February 23, 2022

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг ҳафталик фаолияти: Нефть ва газ соҳасида амалга оширилган ишлар сарҳисоби! (Фото)

Бош саҳифа Русский

Ўтган ҳафтада “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев томонидан соҳани ривожлантириш йўлида қандай ишлар амалга оширилди?

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев Россиянинг энг йирик универсал банкларидан бири бўлган, Марказий ҳамда Шарқий Европадаги банклар рўйхатида хусусий капитали бўйича етакчи ўринни эгаллаган “Газпромбанк” АЖ Бошқаруви раиси ўринбосари Алексей Матвеев билан учрашди ва ўзаро иккитомонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама
қилинди.

Учрашувда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси “Газпромбанк” вакилларига миннатдорчилик билдириб, айни ҳамкорларнинг бевосита қўллаб-қувватлаши билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ жаҳон рейтингида юқори поғоналарга кўтарилб бораётгани, нуфузли агентликларидан корпоратив рейтингларга эга бўлгани ҳамда дебют евробондлар ҳам чиқарилишга эришилганини қайд этди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари жамиятга қарашли конларда газ қазиб чиқаришни кўпайтириш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар ва амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича ишларни ўрганиш мақсадида Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг “Шўртан” конида бўлди.

Бошқарув раиси коннинг энг қуйи қатламларини ўзлаштириш мақсадида, янги бурғиланаётган “Терриген-1” юра қудуғида олиб борилаётган ишларни кўздан кечирди. Шу ернинг ўзида Бошқарув раиси бошчилигида масъул раҳбар ва тегишли департамент бошлиқлари билан бурғилаш ишлари ҳолати муҳокама қилиниб, ишларни жадаллаштириш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, ўрганиш давомида “Шўртан” кони газ йиғув пунктларидан мавжуд газни тайёрлаш қурилмаларигача бўлган қувурларда газ босими йўқотилишининг олдини олиш ва қазиб олинаётган газни дастлабки тайёрлаш мақсадида янги барпо этилаётган 20-, 24-сонли газ йиғув пунктлари учун Газни дастлабки тайёрлаш қурилмасининг қурилиш жараёнлари ўрганилди.

Айни пайтда “Шўртан” кони ҳудуди тарихда илк бор 4750 метр қуйи терриген қатламигача тушиш ва шу чуқурликка қадар бурғилаш ишлари амалга оширилмоқда. “Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари” корхонасининг мутахассислари ва ишчи-ходимлари узлуксиз иш олиб бориб, ҳар куни 120 метргача масофани бурғилашмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ҳамда Президент таълим муассасалари агентлиги директори Ҳилола Умарова томонидан “Uzbekistan GTL” заводида ўзаро ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.

Агентлик ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўртасида имзоланган Меморандумда нефть- газ соҳасида таълим сифатини ошириш, ўзаро ҳамкорлик, назарий ҳамда амалий билимлар алмашиш, тажриба алмашиниш, мутахассислар, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш соҳасида ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш белгилаб қўйилди.

Шунингдек, томонлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ўрнатиш орқали назарий ва амалий билимларни уйғунлаштириш, нефть ва газ соҳаси учун зарур бўлган етук кадрларни биргаликда тайёрлаш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президент таълим муассасалари агентлиги директори бошчилигида, Агентликнинг масъул ходимлари, “Янги Ўзбекистон” университетининг ўқув ишлари бўйича биринчи проректори, техника фанлари доктори, профессор Элёр Жумаев ҳамроҳлигидаги профессор ўқитувчилар, талабалар “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги “Uzbekistan GTL” заводи фаолияти ва Қашқадарё вилоятида табиий газ қазиб чиқарилишидан қайта ишлашгача бўлган тўлиқ жараён билан яқиндан танишдилар.

Бундан ташқари, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси томонидан Бошқарув раиси ўринбосарлари, департамент ва алоҳида бўлим бошлиқлари иштирокида йиғилишлар ўтказилди. “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси тизимдаги корхоналарда молиявий ва комплаенс назорати йўналишида коррупция, иқтисодий жиноятларга қарши курашишга, уларни келгусида йўл қўйилишини олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар ўтказиш кераклиги бўйича топшириқлар берди.

Шунингдек, аниқланган ўзлаштириш, талон-тарож ҳолатлари бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар билан самарали ҳамкорликни давом эттириш борасидаги вазифаларни белгилаб берди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|