“Ўзбекнефтгаз”: “Сиқув компрессор станциядаги газ ҳайдаш агрегатлари таъмирланмоқда
Бош саҳифа
Русский
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан бошқарма ва корхоналарда углеводородларни қазиб чиқариш режасини бажарилишини ва сиқув компрессор станцияларни барқарор ишлатиш ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини тиклаш мақсадида қатор чора-тадбирлар олиб боирилмоқда.
Хусусан, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “ДКС-УППБС” сиқув компрессор станциядаги 3-,4-,5-,6-сонли газ ҳайдаш агрегатларида регламент ва таъмирлаш ишлари ички имкониятларидан фойдаланган ҳолда олиб борилди.
Ушбу сиқув компрессор станциясининг асосий вазифаси Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасидаги Пропан-бутан аралашмасини ажратиб олиш қурилмаларининг 1-,2-,3-,4-,5-навбатларидан чиқаётган тоза газ босимини кўтариб, магистраль газ қувурларга узатишдан иборатдир.
Шунингдек сиқув компрессор станциясидаги газ ҳайдаш агрегатларига кираётган табиий газ босимини бир меъёрдан ушлаб туриш орқали бошқарманинг пропан ишлаб чиқиш бўйича режасини ўз вақтида бажарилишини таъминлайди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, газ ҳайдаш агрегатларини биттасини тўхтаб қолиши кунига 2,5 миллион куб метрга яқин тоза газ, 25 тонна суюлтирилган газ ҳажмининг қисқаришига олиб келади.
Шуни ҳисобга олган ҳолда 3-,4-,5-,6-сонли газ ҳайдаш агрегатида регламент ва таъмирлаш ишларини навбатма-навбат тезкор равишда ўтказиш талаб этилади. Ушбу ишларни амалга ошириш учун “ДКС-УППБС” сиқув компрессор станцияси газ ҳайдаш агрегатларида ўрнатилган газ турбинали двигателлар ва компрессорларда регламент ва таъмирлаш ишлари ишлаб чиқарувчи заводнинг таъмирлаш ишларини ўтказиш йўриқномасига асосан станция муҳандис ходимлари томонидан амалга оширилмоқда.
Регламент ва таъмирлаш ишларида ўтказиш жараёнида газ турбинали двигателларнинг ички қисми махсус ювиш восита ёрдамида юмшатилган сув билан ювилади. Двигателни ҳаво, ёқилғи ва мой фильтрлари тўлиқ алмаштирилади. Двигатель ва компрессорнинг барча асосий ва ёрдамчи ускуналари тўлиқ текширилади. Шунингдек, таъмирлаш жараёнида бир қанча техник жиҳатдан мураккаб бўлган ҳисоблашлар ўтказилиб, созлаш ишлари олиб борилади.
Натижада газ ҳайдаш агрегатларини узлуксиз, бир меъёрда ишлаши таъминланишига ҳамда табиий газ қазиб олиш ҳажмининг қисқаришини олдини олишга эришилди. Шунингдек, регламент ишларини бажариш ва газ ҳайдаш агрегати фавқулотда аварияли ҳолатда тўхтаб қолган вақтда газ қисқаришини олдини олиш мақсадида қисқа муддатда ишга қўшиб юбориш учун захира агрегати билан таъминланади.
Маълумот учун: “ДКС УППБС” сиқув компрессор станцияси Қашқадарё вилояти Ғузор тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, 8 та газ ҳайдаш агрегатлари мавжуд ва йилига 16 млрд куб метр табиий газни ҳайдаб бериш қувватига эга.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|