФАУ-1” ускунасига юкланиб саноат-тажриба синовлари амалга оширилди.

Саноат-тажриба синов натижаларига кўра, “ФАУ-1” фильтр аппаратининг кириш ва чиқиш қисмидан олинган 10 та тахлил натижалари “Тs 39.2-22:2017” “Амин эритмаларининг кўпикланиш интенсивлигининг ўлчашларини бажариш тартиби” тармоқ стандартига мувофиқ таҳлил қилинганда метилдиэтаноламин (МДЭА) қоришмасининг кўпикланиш баландлиги ва вақти камайганлиги қайд этилган.

Дастлабки натижаларга кўра, тегишли ишчи гуруҳ томонидан “ФАУ-1” ускунасида ишлатилган (регенерация) қилинган активлаштирилган кўмир текшириб кўрилди ва синов натижасига кўра ижобий хулоса олинганлиги тасдиқланиб тегишли далолатнома расмийлаштирилди.

Олиб борилган изланишлар натижасида ушбу сорбентларни қайта фаоллаштириш натижасида корхона фойдасига ҳар бир сорбентнинг тоннасида камида 50 фоиз миқдорида иқтисод қилишга эришиш имкони юзага келади.

Келгусида “Сорбент Тренд” МЧЖ билан NaA ва CаA маркали цеолитларни регенерациялаш ҳамда қайта фаоллаштириш бўйича ишлар олиб борилиши режалаштирилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|