October 22, 2020

“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси “GTL Uzbekistan” қурилиш майдонида бўлиб, “ENTER Engineering” компанияси масъуллари ва ишчи-ходимлари билан суҳбатлашди (Фото)

Қашқадарё вилояти Ғузор тумани ҳудудида қурилиши давом этаётган GTL заводида бўлиб ўтган воқеа-ҳодисалар ортидан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев қурилиш майдонида бўлди.

Бошқарув раиси қурилиш ишларида Бош пудратчи бўлган “ENTER Engineering” компанияси масъуллари билан учрашиб, ҳодисаларнинг асл сабабини ўрганди.

Бундан ташқари, норозилик билдирган ва воқеалар жараёнида иштирок этган ишчилар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларни қийнаётган масалалар атрофлича ўрганилди.

Ишчиларнинг қатор чиқишларида билдирилишича, уларни ташвишга солаётган асосий муаммо, қатъий карантин чора-тадбирларининг бекор қилиниши, яъни вахта усулида ишлаш тартиби – объектда 22 кун ишлаш ва 8 кун дам олишга ўтказилиши эканлиги маълум бўлди.

Пандемия даврида 40–45 кун давомида объектдан чиқмай ишлаш тартиби ўрнатилиб, бу ўз навбатида уларнинг яқинлари билан кўп вақт кўришмаслигига олиб келгани, ошхонадаги узун навбат, сифатли овқатланиш масалаларида камчиликлар мавжудлиги қайд этилди.

Олиб борилган муҳокамалар ҳамда ўзаро суҳбатлар натижасида аниқланган камчиликларнинг қисқа фурсатда бартараф этилиши ва келгусида бундай кўнгилсиз ҳодисаларнинг рўй бермаслиги учун вазифалар белгилаб олинди.

Ташриф давомида ушбу ҳодисалар қурилиш ишларининг боришига халақит бермаслиги ҳамда ишчилар учун барча қулай шароитларни яратилиши бўйича Бош пудратчи бўлган “ENTER Engineering” компанияси масъуллари билан келишиб олинди.

Таъкидлаш керакки, ушбу воқеалар ортидан қурилиш майдонига Энергетика вазири, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, Қашқадарё вилояти ҳокими, “Ўзбекнефтгаз” АЖ вакиллари ташриф буюриб, муаммоли масалаларни ўрганди.

Ишчиларда йиғилиб қолган норозиликларни ўрганиш ва уларни ҳал этиш мақсадида Қашқадарё вилояти ҳокимияти, “ENTER Engineering” компанияси касаба уюшмаси, Энергетика вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ вакилларидан иборат махсус “Ишчи гуруҳ” тузилиб, доимий равишда муаммоли масалаларни ўрганиш белгилаб олинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt |facebook |instagram |telegram|vk.com|YouTube|twitter|