“Ўзбекнефтгаз”: Журналист, блогер ва жамоатчилик вакиллари учун Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига Пресс-тур ташкил этилди
Бош саҳифа
Русский
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ташаббуси билан 2022 йилнинг 29-30 январь кунлари Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси фаолияти билан ОАВ вакиллари, блогерлар ва жамоатчиликни яқиндан таништириш мақсадида Пресс-тур ташкил этилди.
Таъкидлаш жоизки, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида сўнгги йиллар давомида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Бошқарма томонидан 2021 йилда 9,0 млрд куб метрдан ошиқ табиий газ қазиб чиқарилди ҳамда жорий йилда бундан ҳам каттароқ марралар кўзланган.
Бошқарув раиси ташаббуси билан Қашқадарё аҳолисини газ билан таъминлаш мақсадида фаолияти тўхтатилган паст босимли қудуқлар ҳам ишга қўшилмоқда.
Айни пайтда “Номозбой” конидаги паст босимли қудуқлардан газ қазиб олишни қайта йўлга қўйиш учун Газни дастлабки тайёрлаш қурилмаси ҳамда Цеолит ёрдамида газни қуритиш қурилмаси ҳам қуриб ишга туширилган.
Пресс-тур дастурига кўра дастлаб ОАВ вакиллари ушбу лойиҳа доирасида ишга туширилган қурилмалар фаолияти билан танишдилар. Ғузор тумани аҳолисини газ билан таъминлаётган қурилмалар, кон ва қудуқларга ташриф буюришди.
“Номозбой” газ конденсат конининг паст босимли қудуқларидан қазиб олинаётган табиий газ ушбу қурилмаларда тайёрланиб, 3,5 км узунликдаги, диаметри 114 мм ли газ қувури орқали “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг Ғузор газ тақсимлаш станциясига етказиб берилмоқда.
Маълумот учун: “Номозбой” газ кони Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида жойлашган. Кондан 2014 йилдан бошлаб саноат миқёсидаги табиий газ қазиб олинмоқда.
Журналистлар томонидан бошқармага қарашли “Шўртан” конининг энг қуйи қатламларини ўзлаштириш мақсадида, янги “Терриген-1” юра қудуғини бурғилашга тайёргарлик жараёнлари ҳам ўрганилди.
Таъкидлаш керакки, 2021 йилда “Шўртан” кони ҳудудида “3D” сейсмик-қидирув ишлари олиб борилди ва коннинг имкониятлари синчковлик билан таҳлиллар асосида муҳокама қилинди.
Натижада, 300 дан ортиқ қудуқларнинг маълумотлари таҳлил қилиниб, комплекс рақамли моделлаштириш асосида янги “Терриген-1” қудуғини бурғилаш учун асос яратилди.
Айни пайтда “Шўртан” кони ҳудуди тарихда илк бор 4750 метр қуйи терриген қатламигача тушиш ва шу чуқурликка қадар бурғилаш ишлари амалга оширилмоқда.
“Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари” корхонасининг мутахассислари ва ишчи-ходимлари узлуксиз иш олиб бориб, ҳар куни 120 метргача масофани бурғилашмоқда.
Журналист, блогер ва халқ вакиллари “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 2022 йилда бошқарма тасарруфидаги конларда амалга ошириладиган бурғилаш жараёнлари, янги очиладиган қудуқлар ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлишди.
Пресс-тур ўз ишини давом эттирмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|